Абдураҳмон Жомий Ҳамадоний ҳақида[1]
Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс мин ҳазорот ил-қудс» («Муқаддас зотлардан эсган дўстлик шабадалари») асари Алишер Навоий илтимоси билан ёзилган бўлиб, унда 618 та машҳур тасаввуф шайхларининг таржимаи ҳоллари келтирилган. Алишер Навоий ўз устози ва пири Жомийнииг бу асарини ўзбек тилига таржима қилиб, «Насойим ул-муҳаббат мин шамоим ул-футувват» («Мардликнинг муаттар бўйларидан таралувчи муҳаббатнинг майин шабадалари») деб атайди.
Навоий Жомий асарига эркин, ижодий муносабатда бўлади ва унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ёхуд қисқартириб боради ва шайхлар сонини 770 тага етказади. Баъзан иккита шайхга битта рақам қўйилганини ҳисобга олсак, асардаги шайхлар сони 780 дан ортиб кетади. Ҳар иккала китоб ҳам Шарқда машҳур бўлган.
Жомий бошқа шайхлар қатори Юсуф Ҳамадоний ҳақида ҳам маълумот берган:
Хожа Юсуф Ҳамадоний[2]
(Аллоҳ таоло сиррини муқаддас қилсин)
Куняси Абу Яъқубдур. Олим, ориф, соҳиби аҳвол, улуғ атолар, каромат ва мақомотлар соҳиби эдилар. Ёшлигида Бағдодга бориб, Шайх Абу Исқоқ Шерозий мажлисларида ҳозир бўлдилар. Ишлари тараққий топди. Фиқҳ ҳамда бошқа илмлар бўйича, хусусан, илми назар бўйича тенгдошларидан илгарилаб кетди. Шайх Абу Исҳоқ унинг ёшлигига қарамай, бошқа шогирдларига нисбатан ҳурмат кўрсатарди. Бағдод, Исфаҳон ва Самарқандда кўплаб олимлардан ҳадис илмини ўргандилар. Сўнг барчасини тарк этиб, ибодат, риёзат ва мужоҳада йўлини ихтиёр қилдилар. Тасаввуфда унинг силсиласи Абу Али Формадийга етишади. Айтишларича, Шайх Абу Абдуллоҳ Жувайний ва Шайх Ҳасан Симноний билан ҳамсуҳбат бўлганлар.
(Ҳамадоний) Марвда бир неча муддат яшаганлар, сўнг Ҳиротга келганлар. Бу ерда бироз истиқомат қилдилар. Марв халқи ундан Марвга қайтишини илтимос қилган. Марвга келиб, яна Ҳиротга қайтдилар, сўнг яна Марвга қайтдилар ва йўлда 535/1140 йили вафот этдилар. Вафот этган жойига дафн қилинди. Бир муддатдан кейин Марвга кўчирилди. Мозорлари Марвда машҳурдур.
Шайх Муҳйиддин ибн ал-Арабий ўзининг баъзи асарларида шундай ёзади: «602/1205 йилда Авҳадуддин Ҳомид Кирмоний Қуния шаҳрида менинг уйимда эди. У деди: «Мамлакатимизда Хожа Юсуф Ҳамадоний деган зот бўлиб, олтмиш йилдан буён шайхлик жойнамозида халқни Ҳақ йўлга даъват этиб келади. Бир куни ўз гўшасида ўтирган эди, кўнглида ташқарига чиқиш истаги пайдо бўлди. Унинг жумадан бошқа кунда ташқарига чиқиш одати йўқ эди. Чиқиш оғир келди, қаерга бориш кераклигини ҳам билмас эди. Уловга миниб, уни ихтиёрига қўйди ва Худойи таоло қаерни хоҳласа, унга олиб борар, деди.
Улов уни шаҳардан ташқари олиб чиқиб, далага, вайрона бир масжидга етди. Шайх уловдан тушиб, масжидга кирди. Бир киши бошини қуйи солиб ўтирарди. Бироздан сўнг бошини кўтарди. Ҳайбатли бир йигит экан. Шайхга деди: «Эй, Юсуф, бир мушкул масала пайдо бўлиб қолди». Сўнг баён қилди. Шайх уни тушунтириб берди. Сўнг (Ҳамадоний) деди: «Эй, фарзанд, агар сенда бирор мушкул масала пайдо бўлиб қолса, шаҳарга бор ва мендан сўра, мени қийнама». Йигит Шайхга қаради ва деди: «Ҳар вақт менда мушкул масала пайдо бўлса, ҳар бир тош мен учун Юсуфдур».
Шайх Ибн ал-Арабий ёзади: «Мен шу нарсадан билдимки, содиқ мурид ўз садоқати билан шайхини ҳам ўзи томонга ҳаракатга келтириши мумкин экан…».
