Мақолалар

Саховатли мўминнинг даражаси

Чоп этилди Yanvar 15, 2020 Саховатли мўминнинг даражасиda fikr bildirishni o'chirish

Меҳр-оқибат кўрсатиш, ёрдамга муҳтож одамларга ғамхўрлик қи­лиш динимизда тарғиб этилган эзгу амаллардан. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси — одамларга энг кўп манфаати тегадиганидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар ро­зиял­лоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмай­ди, уни ҳалокатга таш­ла­майди. Ким биродари­нинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қи­лади. Ким мусулмоннинг бир ғамини аритса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунидаги ғамларнинг биридан халос этади. Ким бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади” (Имом Бухорий ривояти), деганлар.

Ҳадиси шарифдаги “зулм қилмайди” жумласи зулм қилманг, деган маънони анг­латади. Чунки зулм – ҳаром. Мўмин киши дўст-яқинига кўмаклашиши, муаммоларини ҳал қилишда масла­ҳат бериши зарур. Ҳазрат Алишер Навоий байтларидан бирининг мазмуни бун­дай: «Иброҳим алайҳисса­лом қурган уй – Каъбани, агар зарурат бўлиб қолса, таъмирлаш, обод қилиш улуғ ва савобли амал. Аммо мўмин қалбини шод этиш, унга қувонч бахш этиш фа­зилатлироқ амал бўлиб, ҳа­қиқий марднинг ишидир. Аллоҳ таоло Каломи шарифида мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўлади­ган, Парвардигорига­ги­на (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2–4-оятлар).

Ҳақиқий мўмин қўлидаги барча нарсани Аллоҳ таоло­нинг омонати деб қабул қи­лади. Шу боис уни Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф этади. Шунингдек, қўлидаги бойликнинг кўплигига қувон­майди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаб, ҳаловат то­пади. .

Аллоҳ таоло бундай таъ­­лим беради: «Эй имон кел­тир­ганлар! На мол-дунё­ла­рин­гиз ва на фар­занд­ла­рингиз сизларни Аллоҳ­нинг зикридан (Ун­га ибо­дат қи­лишдан) чал­ғитиб қўйма­син! Ким шун­дай қилса, ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келгани­да: “Ё Раббим! Мени озгина (тирик) қол­дирсанг-чи, мен садақа қи­либ, солиҳ бандалардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қи­линглар. Аллоҳ бирор жон­ни ажали келганида кеч­га қолдирмас. Аллоҳ қила­ётган (барча) амал­ла­рингиздан хабардордир» (Мунофиқун сура­си, 9–11-оятлар).

Инсон табиатан ялқов, нафс истаклари, бойликка ҳирс уни ибодатлардан тўсади. Баъзилар ҳой-ҳавас кетидан юриб, ажали келганини ҳам пайқамай қолади. Куч-қувват борида ибодат қилиш, фурсат ва имкон борида мол-мулкини фақат яхшиликка сарфлаш керак.

Имони заиф кимсани нафси аммора саховат қилиш лозим бўлган ўринда фақир бўлиб қолишдан қўрқитади. Ҳатто ота-онаси, хотин, бола-чақасининг нафақасидан ҳам тўсишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ йўлида сарфланган бойлик асло камаймайди, аксинча, яна ҳам кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирил­ган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақи­қий мўмин шарафига лойиқдир. Бу каби сифатларга эга бўлган ҳақиқий мўминлар учун “…Парвардигор ҳузу­рида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)…”.

Ҳақиқий мўминлардан бў­лишни ис­таган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатлардан баъзисининг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Шундай экан, барчаларимиз Аллоҳ таоло ҳузу­ридаги улуғ даражаларга эришишга ҳа­ракат қилмоғимиз зарур.

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ

Тошкент шаҳридаги «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан