Салом бериш
Ислом дини таълимотлари инсонларни одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Кишилар ўртасида бир-бирларига салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш каби одоблар ҳам мана шундай макоримул ахлоқ (гўзал хулқлар) доирасига киради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади:
“…Бас, қачон уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни “Ассалому алайкум” денг!)…” (Нур, 61).
Бу ояти каримадан кўриниб турибдики, салом бериш яхши амал бўлиши билан бирга сизу биз учун фойдали ҳамдир.
“Салом” сўзининг маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, салом берган киши иккинчи томонга тинчлик, хотиржамлик, осойишталик, фаровонлик тилаган бўлади.
Калада ибн Ҳанбал ривоят қилади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ортингга қайтиб: “Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?” деб сўрагин», дедилар (Имом Абу Довуд, Термизий ва Табароний ривояти).
Мана бу ҳадиси шарифдан саломнинг ўрни нақадар юксаклиги кўриниб турибди.
Ижтимоий ҳаётда инсонлар бир-бири билан муомалада бўлиши муқаррар. Шу муносабат дўстона тус олиши, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва муҳаббатлашиш бўлиши учун таниш ва нотаниш инсонлар ўрталарида салом-аликни ошкора ёйишлари керак. Саломлашишда ҳикматлар жуда кўп. Масалан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:
“Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, (Аллоҳ йўлида) бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча (комил) мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир нарсага йўллайман, агар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббат уйғонади: ўрталарингда саломни ошкора қилинг!” (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти. Суютий “Жомеул кабир”да ривоят қилган.)
Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, албатта, салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Қуръони каримда:
“Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша (ибора)ни қайтаринг”, деб буюрилади (Нисо, 86).
Cалом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкумуссалом ва раҳматуллоҳ” деб алик олинади. Пиёдага уловдаги, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки турганга юрган одам салом беради. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса вожибдир.
Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида, айниқса, мактаб ўқувчилари орасида салом бериш тобора камайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Агар фарзандларимиз ёшликдан бу яхши одатга ўрганиб бормаса, жамиятдан узоқлашиб, кейинчалик бошқалар билан маданий муомала қила олмай қолишлари мумкин. Ваҳоланки, ақли расо одам қаерда бўлмасин, қаерга кирмасин, ким билан учрашмасин, биринчи калимаси “Ассалому алайкум” бўлиши лозим.
Яна шу нарсага эътибор қаратиш зарурки, айрим кишилар салом калималарини тўғри ва тўлиқ талаффуз этмасдан “ас-сому алайкум” ёки “сом алайкум” ёхуд “солайкум” каби қарғиш маъносини берувчи сўзлар билан айтаётганини ўзлари билиши ёки билмаслиги мумкин. Шунинг учун саломни тўғри ва тўлиқ беришга одатланайлик.
Уламолар: “Салом бериш суннатга мувофиқ савобли амал, саломга алик қайтариш эса вожибдир. Агар бирор киши ўзига салом берилганини билиб, қасддан алик олмаса, вожибни тарк қилгани учун гуноҳкор бўлади”, дейишган.
Шунингдек, баъзи ўринларда салом-алик жоиз эмас:
- Ҳожатхонада ёки таҳорат олаётган кишига салом берилиши ва бу саломга алик қайтарилиши макруҳдир.
- Намоз ўқиётган ёки азон айтаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши саломга алик қайтарса, намози бузилади.
- Уйқудаги ёки мудроқ босган кишига ҳам салом берилмайди.
- Таом тановул қилаётган кишига ҳам салом берилмайди. Агар оғзида овқат бўлмаса, салом берилиши мумкин.
- Қуръони карим тиловат қилаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом этади. Дуо қилаётган ва эҳромда талбия, яъни, “Лаббайкаллоҳумма”ни айтаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас.
Салом бериш одобларидан яна бири ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирганда ҳам “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб салом беришдир.
Саломни таниганга ҳам, танимаганга ҳам бериш лозим. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Мусулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрашди. У зот: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб марҳамат қилдилар.
Салом жаннатга киришга сабаб бўлади. Бошқа бир ривоятда: “Эй инсонлар! Саломни ёйинглар, очни тўйдиринглар, қариндошлар билан борди-келди қилинглар ва инсонлар ухлаб ётганида намоз ўқинглар, жаннатга саломатлик билан кирасизлар”, дедилар.
Имрон ибн Ҳусайн ривоят қилади: “Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келиб: “Ассалому алайкум” деди. У зот алик олдилар ва у киши ўтирганида: “Ўн савоб”, дедилар. Сўнг бошқа киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Унинг ҳам саломига алик олдилар ва у киши ўтирганидан кейин: “Йигирма савоб”, дедилар. Учинчи киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, деди. Унинг ҳам саломига алик олдилар ва у ўтирганидан кейин: “Ўттизта савоб”, дедилар.
