Аллоҳ таолонинг (ҳақлигини) тасдиқ қилган эди, Аллоҳ таоло ҳам уни (сўзини) тасдиқ этди
Шаддод ибн Ҳоддан ривоят қилинади:
«Аъробийлардан[1] бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилди ва у зотга эргашишини маълум қилиб: “Мен сиз билан бирга ҳижрат этаман”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни саҳобаларидан баъзиларига тайин этиб ҳамроҳ қилдилар. Хайбар ғазотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлжаларни тақсимладилар. Ўша аъробийга ҳам ўлжадан маълум миқдор тақсим қилиб, унинг ҳақини эгасига етказиш учун ҳамроҳларига бердилар. У қўшин ортида (қўшин учун) қўй боқар эди. Келган вақтда ҳамроҳлари ўлжадан унга ажратилган ҳақини бердилар. У киши: “Бу нима?” деб сўради. Саҳобалар: “Сенга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлжадан тақсим қилган нарса”, деб жавоб бердилар. Аъробий уни кўтариб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борди ва: “Мен сизга бу нарса учун эргашмадим, лекин мана бу жойимдан отилиб, ўлгандан кейин жаннатга кириш учун эргашган эдим”, деб ҳалқумини кўрсатди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сен Аллоҳни тасдиқ этсанг, Аллоҳ ҳам сени тасдиқлайди”, дедилар. Кейин ўша одам жанг бошланганда жангга кирди. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келтирдилар, у ўлган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу ўша кишими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У Аллоҳ таолони (ҳақлигини) тасдиқ қилган эди, Аллоҳ таоло ҳам уни (сўзини) тасдиқ этди”, дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни жуббаларига кафанладилар. Жаноза номозини ўқиб, ҳақига дуо қилдилар: “Аллоҳим, бу банданг Сенинг йўлингда ҳижрат қилиб шаҳид бўлди. Мен унга гувоҳман”, дедилар»[2].
[1] Саҳрода яшайдиган араблар.
[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Насоий. “Сунан”, 4-жуз, 60-ҳадис. Байҳақий, “Сунан”, 3-жуз, 595-ҳадис.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган