Мулойим сўзлаш
Ҳақиқий солиҳ киши бўлиш учун аввало, ширинсўз бўлиш лозим. Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади:
“…одамларга ширинсўз бўлинг…” (Бақара, 83) ва “Бандаларимга айтинг (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар…” (Исро, 53), яна “Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34). Бу борада бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадислари кифоя қилади: “Албатта, жаннатда ичидан ташқариси, ташқарисидан ичкариси кўриниб турадиган кўшклар бор”. Саҳобалар: “Улар ким учун?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Очларни таомлантирган, сўзини ширин қилган ва одамлар ухлаб ётганида кечалари намоз ўқиган киши учун”, дедилар (Табароний ва Ҳоким ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) камтар, хушфеъл инсон бўлганлар. Мақомларига қарамасдан, бошқалардан ўзларини афзал, улуғ санамасдилар ва одамлар билан ўтириб, бирга овқатланар эдилар.
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарга чиқадиган бўлиб, овқатланиш учун саҳобаларга қўй гўштидан овқат тайёрлашни буюрдилар. Шунда саҳобалардан бири: “Мен қўйни сўяман”, деди. Иккинчиси: “Унда мен қўйнинг терисини шиламан”, деди. Бошқа бирови эса: “Гўштни пишириш менинг зиммамда”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ундай бўлса, мен ўтин териб келаман”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), биз ўзимиз эплаймиз”, дейишди. Шунда Сарвари коинот (алайҳиссалом) бундай деб жавоб қилдилар: “Сизлар бу ишни эплашингизни яхши биламан, аммо мен сизлардан ажралиб туришни истамайман. Албатта, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло дўстларидан ажралиб турган кишини ёқтирмайди”.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Қурайш мушрикларидан кўп озор чекдилар. Вақт ўтиб Макка фатҳ этилди, бутларга сиғиниш тугатилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидда ўтирибдилар. Атрофида эса Қурайш зодагонлари ўзлари устидан Пайғамбар (алайҳиссалом) чиқарадиган ҳукмни қаттиқ қўрқув ва кучли хавотир ила кутиб туришибди. Шунда Муҳаммад (алайҳиссалом) уларга қарата: “Эй Қурайш жамоаси, мен сизларнинг устингиздан қандай ҳукм чиқараман? Нима деб ўйлайсизлар?” дедилар. Улар қаттиқ қўрқув ва синиқ овозда: “Яхшилик билан муомала қиласиз! Сиз шарафли инсонсиз! Сиз шарафли биродаримизнинг ўғлисиз!” дейишди. Хотамул анбиё эса: “Сизлар озодсизлар, кетаверинглар”, дея уларни кечирдилар. Ҳолбуки, у зот мушрикларнинг зулмлари, ёмонликларига яраша жавоб қайтаришга қодир эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай чиройли тадбирлари, яъни, кечиришлари сабаб Макка аҳлининг кўпчилиги имонга мушарраф бўлди. Мулойимлик борасида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га тенг келадиган инсон топилмайди.
Агар кимнинг табиати қаттиқ ва сўзи қўпол бўлса, у киши ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг дуосини қилиши лозим бўлади. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бир куни минбарга чиқиб: “Эй инсонлар, мен дуо қиламан, сизлар омин денглар!” деди ва: “Ё Аллоҳ, мен қўполман, розилигингни ва охират диёрини истаганим ҳолда тавфиқинг ила ибодатингдаги кишиларга мени мулойим қил! Фосиқ, мунофиқ ва барча душманларингга нисбатан зулмсиз ва адоватсиз шиддат бергин! Ё Аллоҳ, мен бахилман, мени исроф ва риёга йўл қўймай, яхшиликни кўзлайдиган сахий қилгин! Шу орқали охират диёрини истайдиганлар жумласида барқарор эт! Ё Аллоҳ, мени мўминларга ёрдам қўлини чўзадиган юмшоқ кўнгилли айла! Ё Аллоҳ, мен кўп ғафлатда қолувчи, унутувчиман, менга ҳар бир ҳолатда зикрингга ва ҳамма вақт ўлимни эслашга илҳом ато эт! Ё Аллоҳ, Сенга итоат билан қилаётган амалимда заифман, мени фақат иззатинг ва тавфиқинг орқали бўладиган чиройли ният, қизиқиш ва қувват билан ризқлантир! Ё Аллоҳ, имон, яхшилик, ҳузурингда туришни эслаш ва Ўзингдан ҳаё қилиш бобида мени собитқадам қил! Ўзинг рози бўладиган нарсаларда хушу, ўзимни ҳисоб-китоб қилиш, юриш-туришимни ислоҳ этиш ва шубҳалардан эҳтиёткор бўлиш билан ризқлантир! Ё Аллоҳ, Китобингдан ўқиётганларимни тафаккур қилиш, тушуниш, маъноларини билиш, улардаги ажойиботларни ўйлаш ва амал қилиш билан ризқлантир! Албатта, Сен барча нарсага қодирсан. Ё Аллоҳ, мени ҳалокат ичра қолдирма, тўсатдан жонимни олма ва ғофиллардан қилма!” деб дуо қилди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм