ЖАНОЗА НАМОЗИДАГИ ШАРТЛАР
Жаноза намозини ўқувчи кишида намознинг шартлари топилиши лозим. Улар қуйидагилар:
- Ислом.
- Ақл расо бўлиши.
- Кийими, бадани ва маконининг нажосатдан поклиги.
- Аврати ёпиқ бўлиши.
- Қиблага юзланиш.
- Ният.
Жаноза намози ўқилиши учун маййитда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:
- Мусулмон бўлиши. Катта гуноҳни қилганларга ҳам жаноза ўқилади.
- Бутун жасади ёки аксари мавжуд бўлиши. Бирор аъзога жаноза намози ўқилмайди.
- Маййит қиблага юзлантирилган ҳолда имомнинг олдига, ерга қўйилиши. Ғойиб кишига жаноза намози ўқилмайди. Аҳли сунна вал – жамоа имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларида узоқдаги маййитга ҳам жаноза намози ўқиса, жоиз. Улар бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам подшоҳ Нажжошийга ғойибдан жаноза намозини ўқиганларини далил қиладилар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда эса, узоқдаги маййитга жаноза намози ўқилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг подшоҳ Нажжошийга ўқиганлари унгагина хосдир. Бошқалар унга қиёс қилинмайди[1]. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вақтларида кўплаб саҳобалар турли жойларда вафот этганлар, уларнинг вафоти ҳақидаги хабарлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келган, лекин бирортасига ҳам ғойибона жаноза ўқимаганлар. Шунингдек, маййит одамларнинг қўлида ё елкасида турган ҳолида ҳам жаноза намози ўқилмайди.
- Жаноза намозидан олдин ҳаёт экани маълум бўлиши керак. Ўлик тўғилган болага жаноза намози ўқилмайди.
- Маййит пок бўлиши[2].
Шунингдек, жаноза ўқилиши учун маййит ғусл қилдирилган ёки (сув топилмаган бўлса,) таяммум қилдирилган бўлиши керак. Агар ғусл ё таяммумсиз кўмилган ёки жанозани ўқиб берган киши таҳоратсиз ўқиган бўлса, қабрдан чиқариб олмасдан, ўша ҳолатида жаноза намози ўқилади.
Жаноза намозининг шартлари ҳам бошқа намозлар шартига ўхшайди. Жаноза намозида ҳам, барча намозларда бўлгани каби, таҳорат, сатри аврат, қиблага юзланиш шарт.
Жаноза намози маййит ғусл қилдирилмасдан олдин ўқилган бўлса, ғусл қилдириб, жаноза қайтадан ўқилади.
Жаноза намози ўқилишидан олдин маййитдан чиққан нарса сабабли кафанга нажосат етса, жаноза намозини ўқишга монелик қилмайди[3].
Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан
[1] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз, 504-бет.
[2] Ваҳба Зуҳайлий. Ўша манба, 500-бет.
[3] Ҳомид Мирзо Фарғоний Намангоний. «Ал-фатҳур – раҳмоний». Мадина: «Дорул-иймон». 1987, 1-жуз, 188-бет.