Сўраган эдингиз…
CАВОЛ: Эрим билан бир йилдан бери эр-хотин муносабатида эмасмиз. Ўртадаги алоқани тиклашга ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам фойдаси бўлмаяпти. Эр аёлини эътиборсиз қолдириб, зулм қилиши мумкинми?
ЖАВОБ: Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгага ҳам зулм қилиши катта гуноҳ саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга буюриб, уларни зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтарди. Бу иш ҳаддан ошиш ва зулм бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Хотинларни талоқ қилганингизда (улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!…” (Бақара сураси, 231-оят).
Демак, мусулмон киши хотинини яхшилик билан олиб қолиши ёки (оилани сақлаб қолиш имкони бўлмаса) яхшилик билан жавобини бериши керак. Аллоҳнинг азоби золимларни қаттиқ тутади.
CАВОЛ: Қабрни очиб, маййитни бошқа жойга кўчириш мумкинми?
ЖАВОБ: Мусулмон киши ҳаётлик даврида қандай ҳурмат-эҳтиромда бўлса, вафот этганидан кейин ҳам худди шундай эҳтиромда бўлади. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Маййит қабрга дафн қилингандан кейин қайта чиқариш шариатимизда жоиз эмас. Фақат дафн қилинган жой бировнинг ери бўлса, эгаси рози бўлмаса ёки маййитнинг кафани бировдан тортиб олинган мато бўлса, маййитни қабрдан чиқаришга рухсат берилган (“Фатовои ҳиндийя” китобидан).
Мазҳабимизда жаноза намози ўқилмасдан кўмилган маййит ҳам қабрдан қайта чиқарилмайди. Балки маййит ҳали титилмаган (ёрилмаган), деб гумон қилинса (баъзи уламолар буни уч кунгача деганлар), қабрнинг ёнига келиб, унга жаноза ўқилади.
Маййит қиблага қараб ётқизилмагани ёки чап ёни билан ётқизилгани, ёхуд боши оёқ томонга қилиб қўйилгани маълум бўлса, қаралади: агар лаҳаднинг оғзи хом ғишт билан беркитилган, лекин ҳали тупроқ тортилмаган бўлса, очиб, суннатга мувофиқ қилиб қўйилади. Аммо тупроқ тортилгандан кейин билинса, қабр очилмайди (“Фатовои ҳиндийя” китобидан).
Шариатимиз рухсат берган ўринлардан бошқа ҳолатларда дафндан кейин қабрни қайта очиш мумкин эмас.
CАВОЛ: Намоз вақтидан олдин саримсоқ, пиёз ейиш мумкинми?
ЖАВОБ: Динимизда пиёз ёки саримсоқ еб масжидга келишдан қайтарилган. Чунки бадбўй ҳидлардан фаришталар ҳам, одамлар ҳам озор чекади. Шунинг учун бу макруҳ саналади. Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ким пиёз, саримсоқ ва дашт пиёзи еса, масжидимизга яқин келмасин, чунки фаришталар одамлар азият чекадиган нарсалардан озорланадилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллома Бадриддин Айний бундай дейдилар: “…Ҳадисда зикр қилинган (кўкат)ларга ҳар қандай ёқимсиз ҳидли, ейиладиган ёки ейилмайдиган нарсалар киради” (“Умдатул қорий” китоби).
Комил мусулмон ўзгаларга қўли, тили ҳатто ҳид билан ҳам озор бермайди. Жамоат намози ва бошқа одамлар тўпланадиган жойларга кийимларимиз, баданимиз ва оғзимизни поклаб боришимиз, хушбўйликлардан фойдаланишимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Турли хил ёқимсиз ҳидлар келиб турган иш кийимларида, пиёз, саримсоқ, носвой ва тамаки ҳиди анқиб турган ҳолатда масжид ва жамоат жойларида ҳозир бўлиш суннатга хилофдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушбўйликларни яхши кўрар, бадбўй ҳидларни ёқтирмас эдилар. Ким Аллоҳнинг расулига итоат қилса, ҳақиқатда Аллоҳга итоат қилган бўлади.
CАВОЛ: Саждада оёқлар кўтарилиб, ердан узилиши билан намоз бузилади дейишади. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Уламоларимиздан Имом Қудурий ва Имом Фахриддин Қозихон: “Саждада оёқларни ерга қўйиш фарз амал саналади. Агар сажда асносида ҳар икки оёқ ердан узилса намоз бузилади”, дейишган.
Намозхон сажда қилсаю, оёқларини ерга қўймаса, намози жоиз бўлмайди. Агар сабабсиз икки оёғидан (бирини кўтариб) бирини қўйса, макруҳлик билан намози дуруст бўлади (“Фатовои ҳиндийя” китобидан).
Сажда қилганда оёқ бармоқлари қибла тарафга имкон қадар йўналтирилиши суннат. Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом сажда қилганларида икки қўлларини ёймасдан ва йиғмасдан (ўз ҳолича) ерга қўярдилар. Оёқ бармоқларини қибла томонга қаратардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Намозхон сажда қилганда оёқларини ердан кўтармаслиги лозим. Акс ҳолда намози бузилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси
Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан