Мақолалар

Қорбобо эмас отам, Қорқиз эмас онам керак

Чоп этилди Dekabr 30, 2019 Қорбобо эмас отам, Қорқиз эмас онам керакda fikr bildirishni o'chirish

ТИРИК ЕТИМЛАР НОЛАСИ

Байрам яқин. Янги йил тобора эшик қоқмоқда. Кўнглингизни хира қилмоқчи, қалбингизга ғулғула солмоқчи эмасман. Аммо, “Дадажон, қачон янги йил совғасини олиб келасиз” дея кўзлари пирпираб турган қизалоғимни кўрсам, 2020 йилни ё отасиз, ё онасиз кутиб олаётган жажжи болажонларни кўз олдимга келтираман.

“Байрамолди кайфиятни бузма, байрамдан кейин ёзардинг” деманг. Сизнинг болангиз байрамни кутгандек улар ҳам байрамни кутади. Улар ҳам бахтли бўлишга ҳақли. Умуммиллий муаммо бўлмаганда эди, байрам арафасига қарамасдан Президент бундан хавотирда эканлигини яшириб ўтирмасди. Телеканалларда муносабат билдирилмасди. Умидим, зора мақола сабаб ҳеч бўлмаса битта болажон байрамни ота-онаси қучоғида кутиб олсин дейман.

“Никоҳдан ажратиш” сўзи Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида қайд этилган бўлиб, Кодекснинг 41-моддасига кўра агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратиш, 42-моддасига кўра эса агар вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратилишига айтилади. Қани эди, давлат томонидан ёлғиз оналарни қўллаб-қувватлашдек имкониятлардан баъзи аёллар ғаразли мақсадларни кўзламаса эди.

“Талоқ” сўзи луғатда “Моддий ва маънавий тугунни ечиш”, шаръий эса лафз воситасида никоҳни кетказиш, ҳалолни нуқсонга учратиш яъни хотиннинг эрга ҳалоллиги нуқсонга учраганлигини билдиради. Қани эди бу лафз эр-хотиннинг бирга яшашга мисқолчалик ҳам асос қолмаганда айтилганда эди. Қани эди талоқ ҳуқуқи берилган эркак сал жиддий бўлиб Пайғамбаримиз с.а.в нинг “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол ҳукм бу талоқдур“ деган ҳадисларидан хулоса чиқарган ҳолда тузи паст овқат, дазмолланмаган шим, чети учган пиёла, сигналдан сўнг кечроқ очилган дарвоза учун талоқ қилмаса эди.

Афсуски, жорий йилнинг ўтган 11 ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда 28 755 нафар оилага дарз кетган.

Бу нима дегани? Бу юртдошим кўзимизни очайлик, бир қарашда 28 755 нафар оилага дарз кетиши, Ўзбекистонда 1 кунда 79 та оила ажрашиб кетяпти. Ўйлаб кўринг, ҳар бир оилада 1 тадан норасида жаннат райҳони ўсаётган бўлса, қарийб 30 минг тирик етим ота-она меҳридан мосуво бўлиб боряпти дегани. Бу ўтган 2019 йилни арча атрофида ота-онаси билан нишонлаган болакай, бу йил 2020 йилда эшикдан Қорбобо эмас отаси, Қорқиз эмас онаси кириб келишини кутиб туради дегани.

Бу чеҳрамизга бир лаҳза ўйчанлик, лаҳза ўтмай бу менинг оилам эмасмикин деган совуқ тарсаки дегани!

Бу икки қўлини белига тираганча: “Керак бўлса ўғлимни яна онаси ўпмаган қизга уйлантираман. Келиним “Кел, ин!”ибораси маъносини тушунмади”-дея ўшқираётган қайноналар ҳушёр тортсин дегани!

