“Вақф” фонди Жиззахда хайрия тадбири ўтказди
“Вақф” хайрия жамоат фонди юртимизда амалга оширилаётган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган тоифаларини моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш тадбирларида фаол иштирок этаётир. Жиззахда ана шу мақсадга йўналтирилган навбатдаги тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Жиззах вилоятида бўлиб, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Сафар давомида жоме масжидлари имом-хатиблар ва имом ноиблар билан мулоқот ўтказилди. Учрашувларда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотларда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жиззах политехника институти мажлислар залида вилоятдаги диний жамоалар вакиллари билан бўлган учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан имом-домлаларга Қуръони карим китоблари туҳфа этилди.
Сафарлар давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари ташкил этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўнгли ўксик фуқароларга саховат кўрсатилди.

Жумладан муфтий бошчилигида тадбир ташкилотчилари уйма-уй юриб, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинди.
Ш.Рашидов туманидаги “Шоҳсарой” тўйлар масканида эҳсон оши тарқатилди. Тадбир доирасида 90 нафар кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бўлган 7 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари берилди. “Меҳр” операцияси давомида хориждан олиб келинган бир ўсмирга микротўлқинли печ, яна бир фуқарога телевизор совға қилинди.
Хайрия тадбирларида болаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига қишки кийимлар тарқатилди.
