Мақолалар

Абу Ҳанифанинг ҳозиржавоблиги

Чоп этилди Yanvar 10, 2020 Абу Ҳанифанинг ҳозиржавоблигиda fikr bildirishni o'chirish

Имом Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилади:

“Абу Ҳанифанинг довруғини эшитиб, менда уни кўриш истаги пайдо бўлди. Маккада юрганимда бир кишининг атрофига одамларни тўпланиб олганини кўрдим. Кимдир: “Эй Абу Ҳанифа!” деди. Шунда ўзимга ўзим: “Мана – мен излаган одам” дедим.

Ўша киши имомга бундай деди:

“Мен ўзига тўқ одамман. Хуросондан келдим. Менинг бир ўғлим бор, унга бир неча марта катта маҳрлар тўлаб хотин олиб берсам, уларни талоқ қилиб юборди, шунча сарфлаган давлатим ҳавога учди. Энг қиммат чўриларни олиб бердим, уларни ҳам озод қилиб, мени кўп хуноб қилди. Бу кетишда хонавайрон бўламан. Бунга бирор ҳийла борми?”

Абу Ҳанифа эса ўйланиб ўтирмай: “Уни қул бозорга олиб чиқиб, унга ёққан бир чўрини ўзингга сотиб ол-да, сўнг уни ўғлингга никоҳлаб бер. Мабодо уни талоқ қилиб юборадиган бўлса ҳам, чўри қўл остингда қолаверади. Агар озод қилиб юборадиган бўлса, унинг берган озодлиги амалга ошмайди” деб жавоб қилди”.

Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ сўзида давом этиб айтади: “Аллоҳга қасамки, мени унинг ҳозиржавоблиги тўғри жавоблигига қараганда кўпроқ ҳайратга солди”.

Имом Заҳабийнинг“Имом Абу Ҳанифанинг маноқиблари” китобидан

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