Ҳунайн ғазотида мушрикларнинг мағлуб бўлиши хабари айтилиши ва уларнинг енгилиши
Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. Мен ва Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан доим бирга бўлиб, умуман ажралмадик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз хачирлари устида эдилар. Мусулмонлар билан мушриклар бир-бирларига юзланганларида мусулмонлар енгилиб, чекина бошладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хачирларини кофирлар томон тезлата бошладилар. Мен у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хачирлари тезлашиб кетмаслиги учун юганидан, Абу Суфён эса узангисидан ушлаб олган эди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Аббос, Асҳобус сумра[1]ни чақиргин”, деб буюрдилар.
Аббос (розияллоҳу анҳу) овози баланд киши эди, у бундай деди:
«Овозим борича “Асҳобус-сумра қаерда қолди?” деб бақирдим. Аллоҳга қасамки, овозим уларни эшитган вақтларида сигир болаларига бурилиб қараганидек ортга бурди. Асҳобус сумра: “Эй лаббай сенга, лаббай”, дея майдонга тушиб кофирлар билан урушиб кетдилар. Ансорларни чақирганда: “Эй ансорийлар[2] жамоати, эй ансорийлар жамоати”, деб хитобни Бани Ҳорис ибн Хазражда қисқа қилдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хачирнинг устидан бўйинларини чўзиб, уларнинг жанг қилишига қараб турдилар. Кейин: “Бу жангнинг энг қизғин вақти”, дея бир сиқим майда тошчалардан олиб кофирлар томон улоқтирдилар ва уларга: “Муҳаммаднинг Раббига қасам, енгилдиларинг!” деб хитоб қилдилар. Бориб, жанг майдонига қарадим, уруш ўйлаганимдек ҳолатда эди. Аллоҳга қасамки, бу жангда мусулмонлар ғалабасига сабаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кофирларга бир сиқим тош отганлари бўлди, холос. Кофирларнинг топган зарарларини томоша қилишда давом этдим, улар орқа ўгириб қочишар эди»[3].
[1] Дарахт остида Расулулллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ризолик байъатини қилганлар.
[2] Мадиналик мусулмонлар – Авс ва Хазраж қабиласи.
[3] Саҳиҳ ҳадис. Имом Муслим “Ғазвату Ҳунайн” бобида ривоят қилган.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.