Дунё янгиликлари

БМТ: Жамол Қошиқчи иши суд эмас, пародия

Чоп этилди Dekabr 24, 2019 БМТ: Жамол Қошиқчи иши суд эмас, пародияda fikr bildirishni o'chirish

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари Саудия Арабистонининг беш фуқароси журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида айбдор деб топилиб, ўлим жазосига маҳкум этилганини танқид остига олди.
Судсиз қатллар бўйича махсус маърузачи Аньес Каламар Саудия Арабистонида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган суд жараёнини «судга пародия» деб атади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса мустақил ва холис тергов ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

Саудия Арабистонида журналистни ўлдиришда айбдор деб топилган беш кишига ўлим жазоси тайинланган, уч киши эса жами 24 йилга озодликдан маҳрум этилди. Яна уч киши, хусусан, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг шахсий маслаҳатчи оқланди.
«Халқаро ҳуқуққа кўра, жаноб Қошиқчининг ўлдирилиши судсиз қатл ҳисобланади ва бунинг учун жавобгарлик давлатнинг бўйнидадир, – дея ёзди Аньес Каламар Твиттердаги саҳифасида. – Аммо суд давлатни ҳатто жавобгар деб ўйламади ҳам”.

Журналист Жамол Қошиқчи ўтган йилнинг октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига кириб кетиб, қайтиб чиқмаган. У ўша ерда ўлдирилган, аммо жасади топилмади. Каламарнинг айтишича, Саудия Арабистонидан келган 18 киши 10 кундан ошиқ вақт давомида жиноятнинг изларини яшириш билан шуғулланган.

“Судланганлар буйруқни бажаришганини бир неча бор айтишди, – дейди Аньес Каламар. – Прокурор эса Жамол Қошиқчини ўғирлашни валиаҳд шаҳзоданинг шахсий маслаҳатчиси Сауд Каҳтоний талаб қилганини очиқ-ойдин айтди. Бироқ у озодликда”.

Шунингдек, махсус маърузачи консуллик биносини жиноят жойига айлантиришга рухсат берган консулнинг ҳам оқланганини танқид қилди.
“Қотилликнинг ижрочилари жазоланди ва ўлимга маҳкум этилди. Буюртмачилар эса шунчалик озодликда эмас, тергов ва суд уларни деярли безовта қилмади. Бу одил судлов тушунчасига мутлақо зид, суд устидан кулишдир”, – дея ёзди Каламар.

Бундан ташқари, Саудия Арабистонида бўлиб ўтган судни Туркия ҳам танқид қилди. Туркия бош прокуратураси Жамол Қошиқчи аввалдан режалаштирилган қотилликнинг қурбонига айланганини айтган ва Анқара айбдорлар Туркияда судланишини талаб қилган эди.