Бу “Агар одамнинг одамга сажда қилиши буюрилганда хотин эрига сажда қиларди” ҳикмати ўрнига, “Қизим, хавотир олма. У бўлмаса бошқаси. Куёв бари бир “Куй, ёв!” яъни куйдирадиган ёвда!”-дея пичирлаётган оналар қизига фаросати бўлса насиҳат қилсин дегани!

Бу Суриядан “Меҳр” инсонпарварлик операцияси туфайли олиб келинган мурғак болажонлар кўзидаги ўша аччиқ кўзёшлар бугун ота-онасини соғинган тирик етимлар кўзидан ҳам оқяпти, улар ватанга зор, бу тирик етимлар меҳрга зор дегани. Суриядан қайтган болаларни ота-онаси болалик бахтидан айирган бўлса, бугун ўз ватанида ўз ота-онаси фарзандини бахтли болалигидан маҳрум этяпти дегани.

“Тсс, бола ухлаяпти!”

Агар афғон аёллари радиода “Меҳрибонлик уйи” жангарилар ҳужумидан сўнг қайта таъмирланганлигини эшитса, хотиржам жон таслим қилади. Сабаби, уларни толиблар зўрлаб ўлдирса, ёки мина парчасидан ҳалок бўлса норасида жигарпораси кўчада қолмайди. Ҳар ҳолда бошпана бўладиган етимхона асраб олади. Аммо, шундай тўқ замонда, дориломон кунларда “Сиздан нима кетди. Ана етимхона бор. Ҳал қиламиз. Давлат ўзи боқади!” қабилида иш тутаётган кўрнамакларни нима қиламиз. “Сен бўлмасанг бошқаси..” қўшиғидан илҳомланган, “мать одиночка” кўкрак нишоним бор. Давлат ташлаб қўймайди каби манфур дунёқарашни шиор қилаётган баъзи оила бекаларини тарбияласа бўладими? Ўзи оила бўстонини “суғориб” бўлгану, бугун “оила”, “оила муқаддас даргоҳ”, “шарқона тарбия”дан сабоқ бераётганидан халқнинг нафрати ва асабини эговлаётган баъзи тарғиботчилардан қачон қутиламиз?

Афғон аёли “Меҳрибонлик уйи”ни фарзанди учун нажот кошонасидек ардоқлаган бир пайтда “Меҳрибонлик уйи”га кайфу-сафо аломатларини бекитадиган тирик етимлар омборхонасидек муносабатда бўлаётган аёлларга жазо борми? Бор! Эҳтимол, рўшнолик кўрмаётган афғон аёлини фаровон юртимизга олиб келиб, биздаги бир неча нонкўрларни мина майдонига ташлаш керакдир? Шунда хотиржам ухлаш, бешик бошида баланд овозда алла айтиш бахтини ҳис этар? У ерларда чақалоқни уйғотмаслик учун оналарнинг эшикка қараб “Тсс, бола ухлаяпти” ишорасидан фойда йўқлигини англаб етар? Жуда яхши англайди, ташқарида портлаган тонналик бомба ўкирганда “Тсс, бомба. Болам бешикда ухлаяпти”-дея оладими?

“Қайнонаю, келинни огоҳлантиринг…”

Бугун Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими ажрашаётган оилалар рўйхати ОАВда эълон қилиши ҳақида маълумот берди. Ишқилиб, ўша ёш келин-куёвнинг ёнида ажабтовур суратингиз чиқмасин. Ажабтовурлиги, сурат остида шундай ёзилган: “Она! Бу йигит сизга ўғил, хотинига эр. Қизғансангиз бошингизга ёстиқ қилинг! Судга ҳожатхона қоғози “импортный” эмаслигидан киритган даъво аризангиз қониқтирилмади. Қуда томон келтирган ҳожатхона қоғози ҳам чет элники экан. Фақат илтимос, ўғил уйлантирдим деманг. Сизнинг гапингизга кириб бўлғуси келин ва қайнона ўртасида тарози бўлолмаган, бугун қуда томон билан парфюмерия талашаётган “куёв” бизнингча турмушга чиқяпти. Табриклаймиз!”

Шунчаки, келинларга гапимиз бор. Сен “кел, ин” сўзининг моҳиятини унутдинг. Ўзбек тилида уй, хонадон, ин, ҳовли, гўша сўзлари бор. Шу сўзлар ичида фақатгина ин сўзи омонат уй дегани. Агар сен шу омонат уйингни хонадон бўлишини истасанг, эрингни хуррак отишигача онангга сотма! Қайнона ҳам она. Вақти келиб келинларингдан топарсан.

Шунчаки, қайнона-қайноталарга илинганимиз бор. Умр ғанимат. Сўнгги нигоҳингиз набирангиз кўзига тушганда хижолатдан азобланмасангиз, чуқур хўрсинмасангиз бўлгани.

“Учинчи марта “Ауф”деманг…”

Пайғамбаримиз с.а.в Ҳайит намозидан хурсанд қайтаётсалар кўча бошида йиғлаб турган болага кўзлари тушди.

-Нега йиғлаяпсан болам! Байрам куни ҳам йиғлайдими?
-Нега йиғламай. Қаранг ўртоқларимга отаси Ҳайит байрамидан ширинлик олиб келган. Менга эса ширинлик берадиган отам қани? Қаранг, уларнинг отаси болаларини туя устига миндириб юрибди. Мени эса туяга миндирадиган суянганим йўқ.
-Мен отанг, Фотима опанг, Ҳасан-Ҳусан уканг бўлишини хоҳлайсанми болам? Туя устига миндирайми кўзмунчоғим?
-Алдаманг, сизда туя йўқку?

Муборак тиззаларини ерга қўйиб чўккалаган пайғамбарни кўрган саҳобалар ҳайрон бўлишди. Пайғамбар қалби ўксик етимчани устларига миндирдилар.

-Устингиздан тушаман. Ана қаранг уларнинг туяси ҳар юрганда “Ауф” деган овоз чиқаради. Нега сиз чиқармайсиз.

Икки бор қон йиғлаганча “Ауф”деб овоз чиқарган пайғамбар олдида тиз чўккан саҳобалар ёлворишди.

-Эй Сарвари коинот. Агар учинчи марта “Ауф” десангиз осмон узилиб ерга тушади.

Мактаб партасида хомуш деразага тикилганча уйидаги ғурбатдан қизалоғини йиғлатган ота-онанинг ҳолига вой!

Тўй-ҳашам учун 50 миллионни қизғанмай, ҳомиладор келинга 5 минг сўм йўлкирани қизғанаётган қайнонанинг ҳолига вой!

Набирани тирик етим қилиб нафақасидан шоколад олиб бераётган бетайин қайнотанинг волига вой!

Ўзи жазоласин, “етим”, “чала етим”, “чин етим”деган сўзларни ҳисобот тарзида умумлаштираётган биздек тарғиботчиларни!

Тафаккур берсин, касса дардида бўйдоқлигу, беваликни кулги орқали халққа сингдираётган, беваликни нормаллаштираётган кино, театр жамоаларига!

“Қарз эвазига менга уйланинг…”

Туғруқхонада яна қиз туққан ёш келинчак “боғбон” томонидан талоқ қилинган. Тетапоя қилиб, емай едириб, елкаларимда опичиб камолга етказган мендек ота учун ҳаёт зулмат. Ўғил илинжида куёвим урса майлику-я, аммо қайнона тарсакисидан кўкарган қизгинам чеҳрасига қараш учун кўз йўқ. Бу кўзларда отажон мени шу азоблар учун асраб келганмисиз. Ямоқ оёқ кийимда мени зориқтирмай катта қилганмисиз. Қайси гуноҳим учун? Тирноққа зор оила, хотинидан қўрқиб, орқа эшикдан бозор қиладиган ўғил, бўғирсоқ бўлса ҳам ота-онасига улашадиган меҳрибон қизлар ҳақида ўйлайман.

Жанозада отанинг қарзини бўйнига олмаган етти ўғилдан нафратланган қиз имомдан ижозат сўраганча: “Кечирасиз. Отажоним қабрида тинч ётсин. Менга уйланинг. Номусим – бойлигим. Бошқа тўлайдиган пулим йўқ” дея омонат эгасига юзланган қизнинг пешонасидан ўпаман.

“Тобутимни кўтарадиган ўғлим йўқ” дея жар солаётган оталарни кўрсам бир гапни айтгим келади. Шу юрт учун жонингни берсанг, халқ мардонавор тобутингни кўтаради. Шундай кўтарадики, самодаги фаришталар ҳам ҳатто тобутингдек назокат билан уча олмайди.

Ўғил дардида ёш оилани ажраштираётган “Опа-сингиллар” сериалидаги қайноналарга инсоф тилайман-у, ўйлаб қоламан. Сериалда кўтарилган “ўғил муаммоси” тўлалигича ечилмасдан, афсуски боши берк кўчага кириб қолганлигини айтишдан истиҳола қилмайман. Нега? Сериалда ахийри туғилган ўғил набира оила учун муаммонинг ечимидек қаралди. Шу ерда савол туғилади. Хўш, “Қани қайнонамга инсоф берармикин, эрим мени ўғил туғмасам ҳам охиригача ҳимоя қилармикин, Худонинг берганига шукр қилармикин” деган муштипар келинларнинг оҳу-ноласи ҳавога учмадими? Бари бир ўғил туғиш керак. Қўшни келиндек антибиотик ичавериб бачадон саратонидан ўлсам ҳам розиман.” дея ўлимга тик бораётган келинчаклар учун малҳам излайман. Ўғил дардида ажрашаётган оилалар учун айнан сабр-тоқат, шукроналик туйғулари эмас балки ўғил дардининг даъвоси айнан ўғил эканлигини уқтирмаслик учун режиссёрларга фаросат тилайман.

Кўча-куйда “Уч талоғию, бир талоғи ҳаммаси бир гап” қабилидаги асл ислом таълимотига зид дунёқарашлардан эҳтиёт бўлишимиз, Аллоҳнинг ғазабини қўзғаб, Аршни ларзага солгувчи “Сен менга талоқсан”, “Сенга уч талоқ” сўзларидан тилимизни тияйлик. Аллоҳ бизни Африкада ўтлаб юрган қўтоснинг эмас одам боласининг эркаги қилиб яратгани, оила ва аҳли аёл шаъни қиёматда бўйнимизда эканлигини-ю, “Отам қани?”, “Нега мени боғчадан отам олиб кетмайди” дея бурчакларда зор йиғлаётган тирик етимлар ҳаққи қиёматни ўйлайлик. Бева аёл кулса ҳам йиғласа ҳам эрсираган каби луқмаларни ёғдираётган ёмонлар ботқоғига жуфти ҳалолимизни ботирмайлик. Ёш келин-куёвга насиҳат бериш ўрнига олов устига мой сепаётган заҳар тилларимиз эртага туйнуги йўқ қора уйчада рўзи маҳшар қадар ёнишини идрок этайлик.

Ҳар сафар “Меҳрибонлик уйи” ёнидан боғча томон кетаверсам, меҳрибонлик уйи дарвозасига чизилган иккита какку қуши эътиборимни тортаверади. Нега қалдирғоч эмас айнан какку чизилган? Чунки, фақат, какку қушигина ўз тухумини бошқа инларга ташлаб кетади. Майли у каккудир, аммо биз эрта кетар чоғим оғзимга томган сўнгги томчи сув, қабримга тушган сўнгги сиқим тупроқ боламни қўлидан тушсин дея орзу қиладиган одам боласимизку?

Узр, болаларимни боғчадан олишим керак. Дарвозага маъюс қараб ўтиришидан юрагим эзилади!

Жонибек ШУҲРАТОВ

ЎзА