Меҳримиз офтоб бўлсин
Нима бўлди-ю, икки рўпара қўшни чиқишмай қолди. Шу орада ёнларидаги ҳовли сотилиб, янги қўшни кўчиб келди. Киришимли, оқила бека бирпасда аёллар билан чиқишиб кетди. Гап-сўзлардан икки аёлнинг арзимас сабаб билан жанжаллашиб, гаплашмай юришганидан хабар топди. Шундан кейин ўрни келиши билан уларни бир-бирига мақтайдиган бўлди. Бир куни ош дамлади, кичкина дастурхон тузаб, юзкўрмас бўлиб юрган аёлларни чақирди. Бир-биридан бехабар ҳовлига кириб келганда довдираб қолишди. Лекин янги қўшнидан хижолат бўлиб, ноилож сўрашиш учун қўл чўзишди. Вазиятни яхши билган мезбон: “Сизларни ўзимга яқин олганим учун бир чақчақлашиб ўтирайлик деб чақирдим”, дея уларни бемалол бўлишга ундади. Ундан-бундан сўзлаб, ниҳоят, уларни ҳам гапиртирди. Аввалига қовушмай турган суҳбат бирпасда жонланиб кетди. Тарқалишаркан, орадаги музлар эригандек эди…
Уч-тўрт кун ўтиб икки аёлнинг бири янги қўшнининг эшигини тақиллатди. Меҳмонга таклиф қилди. Кейин ўзича ўйлади: “Асли янги қўшнини биз иззатлашимиз керак эди. Майли, ҳечдан кўра кеч, дейдилар-ку. Шу аёлнинг шарофатидан рўпара қўшним билан ўртадаги адоват унутилгандек бўлди, барака топсин. Қандай иноқ эдик улар билан, опам дердим рўпара қўшнимни. Майли, мен кичкинаман, шунча қадрдонлик ҳурмати, яхшиликларининг ҳурмати, биринчи қадамни ташлай қолай…” Шундай дея ботиниб-ботинмай рўпарадаги дарвоза томон юрди. Шуни кутиб тургандек қўшни аёл шоша-пиша чиқди. Иккаласи бир муддат термилишиб қолишди, кейин бирваракайига қучоқ очишди…
Янги қўшни парда ортидан бу манзарани кузатаркан, кўнгли ёришди. Бир қатим меҳр нури офтобга айланганидан Яратганга шукрлар айтди.
Дилфуза УСМОНОВА
Тошкент вилояти Бўка тумани
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан