Ғазабни ютиш
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир…” (Оли Имрон, 134).
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: «Сенинг рози бўлганингни ҳам, жаҳлинг чиққанини ҳам биламан», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, буни қандай биласиз?» дедим. У зот: «Рози бўлганингда, “Ҳа, Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг Парвардигорига қасам”, дейсан. Аразлаганингда: “Йўқ, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Парвардигорига қасам”, дейсан», дедилар. Мен: «Шундай, фақат номингизнигина айтмайман, холос», дедим (Имом Бухорий).
Оилавий муносабатларда ёки бошқа ҳолатларда бўлсин, баъзида инсоннинг жаҳли чиқиши, хафа бўлиши табиий. Бироқ бу нарса бировни ичдан ёмон кўришга ё аразлаб юришга сабаб бўлмаслиги лозим.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни рашк қилиб баъзида жаҳли чиқса ҳам билдирмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳис-туйғуларини сўзларидан фаҳмлаганлар. Ҳабибимиз гўзал хулқли, юксак фаросатли эдилар – аёлларининг кўнглида нималар кечаётганини гапларидан илғаб, вазиятни ўз ўрнида юмшатишга уринардилар. Бу ҳолда Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: “Тўғри айтдингиз”, дейдиган бўлса, у зотга оғир ботиши мумкин эди. Ойша онамиз ҳамма вақт кўнглим сизда деган маънода “…фақат номингизнигина айтмайман, холос” деб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дилларини шод қилди. Бу эр-хотин муносабатининг олий намунасидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким ўч олишга қодир бўлиб, ўч олмасдан, ғазабини босса, қиёмат куни Аллоҳ таоло барча халқлар кўз ўнгида ўша бандани чақириб, жаннат ҳурларидан хоҳлаганини танлашга ихтиёр беради”. Яна бир ривоятда Абу Умома Боҳилий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Ким ўч олишга қодир бўлиб, ўч олмасдан, ғазабини босса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ризо билан тўлдиради”. Яна бир ҳадисда: “Аллоҳнинг наздида, Унинг розилиги йўлида ғазабини ютган банданинг савобидан каттароқ савоб йўқдир”, дедилар.
Бундай хислатга эга бўлишимиз учун Сарвари коинот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олиш лозим. Зеро, Аллоҳ таоло:
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни мақтаган. У кишининг ҳаётлари ҳамиша биз учун намунадир. Жумладан:
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга кетаётган эдим, у зот устиларига қалин ҳошияли нажроний тўн кийиб олгандилар. Шу пайт бир аъробий келиб, бирданига тўнларидан қаттиқ тортди, шунда ҳалиги тўннинг чеккаси Расулуллоҳнинг бўйинларини қийиб юборганини кўрдим, сўнг у бундай деди: “Эй Муҳаммад, айт, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга берсинлар! Расулуллоҳ унга қайрилиб қарадилар-да, жилмайдилар ва унга молдан беришни буюрдилар”.
Икки олам Сарвари ҳадисларида ҳақиқий мулойимлик, мардлик ва баҳодирлик фазилатлари ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ичингизда кимни баҳодир деб ҳисоблайсизлар?” дедилар, саҳобалар: “Курагини ҳеч ким ерга теккизолмаган кишини”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шундайку-я, лекин ҳақиқий баҳодир – ғазаби келган вақтда ўзини босган кишидир”, дедилар.
Абу Саид Худрийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, ғазаб ўтдан учқундир. Кимга ғазаб келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, агар ўтирган ҳолда ғазаби босилмаса, ётиб олсин, агар ётиб олган тақдирда ҳам ғазаби сўнмаса, тупроққа юмаласин”.
Яна Абу Саид Худрий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ғазабдан сақланинглар. Албатта, у инсон қалбидаги алангадир. Кўрмайсизми, биронтангизга ғазаб келган вақтда кўзлари қизариб, бўйин томирлари бўртиб чиқади. Сизлардан биронтангиз озгина ғазаби келганини сезса, ерга ётиб олсин”.
Луқмони Ҳаким бундай деганлар: “Уч киши бор, фақат уч ўринда билинади: ҳалим киши ғазаби келганида, шижоатли киши курашда, дўст эса эҳтиёж тушганида”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм