“Онам мени ва акамни омадсиз ҳисобларди: мен – муслима, акам – ногирон”
Мен 15 ёшимданоқ мустақил ҳаёт бошлаганман. Ичардим, чекардим, саёқ юрардим, гиёҳванд моддалар – енгил ва кучлиларидан истеъмол қилардим. Дастлаб гиёҳвандликка қарам бўлиб қолдим, кейин спиртли ичимликларга. Онам мени ташлаб кетгани учун шокка тушган эдим ва ҳатто ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлгандим. У эрга тегмоқчи эканини айтди ва кетди. Бир ойда бир марта қўнғироқ қилар эди. Биз акам билан ёлғиз қолдик. у ногиронлиги учун нафақасига яшар эди. Ейишга нон топиш учун биринчи эрим билан бирга машинадан магнитола ўғирлаб, бозорда сотишимизга тўғри келди. Биз мен 16 ёшга, у 19 ёшга тўлганда турмуш қургандик. Чунки ўша вақтда мен ҳомиладор эдим. Кўзим ёриганидан кейин ажрашдик, Кўп ўтмай мотоциклда аварияга учраб ҳалок бўлди.
Болалигимда Худонинг борлигига ва бизнинг ҳаётимизни бошқараётганига ишонар эдим. Бироқ правослов черковига келганимда ҳайрон бўлиб қолдим: нега бунча кўп икона, нима учун Ундан бошқа нима тўғри келса, ўшанга ибодат қилаётганларини кўриб уларнинг бу ишини тушуна олмадим. Қўлимда шам тутиб, Худога ибодат қилмоқчи эдим. Менга қайси иконага бориб нимани сўрашимни айтдилар. Бу мени жазавага туширди. 18 ёшимда танишларим орқали Ислом билан танишдим. Менга Исломда фақат битта Аллоҳга эътиқод қилиши, Муҳаммад алайҳиссалом – Унинг бандаси ва Расули эканини сўзлаб беришди. Мен ана шунинг айни ҳақиқат эканини тушундим: Ислом – Аллоҳ таолонинг дини ва гарчанд, бизнинг жамиятимиз ундан ҳайиқаётган бўлса-да, унинг барча қонунлари, барча даврлар учун мос келади.
Маросим масжидда бўлиб ўтди. Мен неча ой бунга тайёргарлик кўргандим, Ислом ҳақида кўп ўқидим, насронийликни ўргандим. Менга қайсидир қонунларни ва чекловларни қабул қилиш осон иш эмас эди. Бу ниҳоятда жиддий қадамим эди. Мен табиатан қўзғалончи эдим ва Исломга киришим ҳам хато бўлганини сезиб қолсам, бу ҳақиқий фожеам бўларди. Исломга кирган куним узун куйлак кийиб бошига рўмол ўраган аёлни кўриб қолдим. Мен бу вақтга келиб Ислом ҳақида кўп нарсани билиб олган эдим. Бироқ негадир рўмол ўраш кераклиги ҳақидаги ояти каримани четлаб ўтиб кетган эканман. Ўша аёлга қараб турдим. у менга дунёдаги энг гўзал аёл бўлиб кўринди. Мен бундай ҳусну тароватни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Назаримда ундан аллақандай илоҳий нур таралиб тургандек эди. Ўзим ҳам ўша куниёқ рўмол ўраб олдим. Аммо унга мос келадиган бирор нарсам йўқ эди, нарсаларим орасидан аранг бир водолазка (юқори бўйинли нозик козок) ва узунроқ куйлак топиб олдим. Ёз фасли эди. 35 даража иссиқ. Аммо мен Исломни тўлалигича қабул қилган эдим.

Кўчада қандайдир кампир тирғалиб олиб: “Нега бунақа кийиниб олдинг, Болаларни қўрқитасан! Қандай даҳшат!” дер эди ҳадеб. Ўзи бўлса, ола-чипор бўяниб олган эди. Унинг гапларини эшитмаганга олиб йўлимда давом этавердим ва у ортда қолиб кетди. Кейин метрода бир сархуш эркак яқинимга келиб менга қараб туриб: “Сен нега ўраниб олдинг? Ахир сенинг кўзларинг мовий-ку!” деди.
Унга ҳеч нарса демадим. туриб-туриб ортига қайтиб кетди. Агар у маст бўлмаганида, хаёли жойида бўлганида эди. Менг унга қараб: “Ҳа, мен мовий кўз муслимаман. Ана шу менинг энг буюк бахтим”, деган бўлардим.
Светлана, 34 ёшда, Москва, тадбиркор
Манба: lenta.ru
Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА