Акамга
Дадам бир куни ҳаммамизга қора қалам тарқатди. Ортиб қолган иккитасини “Бунга тегманглар!” деб олиб қўйди. Муҳандис бўлган дадамнинг асосий қуроли қора қалам эди. Мен эртасигаёқ ўзимникини йўқотдим. “Захира”дагидан биттасини олиб ишлатиб юравердим. Уч кундан кейин дадам қаламини сўради. Тўғрисини айтишга қўрқдим. Дадам ҳаммамизни жазолади. Ҳовлига чиқариб қўйди. Қоронғи ва совуқ эди. Шунда катта акам: “Ким олган бўлса, айтсин. Бу туришда шамоллаб қоламиз”, деди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, “мен қилдим” дедим. Ичкарига кирдик. Дадам “айбдор”ни роса уришди. Акам кўзида ёш билан ётоғига кириб кетди…
Акажон, кейинчалик ҳақиқатни айтганимда кулиб қўя қолдингиз. Зотан, бу мен учун кўрсатган биринчи фидойилигингиз эмасди.
Яна бир хотирам бор сиз билан боғлиқ. Яхши кўрган финжонингиз бўларди. Нафис гуллар тасвири туширилган. Бир куни ўша финжонда чой ичгим келди ва… синдириб қўйдим. Роса қидирдингиз, мен яна ҳеч нима демадим. Бироқ сизни яхши кўрган нарсангиздан айирганим учун ўзимни кечиролмасдим.
Мен турмушга чиқдим. Икки йил ўтиб сиз уйландингиз. Икки фарзандли бўлдим. Сиз эса… йўқ. Жуда болажон эдингиз дадамга ўхшаб. Ҳар уч куннинг бирида дарвозамиз олдида турардингиз велосипедга суяниб. “Билол борми?” дердингиз беғубор боқиб. Ҳеч оғринмай кутардингиз муштдек боламни. Ўйнатиб, овқатлантириб шомга яқин олиб келиб берардингиз. Синглим, укам ҳам бола-чақали бўлишди. Ёшингиз қирқдан ошди. Сочларингизга оқ оралади. Фарзанд неъмати кечикаверди…
Бу кеча тушимда сизни кўрдим. Кимнингдир қўлида тутқун экансиз. Ортингиздан қувлаб келди, ушлаб олди қўлларингиздан. Мен ҳам ёш болани алдагандай алдай бошладим: “Акажон, борақолинг, ўзингиз ақллисиз-ку”. Соддагинам, бирпасда кўндингиз, орқага қайтдингиз қўлингизни қисган “ўша одам” билан.
Юрагим эзилиб уйғондим. Кўзимда ёш, хаёлим ёшлик дамларимизга кетди. Тўнғич фарзанд бўлганингиз учун дадамдан кўп гап эшитардингиз. Қилгуликни биз қилардик, айбдор сиз бўлардингиз. Унда бола эдик. Йиллар ўтди, биз улғайдик, сиз ўшандай қолдингиз – беғубор, содда, ювош…
Бугун ҳаммаси учун кечирим сўрайман. Мени ҳимоя қиламан деб кўп бор балога қолдингиз. Ҳаётнинг имтиҳонлари ҳам кўп экан сизга. Ҳаммасини сабр-тоқат билан енгдингиз, мўминлик ила енгяпсиз. Аллоҳга бу тонг ёлвордим – энди йўлингизда тўсиқ қолмасин, барча қатори сизни ҳам Ўзи қўлласин.
Соҳиба ИСОҚЖОН қизи
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан