Сўраган эдингиз…
Савол: Каъба, Масжидун Набийнинг сурати бор жойнамозда намоз ўқиш жоизми?
Жавоб: “Ҳидоя”да бундай дейилади: “Намоз ўқиётган кишининг атрофида ё олдида жонсиз нарсаларнинг сурати бўлса, макруҳ бўлмайди. Аммо турли шакллар билан нақшланган жойнамоз хаёлни чалғитса ё хушуга зарар етказса, унинг устида намоз ўқиш макруҳи танзиҳий (енгил, ҳалолга яқин макруҳ) бўлади”. Каъба ёки Масжидун Набийнинг расми бор жойнамозда туришда ният уларни таҳқирлаш бўлмаса, расмларни оёқости қилмаслик, босмаслик шарти билан намоз ўқиш жоиз.
Савол: Ҳозирги ихчам маҳсиларнинг сирмаси бор, уларга масҳ тортса бўладими?
Жавоб: Маҳсига масҳ қилиш жоиз бўлиши учун шаръан талаб қилинган шартлар ихчам маҳсиларда мавжуд. Шунинг учун унга масҳ тортиш жоиз. Аммо сирмаси бузилиб, тўпиқ очилиб қолса, унга масҳ қилиб бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортишни жоиз қиладиган шартлардан бири тўпиқни ёпиб турадиган бўлишидир.
Савол: Хотирасида Қуръон суралари бўлган телефон билан ҳожатхонага кириш мумкинми?
Жавоб: Экранда оят-ҳадис кўриниб турмаган телефонлар билан ҳожатхонага кириш мумкин.
Савол: Хизмат юзасидан ҳаж мавсумида ҳожилар билан Жидда аэропортига учиб бориб-келса-ю, Мино, Арафот, Муздалифада туриш, шайтонга тош отиш каби ҳаж амалларини бажармаса, у одам ҳожилик мартабасига эришган ҳисобланадими?
Жавоб: Йўқ. Ҳаж қилган ҳисобланмайди. Ҳажнинг фарзлари, вожиблари ва суннатлари бор ва яна ҳаж маълум кунларда адо этилади. Ҳажни ўз вақтида адо этмаган одам ҳаж қилган ҳисобланмайди. Шуни билиш лозимки, ҳожилик мақом ё мартаба эмас. Ким ҳаж амалини қилса, зиммасидаги бир фарзни адо этган бўлади. Шундай экан, ундан фахрланиш, ўзини “фалончи ҳожи” деб таништириш мутлақо ярамайди. Аксинча, ҳаж амалини адо этишга муяссар қилиб, гуноҳлардан покланиш фурсатини насиб этгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиши, амаллари қабул бўлишини ёлвориб сўраши ва кейинги ҳаётини гуноҳ-маъсиятлардан йироқ ҳолда ўтказишга астойдил интилиши лозим.
Савол: Ҳажга бориш учун йиғаётган маблағидан закот бериш керакми?
Жавоб: Агар ҳажга бориш учун тўплаётган, нисоб миқдоридаги маблағига бир қамарий йил тўлган бўлса, унинг қирқдан бирини закот сифатида бериши лозим.
Савол: Хатми Қуръонда қатнашиб, кейин бошқа биродаримизнинг уйига тўйга келдик, хонадон эгаси: “Сизлар дуои фотиҳадан келяпсизлар, аввал ўз уйларингизга кириб, ундан кейин тўйхонага киришингиз керак!” деб бизни қайтарди. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу мутлақо нотўғри. Аниқроғи, хурофотдан бошқа нарса эмас. Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи, унинг тиловати – ибодат ва энг афзал зикр. Қаерда Аллоҳ таолонинг каломи тиловат қилинса, ўша ерга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Шундай экан, раҳмат ёғилган жойдан келган одамдан шумланиш соғлом эътиқодли мусулмонга тўғри келмайди.
Савол: Аёл киши таҳорат олишда ўзининг эри ва яқинлари олдида ўтириши, бемалол билакларини шимариб, оёқларини тиззагача очиб таҳорат қилиши дурустми?
Жавоб: Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ёки аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган ёш болалардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! Яна яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангиз (Нур сураси, 31-оят). Эркаклар ўзларига маҳрам бўлган (никоҳланиши ҳаром бўлган) аёлларнинг аъзоларининг маълум қисмини – юзини, бўйнини, билагини, болдирини кўриши мумкин.
Аммо саволда айтилганидек, маҳрамлари олдида тиззасини очиб таҳорат қилиши жоиз эмас. Аслида аёллар таҳоратни маҳрам эркакларнинг ҳам кўзлари тушмайдиган, панароқ жойда қилганлари яхши.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан