Аёлларнинг илм ўрганишдаги насибаси қандай?
Уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби эканига ижмо қилишган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ким у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124), “Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).
Аёлларнинг ҳам таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар далил бўлади. Имом Термизий, Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта, ё олтита, ё иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ва уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.
Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни бир аёл келиб: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб, уларга таълим бердилар.
Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай келади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар (розияллоҳу анҳо) жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрганган эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Шифони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўлса, бошқаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўргатишини талаб қиладилар.
Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун, турли кўз касалликларини аниқлаб, даъвосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофиъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ва адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган. Шариат аёл кишининг дини ва дунёсига фойда берадиган таълимни ўрганишга изн берар экан, уларни эркаклардан ажралган ҳолда бошқа-бошқа ўқитишни таъкидлайди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 24000 сўм