Леонарда до Винчининг “Сўнгги кечки таом”и
Бразилиялик машҳур ёзувчи Пауло Каолонинг қуйидаги ҳикояси машҳур:
Леонардо до Винчи “Сўнгги кечки таом” асарини яратгунча ғоят катта қийинчиликка дуч келди. Чунки у яхшиликни Исо алайҳиссалом сиймосида, ёмонликни эса Исо алайҳиссаломнинг яқин дўсти бўлган ва кечки таом вақтида унга хиёнат этишга қарор қилган Яҳудонинг сиймосида тасвир этиши керак эди.
Картина ярмига келганда у натура бўлиб турадиган икки кишини ахтара бошлади. Бир куни черков хори берган концерт томошасига борганида хордаги ижрочиларнинг бирини Исо алайҳиссаломга ўхшатди. Уни натурачи бўлиб туришини илтимос қилиб ижодхонасига таклиф қилди. Унинг юзига қараб туриб ҳисобсиз қоралама ва эскизлар чизди. Орадан уч йил ўтди. “Сўнгги кечки таом” якунига етаёзган эди. Бироқ Леонардо до Винчи ҳали ҳам Яҳудога натура бўлиб туриши мумкин бўлган одамни тополмаганди.
Бу орада картинани буюртма қилган черков кардинали Леонардони ишини тезроқ битиришини талаб қилиб сиқувга ола бошлади. Кўп кунлар натура қидирганидан сўнг рассом ёшидан хийла илгари кексайиб қолган афтода бир одамни учратиб қолди. Йиртиқ-ямоқ кийимлар ичидаги жулдурвоқи бу одам сархушликдан ўзини йўқотиб, хиёбон четига йиқилиб қолган эди.
Леонардо ёрдамчиларига уни кўтариб бўлса-да, черковга олиб боришларини буюрди. Чунки бошқа вақти қолмаган эди. Черковга етгунча ёрдамчилар ўша одамни оёққа тургизиб олдилар. У бечора нималар бўлаётганини тушунмаётган эди. Леонардо одамнинг юзида акс этган ишонсизлик, гуноҳ, худбинликни тасвирга тушира бошлади…
Леонарда ишини битирган чоқда у ҳам ичкиликнинг таъсиридан қутулиб кўзларини очди ва деворга солинган расмни кўриб ҳайратдан тахта бўлиб қолди. Кучли ҳаяжон ва маҳзунликда:
– Мен бу тасвирни илгари ҳам кўрганман…– деди
– Қачон? – деб сўради Леонардо. У ҳам ҳайрон бўлган эди.
– Уч йил бурун, – деди одам, – қўлимда, кафтимда турган нарсаларни йўқотишимдан олдин… Ўша кезларда бир хорда қўшиқ куйлардим. Ажойиб орзуларим бор эди. Юзларимнинг порлаб турганини кўрган бир рассом менга Исо алайҳиссаломнинг юзи учун моделлик қилишимни сўраган эди…
Пауло КАОЛО
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