Буддавий қизнинг Исломга саёҳати
Менинг оилам ва бошқа қариндошларим буддавийликка астойдил эътиқод қилади. Оиламиз келиб чиқишига кўра, жамиятнинг ўрта қатламига мансуб тай ва хитой миллатларидан ташкил топган.
Менга ҳам буддавийликка садоқат руҳида тарбия беришди. Мен тез-тез маҳаллий ибодатхонага бориб, роҳибларга хайр-эҳсон қилардим ва шу ишимни жаннатга тушишга восита бўлади деб ишонардим.
Опам 9-синфни битирганидан кейин унда АҚШга бориб ўқиш имкони пайдо бўлиб қолди. У АҚШда мусулмон оила уйига ўрнашибди. У одамлар унга ягона Яратувчи ва Унинг қудрати билан инсонларнинг қайта тирилиши ҳақида чиройли тушунчалар берибди. Вақт ўтиши билан опамнинг Исломга киргиси келибди. У менга ёзган хатларида кўпинча чўчқа гўштини емаётганини, чунки унинг инсон саломатлигига зарарли экани ва шунга ўхшаш гапларни ёзар эди. Мен унинг ёзганларини қизиқиб ўқирдим-у, аммо Исломнинг қанчалик муҳим эканини англаб етмаётган эдим.
10-синфга кўчган вақтимда ҳам ибодатхонага тез-тез бориб, роҳибларга хайр-эҳсон қилиб, будда бутларидан тилакларимни сўрашни давом этар эдим. Бироқ дафъатан хаёлимга “Нега мен илтижоларимга ҳеч қандай жавоб олмаяпман?” деган савол келиб қолди. Аммо бу фикрга унчалик эътибор бермадим. Ўқув йили охирида ота-онам мени опам билан учрашиб, ёзга лагерни ўтказишим учун АҚШга юборишди.
Мен опам яшаётган мусулмон оилада бир неча кун меҳмон бўлдим. Мен улардан ягона Аллоҳга эътиқод қилиш, ҳақиқий ҳаёт ўлимдан кейин бошланиши ҳақида кўп гапларни эшитдим. Мен ана шу гапларнинг айни ҳақиқат эканига ишондим, аммо Исломга киришга шошилмадим. Ёзги лагерда бир куни биттаси Исломни ёмонлаб қолди. Менга унинг гапи ёқмади ва унга қарши гапирдим. Мен Исломни ҳимоя қилишини истаган эдим. Чунки Исломни ҳақ дин эканини ҳис қилаётгандим. Аммо бизнинг баҳсимиз натижасиз бўлиб чиқди. Негаки, иккимизда етарлича билим-асос йўқ эди.
Ёзги лагердан Таиландга қайтиб келдим ва ўқишни мактабни тугатгунча давом эттирдим. Уйдагилар отам билан бирга опамни кўриб келгани боришимни исташди. Бахтим чопиб, опам яшаётган оила ўқиш учун АҚШда қолишимга рози қилишди.
Бир неча куни ўтиб опамга Исломга кирмоқчи эканимни айтдим. Ўшанда мен 19 ёшга тўлгандим. Опам менга калимаи шаҳодатни, кейинроқ эса намоз ўқишни ўргатди. Ўшанда мен жуда кўп йиғладим, имкон қадар тезроқ бошқа мусулмонларга ўхшаб чиройли ибодат қилишини истардим.
Ҳар якшанба ушбу оиладаги отахон опам иккимизни Қуръон ўқишни ўрганишимиз учун масжидга етаклаб борарди. Устоз мени ҳарфларни ўрган дея энг кичик ёшдаги болалар гуруҳига қўшиб қўйди. Мен синфда ёши энг каттаси бўла туриб, ҳеч нарсани билмаслигимдан уялардим. Ҳатто инглизчани ҳам яхши билмаганим сабабли устоз билан ҳам тузук-қуруқ гаплашолмасдим, кўпчилик нима деётганимни тушунмасди ҳам. Ҳарқалай, бир опача менга бир амаллаб Қуръон ўқишни ўргатишга эришди.
Мен Ислом ҳақида кўпроқ билишни истардим. Интернетдан муфтий Тақи Усмонийни топдим ва унга боғландим. Аллоҳга шукрки, у менга Исломга оид кўп китоблар юборди. Шунингдек, Jamiatul Ulama (ЖАР) сайтини топдим. Қачонки менда бир савол пайдо бўлса, саволни уларга электрон почтадан юборардим ва сабрсизлик билан жавобини кутардим.
Рамазон ойида яна бир савол билан сайтга мурожаат қилганимда менга муфтий Иброҳим Дасойига боғланишимини тавсия қилишиб, айни чоқда у АҚШда эканини айтишди. Мен дарҳол маслаҳат сўраб унга мурожаат қилдим ва у менга Исломнинг моҳияти ва амалиётини тушуниб олишимги катта ёрдам кўрсатди.
Нью-Йорк университетига ҳужжат топшираман деб турганимда ота-онам ватанимга қайтишимни талаб қилишди. Негаки, уларга менинг Исломга кирганим ёқмаётган эди. Улар мени тезроқ буддавийликка қайтариш ҳаракатига тушганди. Қайтиб борганимдан сўнг Таиландда қандай яшайман – ғайри мусулмон бўлган ота-онам ва қариндошлаорим билан қандай муомала қиламан, қандай намоз ўқийман, рўмолимни ўрай оламанми, нима еб, нима ичаман, дея жуда кўп сиқилдим.
Ниҳоят, Таиландга қайтадиган кун келди. Бангкокдаги оиламиз билан яшаш осон кечмади. Жуда кўп қийинчиликлар билан юзлашишга мажбур бўлдим. Рўмол ўрашда давом этгандим, ҳаммаси қаршилик қилавергач, ечишга мажбур бўлдим. Чунки у вақтларда иймоним жуда заиф эди. Менинг ҳар замонда муфтий Дасойи билан боғланиш имконим бор эди, холос. Оиламизда менинг Исломим сабабли ҳар куни можаро эди. Шу сабабли ота-онам Лаосга бориб, у ерда бир йил қолишимни буюришди. Бироқ мен намозни вақтида ўқиш ва рамазон рўзасини тутишга ҳаракат қилардим. Шунингдек, шариат ҳаром қилган нарсаларни ҳам емасдим. Бу мамлакатда ота-онамнинг рухсатисиз кўчага ҳам чиқа олмасдим: бегона жой, бирор жойга бориш учун на пулим бор, на машина. Атрофдагиларга мафтункор кўриниш учун безанишим талаб қилинарди. Мен эса туну кун йиғлаб Аллоҳдан Исломда собитқадам қилишини, ибратли муслима бўлишимни сўрардим. Яратганга шукрки, Лаосда менинг муслима эканимдан хабар топган бир оила ҳалол егуликлар чиқариб турарди.
Динга эргашишимга имконият берадиган йўлларни кўп ўйладим. Ота-онамга қўнғироқ қилиб, ўқишни давом эттиришим учун Бангкокка қайтишга рухсат беришларини сўрадим. Ушбу қарорим тўғри бўлиб чиқди. у ерда яна рўмолимни ўрай бошладим ва мусулмон дўстлар топиб олдим.
Тез орада бўлажак умр йўлдошимни учратдим ва биз турмуш қурдик. Турмушимизнинг дастлабки йилларида осон бўлмади, бироқ иймоним секин-аста мустаҳкамланиб борди ва Аллоҳга муҳаббатим зиёда бўлди. Шунинг учун ҳам ҳаётий муаммоларни ўрни-ўрни билан ҳал қилиб боравердим. Бу ишда менга Исломни яхши билган улуғ устозларим ва яқин дўстларим, эзгуликка ошно бўлган мусулмон биродарларим ёрдам беришди.
أَفَمَن شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِّن رَّبِّهِ فَوَيْلٌ لِّلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُم مِّن ذِكْرِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
“Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар” (Зумар, 22).
Манба: http://idealwoman.org
Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА