Янгиликлар

Ўзбек адабиёти бенгал тилида

Чоп этилди Dekabr 28, 2019 Ўзбек адабиёти бенгал тилидаda fikr bildirishni o'chirish

Бенгал адабиёти деганда кўз олдимизда аввало Кази Назрул Ислом гавдаланади. Шоир Эркин Воҳидовнинг у кишига бағишлаб ёзган “Руҳлар исёни” шеъри бугунгача тилларда достон. Ушбу адабий кўприк бугун яна бир қадар жонланди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бенгал ва инглиз тилларига таржима қилинган ўзбек мумтоз адабиёти ҳамда замонавий шеърият намояндалари вакилларининг шеър ва ҳикоялари жамланма-китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда уюшма аъзолари, ёш ижодкорлар, таржимонлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

“Selections from Uzbek literature translated into Bangla and English” номли таржималар тўпламига юзга яқин шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари киритилган. Тақдимотда юртимиздаги таржима фаолиятига қаратилган эътибор, икки давлатнинг ўзаро адабиё алоқалари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, тадбир мобайнида таниқли шоирлар ва ёш ижодкорлар томонидан мушоира ўтказилди.

— Тўплам чоп этиш лойиҳаси биринчи марта ташкил этилгани сабаб камроқ нусхада чоп этдик. — дейди Бангладеш давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мосуд Маннан. — Аммо лойиҳа келгусида яна давом этади, яъни ҳар икки йилда бир ўзбек адабиёти намояндаларининг ижодий ишларини бенгал ва инглиз тилларига ўгириб, китоб ҳолида чоп этиб боришни режалаштирганмиз. Шунингдек, китобларни кўпроқ нусхада нашр этиб, барча адабиёт ихлосмандларига етказиш ниятидамиз.

Юлдуз ЎРМОНОВА,

“Халқ сўзи”.