Аввало салом берувчи: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, дейди. Салом берилган эса: “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, деб алик олади ва мана шу энг яхши салом-аликдир.
Салом берувчи “Ассалому алайкум” ёки “Ассалому алайка” ёки “Саламун алайка”, деса ҳам бўлади. Алик олишда эса энг камида: “Ва алайкас-салом” ёки “Ва алайкум ас-салом” дейиши керак бўлади. Жавоб беришда “ва” боғловчисиз айтса ҳам дуруст, лекин “алайкум”нинг ўзи билан жавоб қилса, алик олган ҳисобланмайди.
Киши саломни, суннатга мувофиқ, овозини сал баландлатиб, эшитарли даражада бериши керак. Агар эшитарли бўлмаса, салом берган ҳисобланмайди ва унга алик олиниши шарт эмас. Салом берилувчилар атрофида намоз ўқиётган ёки ухлаётганлар бўлса, у ҳолда бошқаларга халал бермаслик учун, маълум кишиларгагина эшитарли даражада овозни пасайтириш суннатдир. Алик олиш саломнинг ортиданоқ бўлади. Агар алик олиш кечиктириладиган бўлса, кейин олинган алик ўтмайди ва қасддан, сабабсиз кечиктирган киши гуноҳкор бўлади.
Қўл ва бармоқлар билан ишора қилиб салом бериш жуда ҳам хунук одат бўлиб, ўзга дин вакилларига тақлид қилишни англатади.
Имом хутбага чиққан вақтида ҳам унга салом бериш макруҳ, чунки шу пайтда жамоатнинг жим ўтириши талаб қилинади. Мана шу ҳолатга қарамасдан, салом бериб юборса, жавоб қайтарилмаса ёки ўтирганлардан бирор киши жавоб қайтарса ҳам бўлади.
Қуръони каримни тиловат қилаётган кишига салом бермаган маъқул. Агар салом бериб қўйилса, тиловат қилаётган киши ишора билан жавоб бериши жоиз. Агар лафз билан жавоб қайтарадиган бўлса, қироатни қайта бошлашдан олдин “Истиоза”ни айтиши лозим бўлиб қолади. Чин қалбидан Аллоҳ таолога дуо қилаётган киши ҳам худди тиловат қилаётган киши кабидир.
Ҳажда чалғитмаслик учун талбия айтаётган кишига салом берилмайди, салом берилган тақдирда, алик олишга мажбур бўлиб қолади.
Муаззин азон орасида саломга алик олса бўлаверади. Шуни унутмаслик керакки, саломни биринчи бўлиб бошлаш суннат, вожиб эмас. Лекин алик олиш вожиб бўлади. Агар салом берилганлар кўпчиликни ташкил қилса, улардан бирининг алик олиши кифоядир. Ҳаммалари алик олишса, нур устига нур. Агар бирортаси ҳам жавоб қилмаса, ҳаммаси гуноҳкор бўлади.
Агар парда ёки девор орқасидан туриб салом берилса ёки бирор киши орқали салом айтиб юборилса ҳам, алик олиш лозим бўлади.
Соқов кишининг ишора билан салом бериши ва саломга алик олиши лафз билан бажарган киши ўрнида бўлади. Гўдак берилган саломга жавоб қайтармаса ҳам гуноҳкор бўлмайди, лекин жавоб қайтаргани жуда яхшидир. Гўдак ўзи бирор кишига салом берса, алик олиш лозим бўлади.
Бирор киши кўпчиликка салом берганида улар орасидан битта гўдакнинг ўзи жавоб қайтариши, ҳаммаларининг ўрнига ўтади. Бир кишини учратиб саломлашилгач, орадан бир оз вақт ўтгандан кейин яна учратилса, қайта салом бериш суннатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар бирингиз биродари билан учрашиб, саломлашса, ўрталарига дарахт ёки девор ёхуд тош оралаб, сўнг яна учрашса, қайтадан салом берсин”, дедилар. Агар икки киши учрашганда бир-бирига баравар ёки орқама-орқа салом беришса, икковига ҳам кетма-кет жавоб қайтариш лозим бўлади. Лекин бараварига жавоб қайтаришса, ўтмайди.
Ёш болаларнинг олдидан ўтишда, уларга салом бериб ўтиш суннатдир. Анас (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёш болалар олдидан ўтганларида уларга салом бериб ўтардилар”, деди.
Ўз уйига кирганда ҳеч ким бўлмаса ҳам салом бериши ва: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига саломатлик бўлсин”, дейиши, “Бисмиллаҳ”ни айтиши ва Аллоҳ таолони зикр қилиши жуда яхшидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Анас (розияллоҳу анҳу)га: “Агар оила аъзоларинг олдига кирсанг, салом бергин. Шунда ўзингга ҳам, оила аъзоларингга ҳам барака бўлади”, дедилар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм