Санкт-Петербург. Ўзбекистон фуқаросига қўполлик қилган давлат маъмури жавобгарликка тортилди
Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербург омбудсманига Виборг туманидаги “ягона ойна” шаклида давлат ва муниципал хизматларни кўрсатиш маркази ходимаси устидан бошқа миллат вакили бўлгани сабабли ҳурматсизлик қилингани юзасидан шикоят билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов телеграм каналида хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, марказ инспектори бепарволик билан, Ўзбекистон фуқароси аризасини рўйхатдан ўтказишдан бош тортган ва қўполлик билан паспорт ва ҳужжатларини унинг олдига ташлаган. Фуқаро ҳужжатларнинг тўғрилигини текшириб, бошқа инспекторни кутишга мажбур бўлган.
Марказ ходимаси ушбу хатти-ҳаракатлари учун ўзр сўраган ва интизомий жавобгарликка тортилган.
*****
Медиа-майдонда Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида қатор Ўзбекистон фуқаролари янги йил байрами кунлари қўлга олингани ва уларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилгани муносабати билан Россиянинг мазкур шаҳарларидаги мамлакатимизнинг дипломатик муассасалари тегишли ҳукумат органлари билан биргаликда ҳодисанинг барча тафсилотларига аниқлик киритмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти чет элдаги Ўзбекистон фуқароларидан улар борган мамлакатнинг қонунлари ва қоидаларини диққат билан ўрганишларини ва уларга қатъий амал қилишларини сўрайди.