Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Баъзи кишилар юртимизда урф бўлган эҳсон маросимларида Қуръон тиловати қилиш шариатда йўқ, марҳумларга унинг савоби етмайди, бу бидъат, дейишмоқда. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Аслида Қуръон тиловати ва бошқа молиявий ҳамда баданий ибодатларнинг савоби марҳумларга етади. Аҳли суннат вал жамоат мазҳабидагиларнинг эътиқоди шундай.
Ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан Имом Абу Жаъфар Таҳовий бундай дейдилар: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир” (“Ал-Ақидатут Таҳовия”)
Имом Ибн Можа Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўтганлар ҳаққига “Фотиҳа” сурасини ўқишни буюрганларини ҳам ривоят қилган.
Шуни таъкидлаб лозимки, қори Қуръонни бирор нарса тама қилмай, холис ўқиши лозим. Унга бирор эҳсон берилганда Қуръон ўқиганининг ҳақи деб эмас, балки ҳадя сифатида бериш керак.
CАВОЛ: Имом бомдоднинг фарзини бошлаган пайтда масжидга келган киши аввал суннатни ўқийдими ёки имомга эргашадими?
ЖАВОБ: Жамоат бошланганда бомдод намозининг икки ракат суннатини ўқимаган киши агар суннатни ўқиса, фарзнинг бир ракаатини жамоат билан ўқишга улгурадиган бўлса, суннатни ўқиб, сўнгра имомга иқтидо қилади.
Мазкур ҳолатда суннатни фарз ўқилаётган сафда ўқимайди. Балки, имкон бўлса, бошқа хонада ёки сафдан узоқроқ жойда ўқиб, сўнг жамоатга қўшилади. Агар суннатни ўқиса, фарзнинг бир ракаатига ҳам улгурмайдиган бўлса, суннатни ўқимасдан жамоатга қўшилади. Чунки жамоатга эргашишнинг савоби суннатни ўқиш савобидан кўпроқдир. Жамоатни фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Киши жамоатга қўшилганлиги сабабли ўқилмаган бомдоднинг суннатини фарздан кейин ўқимайди. Бомдоднинг суннати фақат бир ўринда – фарзи билан бирга қазо бўлса, ўша куни завол вақтигача фарзи билан ўқилади. Заволдан кейинга қолса, фақат фарзининг қазоси ўқилади (“Фатҳу бабил иноя” ва “Ҳидоя” китоблари).
CАВОЛ: Жаноза намозида имомга иқтидо қилган кишилар ҳам “Аллоҳу акбар” дейиши керак экан. Мабодо айтмаса, намози бузилармиш. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Жаноза намозига киришдаги такбир (“Аллоҳу акбар”) ва ундан кейинги уч такбирни айтиш имомга ҳам, иқтидо қилувчиларга ҳам фарздир. Фиқҳий китобларимизда бундай дейилган: “Жаноза намозининг такбирларидан ҳар бири бир ракат намознинг ўрнидадир. Жанозанинг тўрт такбиридан бири тарк қилинса, жаноза намози дуруст бўлмайди” (“Ал-Муҳитул бурҳоний”).
Демак, жаноза намозида имом такбир айтганда иқтидо қилган киши ҳам имомга эргашиб такбир айтиши лозим бўлади. Акс ҳолда жаноза намозини ўқимаган бўлади.
CАВОЛ: Хуфтон намозининг тўртинчи ракати охирида “Аттаҳият” ўрнига “Фотиҳа” сурасини ўқиса намоз бузиладими?
ЖАВОБ: Йўқ, намоз бузилмайди. Аммо саждаи саҳв лозим бўлади. Чунки аввалги қаъдада ҳам, охирги қаъдада ҳам “Ташаҳҳуд” (“Аттаҳияту”) дуосини ўқиш вожиб. Уни унутиб тўлиғича ёки баъзи қисмини ўқимаслик, саждаи саҳвни вожиб қилади.
Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан