Вақт қадри
Бир хонадонга ташриф буюрганимда шундай манзарага гувоҳ бўлдим: 50-55 ёшлардаги уй соҳиби чиройли чарм жилдга солинган китобни олди, эъзоз билан кўзига суртди. Кейин яна уй тўридаги михга илиб қўйди.
- Китоб сиз учун жуда қадрли кўринади? – саволга тутдим, ҳаракатларининг моҳиятини тушуниш учун.
- Ҳа, – бир оз ўйга толди. Кейин худди қадрдон нарсаларни эслагандек, юзида мамнун ифода балқиганича, давом этди. – Авваллари отам раҳматли ўқирди. Болалигимизда барчамиз танча атрофида ўтирардик, у киши китобни очиб, бирма-бир ундаги ибратли ривоятлар, насихатларни мутолаа қилар, мураккаб ўринларни тушунтирарди.
- Ўзингиз ҳам ўқиб турсангиз керак…
- Қаёқда… Бу имлони ўрганишга ҳеч фурсатим бўлмади.
Бу ҳолдан жуда ажабландим. Шунчалик эъзозлаган, отасидан қолган ёдгорлик дея қадрлаган китобини ўрганишга нега ҳаракат қилмаган? Афсуски, бу инсоннинг анчагина бўш вақти бўлган ва уларни чойхоналарда, телевизор қаршисида яна қанчадан-қанча фойдасиз ишларга сарф этган. Аммо шугина китобни ўқишга қунт қилмаган.
Аксарият инсонлар энг кўп вақт етишмаслигидан шикоят қиладилар. Аслида ҳам шундайми?! Йўқ, албатта. Инсон агар вақтини тўғри тақсимласа, ҳар бир нарсага – билимини оширишга, ўзлигини англашга, ҳаётда ўз ўрнини топишга, касбида маҳорат қозонишга ва алабатта Яратганга ибодат қилишга имкон топади.
Қуръони каримда Лайл, Фажр, Зуҳо, Аср сураларининг илк оятларида вақт билан қасам ичилиб, унинг нақадар аҳамиятли ва қийматли экани айтилган. Ваҳолангки, Аллоҳ бирор-бир нарса билан қасам ичса, айни нарсанинг манфаати улуғ ва қадри муҳимлигига далолат қилади.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси умрини қай тариқа ўтказганлиги, иккинчиси ёшлигида нима билан машғул бўлганлиги, учинчиси мол-дунёсини қай йўл билан топиб, нимага сарф қилгани, тўртинчиси билган нарсасига қандай амал қилганлиги” (Имом Термизий ривояти). Ҳадиси шарифда хабар берилганидек, бандадан аввал сўраладиган тўрт нарсанинг иккитаси айнан вақтга оид.
Қуръони каримдаги бу каби “огоҳлантириш”ларга қулоқ тутган аждодларимиз ўз замонасидан ошиб, бугунги кунимизгача донг таратганган. Жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд бундай дейди: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади. Шундай экан, фурсатнинг беҳуда сарфланишига йўл қўйманг.
Кўп ҳолларда “Ҳали вақт бор, улгураман”, деган баҳона билан ўзимизни алдаймиз. Ҳавойи нафснинг йўриғига юра-юра бебаҳо онларни йўқотамиз. Аслида инсон иродасини ўзига бўйсундириб, нафснинг иддаоларидан “қочиши”, вақтининг ҳар онидан оқилона фойдаланиши лозим.
Аждодларимиз, вақтини билим эгаллаш ва манфаатли ишларга сарф этмасликни ношукрлик аломати деб билганлари. Зеро, банда моддий неъматларнинг беҳуда сарф этгани учун ҳисоб қилинганидек, вақтнинг исрофидан ҳам сўралади.
Ана шулар ҳақида мушоҳада қилиб, хулосалар қиладиган, унга кўра ақл билан иш кўрадиган вақт келмадимикан?!
Маҳмуд ҚАҲҲОРОВ
Китоб туманидаги 55-умумий ўрта
таълим мактаби ўқитувчиси