Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Савдогар бир жойга бориб, ишим битгунча 15 кун тураман, деб ният қилса, муқим саналадими?
ЖАВОБ: Савдогар бир шаҳарга бориб, ҳожатимни адо этгунимча 15 кун тураман, деб ният қилса, муқимга айланмайди. Чунки у ҳожатини адо этиб қайтиши билан муқим бўлиб қолиши ўртасида тараддудланмоқда. Демак, нияти ҳам барқарорликдан йироқ (“Оламгирия”, “Ал-баҳрур роиқ”).
САВОЛ: Мусофир одам борган жойида шароитлар яхши ва вақти бемалол бўлса ҳам намозини қаср қилиб ўқиши шартми?
ЖАВОБ: Ҳа. Мусофир одам, модомики сафарда ўн беш кундан кам муддат туришни ният қилган бўлса, намозларини қаср ўқиши, яъни тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат ўқиши вожиб. Борди-ю, тўрт ракатли намознинг икки ракатидан кейин ўтирган бўлса, намози дуруст ҳисобланади. Лекин кейинги икки ракат нафлни қўшиш билан саломни кечиктиргани учун гуноҳкор бўлади. Аммо биринчи қаъдага ўтирмаган бўлса, намози бузилади (“Оламгирия”, “Ҳидоя”).
САВОЛ: Пешинни таҳоратсиз ўқиганини аср намозидан кейин эслаган киши қандай йўл тутади?
ЖАВОБ: Киши таҳоратим бор деб, пешин намозини ўқигач, аср намозини таҳорат қилиб ўқиганидан кейин пешинни ўқиганида таҳорати йўқлиги эсига тушса, пешиннинг ўзини қайта ўқийди. Зеро, унутиш билан тартиб соқит бўлади. Лекин Арафотда Арафа куни шундай ҳолат юз берса, пешинга қўшиб асрни ҳам қайта ўқийди. Зеро, у ерда ўша куни аср пешинга тобедир (“Оламгирия”, “Муҳит”).
САВОЛ: Бомдод намозининг фарзини якка ҳолда ўқиётганда жамоат ҳозир бўлиб қолса, қандай йўл тутилади?
ЖАВОБ: Бомдод ёки шом намозининг фарзини якка ҳолда ўқиётганида жамоат намози барпо бўлиб қолса, қаралади: агар энди бир ракат ўқиган бўлса, дарҳол намоздан чиқиб, имомга иқтидо қилади. Бордию, иккинчи ракатда бўлса, қаралади: агар сажда қилмаган бўлса, намозини тўхтатиб, жамоатга қўшилади. Бордию, сажда қилган бўлса, намозини охирига етказади. Лекин имомга нафл нияти билан иқтидо қилмайди. Зеро, бомдоддан кейин нафл ўқиш макруҳ бўлганидек, уч ракатли нафл ўқиш бидъат ҳисобланади (“Оламгирия”, “Табйин”, “Муҳит”).
САВОЛ: Нафл намозларни қаерда ўқиш авло?
ЖАВОБ: Нафл намозларни жамоат жойларида ва масжидларда ўқимаслик, уйда ёки хилват жойларда ўқиш лозим. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса фарз ўқилган масжидда адо этилиши керак. Суннат намозлари фарз ўқилган жойдан бир қадам бўлса ҳам бошқа ерга ўтиб ўқилиши мустаҳаб. Бу имомга ҳам тегишлидир (“Оламгирия”, “Кофий”, “Ниҳоя”).
САВОЛ: Қори Қуръон хатми учун пул ёки бошқа нарсалар олиши жоизми?
ЖАВОБ: Имом Сарахсий, Мавлоно Абдулҳай раҳимаҳумаллоҳ агар олдиндан бир нарса беришини шарт қилган бўлса, мумкин эмас. Аммо ҳеч қандай шартсиз, мезбон ўзи кўнглидан чиқариб, ҳадя тариқасида берса, олиш жоиз, деб фатво берган (“Айнул илм”, “Комилия”).
САВОЛ: Пешиннинг 4 ракат суннатини ўқишга улгурмаган одам қандай йўл тутади?
ЖАВОБ: Пешиннинг 4 ракат суннатини ўқишга улгурмай, имомга иқтидо қилган киши уни фарздан кейин ўқийди. Фатво шунга берилган (“Оламгирия”, “Муҳит”, “Ас-Сирожул ваҳҳож”).
САВОЛ: Рамазонда витр намозини ўқиётган жамоатга кечикиб қўшилган одам “Қунут”ни имом билан бирга ўқийдими?
ЖАВОБ: Ҳа. “Қунут”ни имом билан бирга ўқийди. Аммо масбуқ имом витр намозининг учинчи ракати рукусини қилаётганида иқтидо қилса, кейин “Қунут” дуосини ўқимайди (“Оламгирия”, “Муҳит”).
САВОЛ: Дам солдириш жоизми? .
ЖАВОБ: Оятлардан ўқиб, дам солиш, ҳадисларда келган дуоларни ўқиб, шифо тилаш жоиздир. Аммо куфрона сўзлар, маъносиз тўқима дуолар ўқиб дам солиш мумкин эмас. Дам солиш фақат Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир этади (“Баён лин нос”).
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан