Ҳазми таом муаммосидан халос бўлиш учун суннатнинг етти қоидаси
Тўғри овқатланиш – саломатлик гарови. Аммо инсонларнинг овқат тайёрлаш ва истеъмол қилишдаги хатолари оқибатида овқат ҳазми муаммоси кенг тарқалиб бормоқда. Қуйида Пайғамбар алайҳиссалломнинг суннатларидан ошқозон-ичак билан боғлиқ муаммоларига учрамасликка оид тавсияларини эълон қиламиз.
- Қорин очмасдан дастурхонга ўтирмаслик.
- Дастурхонга ўтиришдан олдин ва дастурхонга фотиҳа ўқилганидан кейин қўлни ювиш. Ҳадиси шарифда: “Барака таомдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, деб марҳамат қилинган (Имом Термизий ривояти).
- Таомни “Бисмиллаҳ” калимаси билан бошлаш .
“Агар кимдир таомга ўтирганда “Бисмиллаҳ”ни айтишни унутган бўлса-ю, кейин ёдига тушиб қолса, “Бисмиллаҳи ала аввалиҳи ва охириҳу”, десин” (Абу Дрвуд, Термизий ва Ҳаким ривоят қилган).
- Таомни туз билан бошлаш ва туз билан тамомлаш.
Ҳадиси шарифда: “Туз – энг яхши зиравор”, дейилган (Ибн Можа ва Табароний ривояти) Имом Байҳақий “Шуъаб ал-имон” китобида Али розияллоҳу анҳунинг: “Ким таомни туз билан бошлашни одат қилса, Аллоҳ таоло уни етмиш хил касалликдан асрайди”, деганларини келтирган.
- Таомни шошилмасдан майда чайнаб ейиш.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сувни ҳўплаб ичинглар, ютоқиб ичманглар, чунки жигар хасталиги сувни ютоқиб ичиш оқибатида келиб чиқади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).
- Бўкиб қолгунча емаслик.
Ҳадиси шарифда: “Одам тўлдириши мумкин бўлган энг ёмон идиш бу – унинг ошқозонидир. Қувватни тиклаб олишга етадиган таомни ейиш кифоя. Агар у жуда кам туйилса, ошқозоннинг бир қисмини – таомга; бир қисмини сувга; бир қисмини – нафасга тақсимласин”, дейилган (Имом Аҳмад, Ибн Можа, Имом Термиз ва бошқалар ривоят қилган).
- Таомланиб бўлганидан сўнг Аллоҳ таолога “Алҳамдулиллаҳ” дея ҳамд айтиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, инсон ҳар сафар таом еганда ва сув ичганда шукр қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло ўша бандадан мамнун бўлади”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа, Термизи ва Насоий ривояти).
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.