Мақолалар

Раҳбар (имом)дан айрилмаслик

Чоп этилди Yanvar 1, 2020 Раҳбар (имом)дан айрилмасликda fikr bildirishni o'chirish

Саҳобаларнинг энг улуғи Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) раҳбар этиб сайланган пайтида: “Эй инсонлар, мен сизларнинг устингизга раҳбар бўлиб қолдим, ҳолбуки, сизларнинг энг яхшингиз эмасман. Агар яхши амал қилсам, менга ёрдам беринг. Агар ёмон амал қилсам, мени тўғрилаб қўйинг. Ростгўйлик хотиржамлик демакдир, ёлғончилик эса хавотирдир. Сизларнинг ичингиздаги заиф кимса менинг наз­димда кучлидир, Аллоҳ хоҳласа, унинг ҳақини олиб бераман. Орангиздаги кучли менинг наздимда заифдир, Аллоҳ хоҳласа, бошқалар ҳақи­ни ундан оламан. Модомики мен Аллоҳга итоат қилар эканман, менга итоатда бўлинглар. Қачонки Аллоҳга ва Расулига осий бўлсам, менга итоат қилиш сизларга лозим эмас”, деган сўзлари билан раҳбарга итоатнинг аҳамияти, ундан айрил­масликка ишора қилган.

Истиқлол йиллари Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, Ислом тарихи, маданияти ва калом илмига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби, динимиз кўр­сатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиё­рига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қили­ниб, улар­да ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқда. Азиз-авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўп­лаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра сафарига бориб келмоқда. Инсон ўзидаги неъмат ҳақида муло­ҳа­за юритиши ва шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бе­баҳ­ра эканини ўйлаб кўриши керак. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди. Шукроналик туфайли неъматлар яна­да зиёда бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Қай­си бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Юртбошимизнинг Ислом динига ғамхўр­лик билан олиб бораётган сиёсатига жавобан, ўз нав­батида, биз ҳам Ислом дини мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғиботни давом эттиришимиз керак. Турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳ инсонларни ўлдириш ёки улар ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етказишимиз лозим. Бизга масъул бўлган раҳбарларга бўйсунишимиз ҳам шукр қилишимизга далолатдир. Худди шу маънода ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Бир ишни мукаммал ва аъло даражада адо этишни ва ундан масъул бўлишни истасангиз, бошлиқ бў­лишингиздан олдин илмни чуқур ўрганинг!” (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, дуоларимизда раҳбарларимизни ҳам унутмас­ли­ги­миз керак. Қўлларингизни очиб дуога ўтирдингизми, бармоқларингизга қараб, кимларни дуо қилиш зарурлигини билиб олишингиз мумкин.

Бош бармоғингиз сизга яқин бармоқ. Шундай экан, дуони ҳам ўзингизга энг яқин кишилардан бошланг. Уларни эс­лаб қолиш жуда осон. Улар ота-онангиз, ака-укаларингиз, опа-­сингиллар ва бошқа қариндошлардир.

Кейингиси – кўрсаткич бармоқ сизга йўл кўрсатувчиларни эслатсин. Устозларингиз, ўқитувчиларингиз, сизга таълим бераётган барча муаллимлар. Улар таълим беришда хато қилмасликлари, адолатли ва тўғри таълим беришлари учун сизнинг дуолари­нгизга муҳтож эканини унутманг. Уларни доим дуоларингизда ёдда тутинг.

Навбатдагиси – энг узун бармоқ. У бизга раҳбарларимизни, етакчиларимизни эслатсин. Дуоларингизда учинчи бўлиб, албатта, динимиз раҳбарларини ва бошлиқларимизни ёдга олинг. Аллоҳдан уларни тўғри йўлдан адаштирмаслигини, бизни ҳидоятга етаклашга илҳомлантиришини сўранг.

Тўртинчиси – номсиз бармоқ. Бу қўлимиздаги энг нозик бармоқ ҳисобланади. Шундай экан, у сизга дуога муҳтож заифлар, ночор ва қийналган кишиларни эслатсин. Ҳар сафар дуо қилганингизда, албатта, тўртинчи бўлиб заифларни, қийинчиликка учраган, касалликка чалинган ва бемор ётган мусулмонларни ёдга олинг. Аллоҳдан уларга соғлик ва саломатлик, куч-қувват сўранг.

Охиргиси – энг кичик бармоқ – жимжилоқ. Бу – сизнинг ўзингиз. Инсон ушбу оламда кичиклигини ва Аллоҳ наздида жуда заиф эканини тан олиши шарт. Шундай экан, бу бармоқ сизга ўзингизни эслатсин ва аввалги тўрт тоифани дуо қилиб бўлгач, ўзингиз учун дуо қилинг.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм