Ижтимоий тармоқда савобли иш учун мингдан ортиқ ижобий “лайк” қўйилди
Фейсбукнинг ўзбек сегментида мингдан ортиқ ижобий “лайк” олган постларни ҳар куни учратиб бўлмайди. Бугун эса бир савобли иш акс этган “пост”ни мингдан ортиқ одам қўллаб-қувватлади.
Бу постни “Дил Дил” деб номланган аккаунт эгаси ўз саҳифасида ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Халқ фикри” гуруҳига жойлаштирган эди. Унинг ёзишича, “Президентимизнинг имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва иш билан таьминлашга оид фармойишларига асосан менинг эзгу орзуларим рўёбга чиқди. 2020 йил 4 февраль куни бизнинг тикув цехимизга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ташриф буюрди. Менинг бизнес-ғояни Ўзбекистон бўйича татбиқ этишга ваъда берди…”
Бу пост муаллифи сурхондарёлик Дилафрўз Каримова бўлиб, у Термиз шаҳридаги “Гулбаҳор нурли келажак” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилади.
Маълум бўлишича, жамият раҳбари Д.Каримова жамиятнинг ўз биноси бўлмаганлиги, маҳсулотлари учун бозор топишда қийналганлиги, ногирон ходимларининг ишлаши учун имконият етарли эмаслиги бўйича йиллар давомида турли ташкилотларга мурожаат қилиб келган.
Д.Каримованинг мурожаати Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, прокуратура ташаббуси билан жамият учун Термиз шаҳар ҳокимлиги балансидаги бўш бино қарор асосида ажратиб берилди. Ушбу бўш бинонинг ички ва ташқи томонлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ногирон ходимларнинг ишлаши ҳамда яшаши учун шароит яратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, жамиятнинг банк олдидаги кредити сўндирилиши, ногирон ходимлар учун ҳаракатланиш аравачалари ва қўлтиқ таёқлар берилиши ва бошқа барча шароитлар ҳам яратилган.
— Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев корхонамизда келганида бизни яна қандай муаммолар қийнаётгани билан қизиқди, — дейди биз билан суҳбатда Дилафрўз Каримова. — Ногирон аёлларимизни соғломлаштириш бўйича мулоқот олиб борганимизда, бунга шароит яратишга кўмаклашишини билдирдилар. Шу билан бирга, корхонамизда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, қўшни вилоятларда филиаллар очишни таклиф қилдилар ва қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар. Буларни амалга ошириш учун бизда, аввало, катта истак бор. Эътибордан, рағбатдан жуда мамнунмиз.
Бош прокурор Н.Йўлдошевнинг Сурхондарё бўйлаб сафари, халқ билан мулоқоти давом этмоқда. Сайёр қабуллардан бирида 20 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари эшитилди. Мурожаатларнинг 9 таси суд, 2 таси прокуратура ва 1 таси ички ишлар органлари фаолиятларига ҳамда 8 таси бошқа масалаларга оид бўлди.
Оммавий сайёр қабуллар давомида эса фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга қаратилди.
Мисол учун, Бош прокурор қабулида бўлган фуқаро Э.Худойқуловнинг ўзи яшайдиган Термиз тумани “Қуёшли юрт” маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлаш, трансформатор ўрнатиш ва газ баллон билан таъминлашда амалий ёрдам берилишини сўраб қилган мурожаати жойида кўриб чиқилиб, мурожаатда кўрсатилган ҳолатларни тез фурсатларда бартараф этиш бўйича тегишли масъул ходимларга топшириқ берилди.
Натижада ушбу маҳалланинг 1 км. масофадаги ички йўлларига шағал ётқизилиши, маҳалла фуқароларининг 100 дона газ баллонлари суюлтирилган газ билан тўлдирилиши ҳамда маҳалла учун янги трансформатор ўрнатилиши таъминланди.
Савобли ишларни амалга оширишга қаратилган сафар давом этмоқда.