Ҳазрати Шайх Нажибуддин Бузғуш Шерозий шундай ҳикоя қилади: «Машойихлар томонидан ёзилган бир жуз китоб қўлимга тушиб қолди, уни мутолаа қилиб, жуда хурсанд бўлдим. Бу нарсани ким ёзган экан, кошки унинг ёзганларидан бошқасини ҳам топиб, фойда олсам, деган қизиқиш пайдо бўлди. Тунда туш кўрдим. Тушимда савлатли, виқорли, соқоллари оппоқ, ўзи нуроний бир қария хонақоҳга кириб келди. Сўнг таҳорат олиш учун таҳоратхонага йўл олди. Эгнида оқ тўн бор эди. Ўша тўнга бошдан-оёқ олтин суви билан йирикроқ ҳарфларда Оят ал-Курси ёзилган эди. Мен орқасидан эргашдим. Тўнини ечиб, қўлимга берди. Тўнининг остида яна бир яшил тўн бўлиб, унда ҳам ўша услубда, аммо чиройлироқ қилиб, Оят ал-Курси ёзилган эди. Уни ҳам менга берди. «Таҳорат қилиб бўлгунимча ушлаб тур», деди. Таҳорат қилиб бўлгач: «Бу икки тўндан бирини сенга бермоқчиман, қайсисини хоҳлайсан?» деб сўради. Мен танламадим, «Ихтиёр сизда», дедим. Яшил тўнни менга ўз қўли билан кийдириб қўйди. Оқини эса ўзи кийди. Сўнг: «Мени танийсанми?» деб сўради. Танимаслигимни айтдим. «Сен қидириб юрган китобнинг муаллифи бўламан, исмим Юсуф Ҳамадоний, қўлингдаги бир жуз (қисм) китоб менинг «Рутбат ул-ҳаёт» номли китобимдан. Менинг бундан ҳам яхшироқ «Манозил ус-соликин», «Манозил ус-сойирин» номли китобларим ҳам бор», дедилар. Уйқудан уйғониб, ғоят хурсанд бўлдим».
Айтишларича, Бағдоднинг Низомиясида ваъз айтаётганларида Ибн ас-Саққо номли машҳур фақиҳ ўрнидан туриб, бир масалани сўради. Шайх унга: «Ўтир, сўзингдан куфр ҳиди келмоқда, эҳтимолки, ўлиминг ислом дини устида бўлмас», дедилар. Шундан кейин бир насроний элчи сифатида Рум подшоси томонидан халифа ҳузурига келди. Ибн ас-Саққо насроний олдига борди ва суҳбатлашишни илтимос қилди. «Мен исломни қўйиб, сизларнинг динингизга кирмоқчиман», деди. Насроний уни қабул қилди. У насроний билан Қустантанияга кетди ва Рум подшосига етишди, насроний бўлиб, насроният билан ўлди.
Ибн ас-Саққо Қуръонни тўлиқ ёд биларди. Ўлими олдидан ундан: «Қуръондан бирор нарса ёдингда қолганми?» деб сўрадилар. «Қуйидаги бир
оятдан бошқа қеч нарса ёдимда қолган эмас:
Кофир бўлганлар (дунёда) мусулмон бўлмаганлари учун (қиёматда) армонда бўлурлар (Ҳижр сураси, 2-оят).
Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг (Аллоҳу таоло сирларини муқаддас қилсин) халифалари тўрттадур: Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (Аллоҳ таоло барчасининг сирларини муқаддас қилсин). Хожа Юсуфдан сўнг уларнинг ҳар бирлари (навбатма-навбат) даъват (иршод) мақомида бўлдилар. Бошқа халифалар эса, адаб юзасидан унинг хизматида турдилар. Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонга йўл олгач, барча дўстларни Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга тобе бўлишга далолат қилдилар.
[1] Биз Маҳмуд Ҳасаний ва Каромат Қиличеваларнинг “Ғиждувоний илм аҳллари хотирасида” (Тошкент. 2003) китобидан; Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс» асарининг Эронда доктор Маҳмуд Обидий томонидан нашр қилинган танқидий матни нусхасидан, (Теҳрон. 1375 ҳижрий-шамсий); Шунингдек, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” (Тошкент. 2011); Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнил ҳаёт” (Тошкент, 2004); Ғуломсарвар Лоҳурийнинг “Хазинат ул-асфиё” (Конпур. 1312 ҳ. (1894); Носириддин Ҳанафий Ҳасаний Бухорийнинг “Туҳфат уз-зоирин” (“Зиёратчиларга туҳфа”). Бухоро. 1328 ҳ. (1910) ва бошқа манбалардан фойдаланиб, Ғиждувоний ҳақида баъзи қўшимча маълумотларни илова қилдик. (С.С.)
[2] Жомий. “Нафаҳот ул-унс…”. Мазкур асар, 383–384-бетлар.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 9000 сўм