Абу Маҳзура Жумаҳий
Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилади: «Бир киши келиб: “Ё Набияллоҳ, энг биринчи жаннатга ким киради?” деб сўради. “Набийлар”, деб жавоб қилдилар. Ҳалиги одам сўрашда давом этди: “Кейин ким?” “Шаҳидлар”, дедилар. “Кейин ким?” деб яна сўради. “Кейин Макканинг муаззинлари”, деб жавоб бердилар. “Кейин ким, ё Набияллоҳ?” деб сўради. “Байтул Мақдис муаззинлари”, деб айтдилар. “Кейин ким?” деб яна мурожаат этди. “Мана шу масжид муаззинлари”, деб жавоб қилдилар. “Кейин ким?” деб сўраган эди: “Сўнгра амалларига кўра бошқа муаззинлар”, деб марҳамат қилдилар» (“Табақотул кубро”).
Ҳунайн ғазоти мўминларни ларзага солди. Чунки Қуръони каримда уларга итоб келганди: “Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз” (Тавба сураси, 25-оят).
Набий алайҳиссалом Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга азон айтишни буюрдилар. Билолнинг азони барча ерга эшитиларди. У ларзага тушган кўнгилларга малҳам берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар намозга ҳозирлик кўриш учун ўрнидан туришди. Мана шу ерда ажойиб ҳодиса рўй берди.
Дарахтлар ортидан Билол розияллоҳу анҳунинг айтаётган азонини масхаралаётган овоз эшитила бошлади. Бу овоз шундоқ ҳам диллари вайрон саҳобаларнинг ғамини янада кўпайтирди. Ҳатто баъзи саҳобалар мана шу аҳмоқнинг таъзирини беришмоқчи бўлишди.
Аммо буюк муаллим – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқача фикрда эдилар. У зот алайҳиссаломнинг юзларида табассум балқди. Бу ҳолат эса аҳмоқнинг таъзирини бермоқчи бўлганларни тўхтатиб қолди. Масхаралаётган овознинг ёқимлилиги Набий алайҳиссаломни ажаблантирарди. .
Бу истеъдод соҳиби дарахтлар орасидан кўринмас эди. У шу топда мусулмонлар ва Ислом шиори устидан кулаётганини билмасди. Лекин Олий ва Қудратли Зот уни юзага олиб чиқди.
Келинг, ушбу воқеани батафсил сўзлаб бериш учун Абу Маҳзурани тинглаймиз: «Ўшанда мен бир неча дўстларим билан Макка кўчаларида ўйнаб юрардик. Бир пайт Набий алайҳиссалом Ҳунайн ғазотидан қайтаёганларини эшитиб, улар келадиган тарафга бордик.
Яқинлашиб қолишганда, дам олиш учун бир ерда тўхташди. Бироздан сўнг Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу азон айта бошлади. У вақтларда мен Набий алайҳиссаломни хушламасдим.
Дўстларим билан азонни масхаралаб, бор овозим билан Билол айтаётган сўзларни қайтара бошладим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни эшитиб: “Азон чақираётганларнинг орасидан жуда гўзал овозни эшитдим”, дедилар. Кейин ҳузурларига боришимиз учун одам жўнатдилар. Келганимизда мен ва дўстларим қўрқувдан титраб турардик. У зот нурли чеҳралари ила юзландилар ва: “Бироз аввал қайси бирингизнинг овозингиз азондан ҳам баланд бўлди?” деб сўрадилар. Дўстларимнинг барчаси менга ишора қилишди. У зот алайҳиссалом: “Барчангиз кетишингиз мумкин. Фақат Абу Маҳзура қолсин”, дедилар.
Қаттиқ қўрққанимдан юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга табассум қилдилар, сўнгра қўллари билан пешонамни ва кўксимни силадилар. Мана шундан кейин мендаги қўрқув кетди.
Абу Маҳзура сўзида давом этади: Набий алайҳиссалом: “Байтул Ҳарамга бориб азон айт”, дедилар. Шахсан ўзлари менга азон лафзларини айтиб турдилар: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ.” Азонни тугатишим билан у зот мени яна ёнларига чақирдилар. Бир халтача кумуш бердилар.
Шу пайт у зотга бўлган нафратим ўз-ўзидан йўқолиб, ўрнига муҳаббат пайдо бўлди. Бу воқеадан кейин мен Маккада азон айтишга рухсат сўрадим. Менга изн бердилар. Атоб ибн Усайднинг ҳузурига бордим, у билан Маккада галма-гал азон айтадиган бўлдим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Маҳзуранинг бошини силаганларидан кейин у сочини умуман олмади. У: “Набий алайҳиссаломнинг муборак қўллари теккан ва барака тилаган сочимни асло олмасман”, дерди (“Усдул ғоба”).
Абу Маҳзура яна бундай ривоят қилади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ, азоннинг суннатини ўргатсангиз”, деб мурожаат қилдим. Улар пешонамни силаб, бундай дедилар: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” – бу ерда овозингни баландлатасан – кейин: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ”, буни овозингни пастлатиб айтасан. Сўнгра овозингни шаҳодат билан баландлатасан, “Ҳаййа ъала солаҳ, ҳаййа ъала солаҳ, ҳаййа ъалал фалааҳ, ҳаййа ъалал фалааҳ”дан кейин агар бомдод намози бўлса: “Ассолату хойрум минан навм, Ассолату хойрум минан навм, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб айтасан, дея таълим бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Шу-шу Абу Маҳзура муаззинлик вазифасида қолди. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин ҳам ўз ишини давом эттирди.
Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу Дорун Надвага келди. Сўнгра Абу Маҳзура азон айтди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу келиб: “Овозинг қандай ҳам яхши ва баланд. Лекин овозингни баландлатганингда қовуғинг ёрилиб кетишидан қўрқмайсанми?” деди. Абу Маҳзура: “Эй мўминлар амири, овозимни эшитишингизни хоҳладим”, деди. У зот розияллоҳу анҳу: “Эй Абу Маҳзура, сен иссиқ ўлкадасан. Намозни совитгин (яъни: “Куннинг қоқ ўртасида эмас, балки кун сал оғганда ўқигин”. (Бу – пешин намози ҳақида)), сўнгра азон айт ва мени ҳузурингда топасан”, деди» (“Сиярул аъламин нубало”). .
* * *
Қиссамиз қаҳрамони Абу Маҳзура Қурший Жумаҳий. Исми борасида ихтилоф бор. Бир ўринда: Самра ибн Маир дейилса, бошқа манбада: Авс ибн Робия деб келган. Муҳаммад ибн Бағдодийнинг айтишича, у Макка фатҳи куни Исломга кирган. Онаси: Хузоия. Акаси: Унайс ибн Миъяр Бадрда кофир ҳолда ўлган. Фарзандлари: Абдулмалик, Худайр. Имом Заҳабий Абу Маҳзурани: “Энг баланд ва гўзал овоз соҳиби бўлган”, деб васфлайди.
Абу Маҳзура розияллоҳу анҳудан ўғли Абдулмалик, аёли, Асвад ибн Язид, Абдуллоҳ ибн Муҳайриз, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди. .
Имом Воқидий раҳимаҳуллоҳ бундай келтиради: “Абу Маҳзура умрининг сўнгги, яъни ҳижратнинг тўқсон бешинчи йилига қадар Маккада азон айтди. Ундан сўнг фарзанди, сўнг унинг фарзанди, сўнг унинг фарзанди, шу йўсинда ҳозирги кунгача Маккада Абу Маҳзуранинг авлодлари азон айтиб келишмоқда” (“Сиярул аъламин нубало”). .
“Усдул ғоба”, “Сиярул аъламин нубало”, “Табақотул кубро”, асарлари асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Талъатжон УМАРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан