Болалар

Шайх Зуннуни Мисрийнинг ўгити

Чоп этилди Dekabr 27, 2019 Шайх Зуннуни Мисрийнинг ўгитиda fikr bildirishni o'chirish

Зуннуни Мисрий ҳазратлари дейдиларки: Шу ўгитларни тутган кишининг дунёси ва охирати обод бўлади.
 
Меъдаси овқат билан тўла кишининг кўнглидан илму ҳикмат жой олмайди.
 
Гуноҳ қилишдан сақланган кишиларга муждалар бўлсин!
 
Гуноҳлардан сақланмоқ йўли – кам емоқдир.
 
Оз емоқ, кўп зикр этмоқ Аллоҳ ризосига яқинлаштиради.
 
Аллоҳдан қўрқиш аломати – қуйидагилардир:
 
1. Ҳар бир ишни яхши ниятда бошламоқ.
 
2. Нафс билан курашиб, уни енгиш.
 
3 Ўлимни жуда яқин билиб, сўнгги нафасида имон билан кетиш учун диққат-эътибор ва андишали бўлиш.
 
4. Ҳар нарсадан Аллоҳ ризосини устун қўймоқ. У рози бўлмайдиган нарсалардан узоқ турмоқ.
 
5. Бидъатларни, динга кейинчалик суқилиб қолган нарсаларни ташлаб, суннат бўлган амалларни бажариш.
 
6. Ҳеч бир гуноҳни кичик ҳисобламаслик.
 
Аллоҳ ризосини кўзлаганлар ва излаганлар бу олти нарсага амал қилсин!
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
 
«Бир киши зикр ва дуо мажлисида бўлиб, бирга зикр этиб, дуолар қилса, Аллоҳ ўша кишини зикр ва дуо аҳли сифатида қабул қилиб, ҳимоясига олади. Аллоҳ ҳимояси остига олган кишини эса асло жазолантирмайди».
 
Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар:
 
«Аксирган киши «Алҳамдулиллаҳ» деганида Аллоҳ у кишини етмиш хил ғам-қайғу ва фалокатдан сақлайди».
 
Аллоҳ ҳузурида шу тўрт калимадан севимлироқ бир нарса йўқ. Бир киши бу тўрт калимани шому саҳар юз мартадан ўқиса, барча хоҳишу истакларига етади. Аллоҳ шу дуо ҳурматидан ўша кишининг охират муродини ҳам беради. Мана ўша тўрт калима:
 
«Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи. Ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм.
 
Яна бир тасбеҳ мана бундай тарзда:
 
«Субҳаналлоҳи ва би ҳамдиҳи субҳаналлоҳил азийм».
 
Бир киши ихлос билан шу тасбеҳни шому саҳар юз мартадан айтса, Аллоҳ ўша кишига қабул бўлган юз ҳаж савобини беради.
 
Иймон беш бурчли қалъага ўхшайди.
 
Биринчи буржи олтиндан, иккинчи буржи кумушдан, учинчи буржи пўлатдан, тўртинчи буржи тунж (бронза, руҳ) дан, бешинчи буржи мисдан.
 
Қалъа ичига ўғри кирса, қимматли нарсаларни ўмаради. Иймон қалъасининг ўгриси – шайтон.
 
Мис буржи – адабдир. Адаб бўлмаган жойга шайтон киради. Адаб буржига шайтон йўллай олмайди. У зотнинг иймони озод, нажот топади. Пўлат деганимиз вужуд, темир деганимиз тандир. Тунж деганимиз фарздир. Кумуш деганимиз – ихлос. Олтин деганимиз – Аллоҳга яқинлик.
 
Кимнинг адаби бўлса, суннатга йўл топади.
 
Суннатга амал қилган ихлосга йўл топади. Ихлосли киши Аллоҳга яқинлашади. Яқинликка эришган эса Аллоҳга восил бўлади.
 
Адабга эътибор этмаган суннатдан узоқ қолади. Суннатга аҳамият бермаганнинг фарзи қусурли бўлади. Фарзи қусурли бўлганнинг самимияти бўлмайди.
 
Берганини Аллоҳ розилиги учун берган, севганини Аллоҳ ризоси учун севган, севмаганини тағин Аллоҳ ризолиги учун севмаган кишининг иймони комилдир.
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
 
«Эй, севимли ашобим! Қиёматгача келгувчи умматларим! Одоби, хулқ-атвори, тарбияси, табиати гўзал бўлиб, инсонларга яхшилик қилувчингиз сизларнинг иймонда мукаммалингиздир».
 
Ҳақиқатан бу тўғрида Аллоҳ марҳамат этади:
 
«Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят).
 
Бу оятда Аллоҳ Ҳабибини васф этмоқда, мақтамоқда.
islom.uz