Қуръонни яхши тушунишга интилиш
Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ бу билан унга жаннат йўлини осон қилади. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида тўпланиб, Унинг китобини ўқиб, ўзаро ўрганишар экан, устиларига осойишталик чўкиб, уларни раҳмат қамраб олади, малоикалар қанотларини ёйиб уларни қуршаб олади, Аллоҳ таоло ҳам ҳузуридагилар олдида уларни эслайди”, деб марҳамат қилганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Қиёмат кунида Қуръон келиб: “Ё Парвардигор, Қуръон ўқиган кишини зийнатлагин”, дейди. Шунда Аллоҳ унга азизлик тожини кийдиради. Кейин Қуръон: “Ё Рабб, уни зиёда айла!” дейди. Аллоҳ таоло унга азизлик либосини кийдиради. Қуръон яна: “Ё Рабб, ундан рози бўлгин”, дейди. Парвардигор ундан рози бўлади. Шунда ўша кишига: “Ўқиб-ўқиб юксал!” деб айтилади ва ҳар бир ояти учун биттадан яхшилик зиёда қилинади» (Имом Термизий ривояти).
Мўминлар учун шифо ва раҳмат қилиб туширилган Қуръони каримни ёд олиш ва тиловат қилиш, унинг маъноларини англаб тушунишга интилиш Аллоҳга энг маҳбуб амалдир. Қуръони каримни тинглашдан қочиш ва унга имон келтирмасдан, кўрсатмаларига амал қилмаслик ҳамда ёд олган сура ва оятларни бепарволик ила унутиш эса хатарлидир.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Менга умматимнинг савобли амаллари кўрсатилди, ҳатто масжиддан кичик бир хас-чўпни чиқариб ташлагани ҳам (кўрсатилди). Шунингдек, умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Мен улар ичида Қуръони каримнинг бирор сураси ёки оятини ёд олиб, сўнг уни унутган кишининг гуноҳидан кўра улканроқ гуноҳни кўрмадим”.
Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қуръон ўқиб, сўнг уни унутган киши қиёмат куни Аллоҳга майиб-мохов бўлиб йўлиқади” (Абу Давуд ривояти). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Қуръони каримни ўқиб, ундагиларга амал қилган киши дунёда адашмаслиги ва охиратда бахтли бўлишини Аллоҳ таоло кафолатига олган”, дея ушбу оятни тиловат қилди:
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса (кофир бўлса), бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунёда яшаган вақтимда) кўрувчи эдимку?!” дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай “унутилурсан”» (Тоҳо, 124–126).
Демак, ҳар бир мусулмон Қуръони каримни тиловат қилишда давомли бўлиши ва аксинча, унга бепарволик қилиб, катта гуноҳга йўл қўйишдан эҳтиёткор бўлиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Амалларнинг яхшиси, оз бўлса ҳам давомли бўлганидир”.
Шунинг учун ҳам уламолар инсон ҳар куни Қуръони каримдан тоқати етганича миқдорда ўқишини тавсия этишган. Чунки банда ҳар хил ҳолатда бўлиши мумкин. Бир кун унинг тоқати кўпроқ вазифани қабул қилса, бошқа куни унга худди шу иш оғирлик қилиб қолиши эҳтимол. Натижада, ишидиги давомийлик узилиб қолади. Ана шундан келиб чиқиб, оз-оздан давомли тарзда Қуръон тиловат қилиб юришни, қисқа вақтда кўп ўқиб, кейин бутунлай ташлаб қўйишдан кўра афзал, дейилади.
Қуръони каримни ўқиш, давомли тиловат қилиш билан бирга унинг чуқур маъноларини, етук ҳикматларини англаб етишга ҳаракат қилиш лозим. Қуръони каримга амал қилиш, унинг кўрсатмаларига эргашиш маъноларини тушуниш билан бўлади. Аллоҳ таоло:
“Ахир, улар Қуръон (маъноларини) ўйлаб кўрмайдиларми?!” (Нисо, 82) дея, муборак Китоб маъноларини тушуниш учун ақлни ишга солишга, тафаккур юритишга чақиради. Бошқа бир ояти каримада:
“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро, 9), дея марҳамат қилади.
Бугунги тараққиёт асрида Қуръони карим маъноларини ўрганиш, улар ҳақида фикр юритишдек илоҳий кўрсатмани амалга ошириш учун имкониятлар кўп. Зеро, киши ўз уйидан чиқмасданоқ, она тилида Қуръони карим маъноларининг таржимасидан баҳраманд бўла олади, унинг пурҳикмат ва мўъжизаларга тўла сураларини ўргана билади. Энг муҳими, ҳар биримиз ўзимизга ато этилган ушбу имкониятлардан фойдаланишимиздир. Зеро, Қуръони каримда:
“Ахир, (улар) Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?!” дейилган (Муҳаммад, 24).

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм