Мақолалар

Уйғониш

Чоп этилди Yanvar 26, 2020 Уйғонишda fikr bildirishni o'chirish

Неча кундирки, на йиғлашни биламан, на хурсанд бўлишни. Ҳамкасбим дабдабали тўй қилиб келин туширди. Қўшним ошхонасига янги мебель олди. Шундан бери ичимда нимадир илондай ғимирлайди. “Тавба-тавба”, дейман ёқамга туфлаб. Олдин кимгадир яхшилик қилсам, куни билан дилим яйраб юрардим. Бугун яқинларимнинг ютуғи ғашимни келтиряпти.

Мен қачон бундай бўлиб қолдим? Қувонч, шодлик татимаса… Қалбимда бир дунё алам, нафрат… Атрофимдаги одамлар худди ёвга ўхшайди.

– Холажон, коптогимни олиб беринг, ҳозир оқиб кетади.

Хаёл билан кетаётган эканман, бу овоздан чўчиб кетдим. Тўрт ёшлар чамаси болакай мунчоқдек қора кўзларини пирпиратиб, совқотиб қолган қўлчаларини узатганча ариқ томонни кўрсатди. Беихтиёр ўша ёққа шошилдим. Эгилиб коптокни олаётганимда томоғимга нимадир тиқилди. Қароғларимни тўлдириб келаётган кўзёшларга эрк бердим. Йиғи ичра жилмайиб болага коптокни узатдим.

– Катта раҳмат, холажон, – ширин тилида миннатдорлик билдирди миттивой.

Шу пайт юрагим нохос уриб кетгандек бўлди: “дук-дук, дук-дук…” Кўз олдимда борлиқ ёришиб кетди гўё. Яна оламга меҳрли нигоҳлар ила боқа бошладим: “Ўзингга шукр, Раббим, ҳисобсиз шукр!”

Мени яшашга ундаган болакайга ич-ичимдан раҳмат айтиб борарканман, ғам-ташвишларга қоришиб қолмай, борлиққа болаларча соф нигоҳ билан қараш керак­лиги ҳақида ўйлардим.

Дилфуза АБДУЛЛОҲ

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан