Синовларга сабр қилиш ўта муҳимдир
Одамлар орасида ҳамон ўз жонига қасд қилишдек аянчли ҳолат барҳам топмаётгани кишини ташвишга солади. Минг афсус, айримлар азиз неъмат – умрнинг қадрига етмай, арзимас сабаблар билан ўз жонига қасд қилиб, Аллоҳнинг қаҳрига учрамоқда.
Яқинда бир ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Фожианинг олди олинди. Яхшилаб сўраб-суриштирилгач, бундай қадам қўйишга арзигулик сабаб топилмади, деган хулосага келинди. Бироқ сабабсиз оқибат бўлмайди. Катталарнинг, ҳаётнинг баланд-пастини кўрган кишиларнинг назарида арзимасдай кўринган ҳолатлар, вазиятлар тажрибасиз, иродасиз, сабр-тоқатга ўрганмаганлар учун чорасиздай, жуда мушкул туюлиши мумкин. Шу боис ота-оналар, ёши катталар, фаоллар, устозлар ўз масъуллигидаги ҳар бир одамга эътиборли, жонкуяр бўлиши лозим.
Ўтган йили қўшни маҳаллада бир аёл ўз жонига қасд қилди. Марҳума оғир дардга чалинган экан, унинг ёнидан хат топилди. Маълум бўлишича, у касалликнинг оғир азобларидан қийналмаслик учун шундай қилган. Узоқ вақт дарддан жабр чекаётган киши ёлғизланиб қолса, унинг маънан қўллаб-қувватловчилари, таскин берувчилари бўлмаса… жисмоний уқубатлардан, шунингдек, атрофидагиларга малоли-оғири тушаётганини ўйлаб дардига дард қўшилиши табиий. Шундай вазиятда бемор касаллик синов экани, сабр-қаноат зарурлиги, дардга яраша ажр-савоблар борлигидан хабардор бўлса, муаммоларга ўз ҳаётига нуқта қўйиш билан ечим топмайди.
Оғир дардга чалинган айрим инсонлар азобдан қутулиш мақсадида бир неча бор ўзини ўлдиришга уринган. Оила аъзоларининг доимий назоратига қарамай, аёл ёки эркак ўзини осиб қўйган. Мана шундай вазиятларда қолган шахсларга ҳаёт тажрибаси катта кишиларнинг, уламоларнинг насиҳат, маслаҳатлари асқотиши аниқ. Мўмин касаллик, мусибатни – Аллоҳ таолонинг синови деб қабул қилиши лозим. Зеро, ҳадиси шарифда хабар берилади, касаллик онларида ҳам ҳолига шукр қилган банданинг гуноҳи темирчининг босқони зангни кетказгани каби гуноҳларни кетказади.
Таҳлилларга кўра, айрим оилалардаги кўп йиллик носоғлом муҳит, рашк, ичкиликка ружу қўйиш ёки қарзга ботиш ҳам ўз жонига қасд қилишга сабаб бўлаётир. Ўйлаб қаралса, ушбу муаммо имон заифлиги оқибатида илдиз отмоқда. Чунки Аллоҳнинг тақдирига имон келтирган, бу дунё ишлари синов эканини англаган кимса ўз жонига қасд этмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган дўзахда ҳам доим бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Кўп муаммолар қатори бу гуноҳи кабиранинг олдини олишда саъй-ҳаракат, ишларимиз қониқарли эмас. Моддий, маънавий, руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга муҳтожлар ўз дарду ташвиши билан ёлғиз қолиб кетишмасин; ҳаётда ўрни, қадри борлигини меҳр-муҳаббат билан англатиб, оғирини енгил қилайлик.
Завқиддин ОРИПОВ
Навоий вилояти Қизилтепа тумани бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан