Меҳрларини кўзларидан билсам…
Фақат рўзғор ташвиши билан яшашга ҳақимиз йўқ. Осмонимиз мусаффолиги, ризқ-насибамиз сабабчиси сувнинг покизалиги, дунёга келганимиздан токи сўнгги йўлимизгача кузатиб, қўллаб-қувватлаб тургувчи қариндош-қадрдонлар – ватандошлар тақдирига масъуллик деган вазифалар ҳам бор.
* * *
Орзуларим, қувончларим, муваффақиятларимни сизга айтиб, сиз билан бўлишиб юрардим. Лекин бошимга иш тушганда тополмай қоламан. Балки бундай пайтда мени кўришни, тинглашни истамаганингиз учун шундай бўлармикин?..
* * *
Биз, айрим ота-оналар, фарзандларимизнинг бизга кўрсатган меҳр-муҳаббати, чиройли хизмати, иззатидан розилигимиз, хурсандлигимизни ҳар доим ҳам сўзда, юзда ифода этавермаймиз. Улар шунга бурчли, масъул деймиз. Аслида, кичик ваъдани ўрнига қўйиб бажариш ҳам мукофотга муносиблигини биламизми?..
* * *
Қизиқ, баъзи одамларнинг ниқоби қанча бўлиши мумкин? Шунчалар тез алмаштиришадики, илғамай қолганингдан ҳайратга тушасан.
* * *
Меҳрларини, мени қалбдан сезиб турганларини кўзларидан билсам… Очилиб шошиб кирсалар ишдан қайтганда… Фарзандларини соғиниб суйсалар… мен бу бахт учун дилимда такрор-такрор ният қиламан: “Бегимга муносиб бегойим бўлсам!”
Ҳанифахон РЎЗИМАТОВА
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан