Аъзоларни кўчириш ҳақида
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи мукаррамада, Робитанинг биносида, 1405 ҳ.с. 28 рабиъус соний–7 жумодул аввал (1985 йил, 19–28 январь) кунлари бўлиб ўтган саккизинчи мажлисида бир инсоннинг аъзосини олиб, ўша аъзоси яроқсиз бўлиб қолган ва ёрдамга муҳтож бошқа инсонга қўйиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди. Бу иш янги тиббий илм ва жиҳозлар воситасида бажарилади.
Мазкур масалани кўриб чиқишни Ислом Фиқҳи Академиясидан Робитанинг АҚШдаги ваколатхонаси илтимос қилган эди.
Ислом Фиқҳи Академияси бу масала бўйича фазилатли устоз, шайх Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Бассом тайёрлаган илмий баҳсни кўриб чиқди. Ундаги фикрлар, уламоларнинг айтган гаплари ва далилларини диққат билан ўрганди.
Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Тирик инсоннинг жисмидан бир аъзони олиб, унга муҳтож бошқа бир инсоннинг ҳаётини қутқариб қолиш ёки асосий аъзоларидан бирининг вазифасини қайта тиклаш мақсадида унга қўйиш жоиз амалдир. Бу билан аъзоси олинган одамнинг инсоний эҳтироми пасаймайди. Бунда катта фойда, яхши ёрдам бор. Бу иш қуйидаги шартлар асосида бўлса, шариатга мувофиқ келади:
- Аъзосини бераётган шахс оддий ҳаёти издан чиқадиган даражада зарар тортмаслиги шарт. Чунки, шариат қоидасига кўра, «зарар ўзига ўхшаган зарар ёки ундан зиёда зарар билан кетказилмайди». Агар аъзосини тақдим қилган шахсга зарар етадиган бўлса, ўзини ҳалокатга ташлаш ҳисобланади ва шариатга кўра, бу мумкин эмас.
- Аъзони бериш ихтиёрий равишда, мажбурлашсиз бўлиши лозим.
- Аъзони кўчириш беморни даволаш учун ягона восита бўлиши, бошқа илож қолмаган бўлиши шарт.
- Аъзони кўчириш ва ўрнатиш, одатда, муваффақият билан амалга ошишига тўлиқ ишонч бўлиши керак.
Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар ҳам шариатга кўра жоиз ҳисобланади:
- Муҳтож бемор учун ўлган одамнинг аъзосини олиш. Ўлган одам шариат қоидасига тўғри равишда ва ўзи тириклигида рози бўлганлиги шарти ила.
- Муҳтож инсонга ҳалол ва сўйилган ҳайвоннинг, зарурат юзасидан бошқаларининг ҳам аъзоси кўчириб қўйилса, жоиз.
- Инсоннинг ўз жисмидан бир қисмини олиб, ўзига ўрнатиш ҳам жоиз. Мисол учун, териси ёки суягидан бир бўлагини олиб, бошқа керак жойига қўйиш.
- Турли маъдан ва моддалардан қилинган сунъий нарсаларни инсон жисмига ўрнатиш ҳам жоиз. Мисол учун, бўғимлар, юрак клапани ва бошқаларни. Кифоя китобидан, 3-жуз.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан