САБОҚ
Тошкентга келганимда Чиғатой қабристонига зиёратга бормоқчи бўлдим. Пойтахтда ўзгаришлар кўплигиданми йўлни адаштирдим. Бекатда автобус кутиб ўтирган мўйсафиддан сўрасам:
- Яқин қолдингиз, – деди, – меҳмонга ўхшайсиз, сизга энг қулайини айтай. Кўчанинг у тарафига ўтиб, ўнг томонга қараб таксига ўтиринг. Киракашларнинг ҳам ҳар хили бор. Бошқа шаҳардан келганлигингизни билиб чув туширишмасин, эҳтиёт бўлинг. Ўзи икки минг сўмлик йул…
Отахонга раҳмат айтиб йўлнинг қарама-қарши томонига ўтгач, елиб келаётган “Матиз”ни тўхтатдим.
- Ўтиринг, – деди ҳайдовчи йигит гапимни эшитгач эгни-бошимга синчков тикилиб, – анча олис, йўл ҳақи беш минг бўлади.
Кариянинг гапи эсимга тушиб жилмайдим.
- Шундайми? – дедим юзига тикилиб, – ўзи икки минг сўмлик йўл. Мен сизга уч минг бераман, розимисиз?
Назаримда, ҳайдовчи қизариб кетгандай бўлди. Бир зумда манзилга етиб келдик. Машинадан тушаётиб пул узатсам, кўзини ерга қаратди ва:
- Қўйинг, ака, – деди овози бўғилиб, – сиздан ҳақ олмайман. Бугун менга зўр сабоқ бердингиз…
Содиқжон ИНОЯТОВ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан