Жанозанинг такбирлари
Жанозанинг такбирлари борасида мазҳаб уламолари ўртасида турли фикрлар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар жаноза такбирининг адади тўрт, беш, олтита бўлган. У зот охирги ўқиган жаноза намозларида тўрт такбир айтганлар. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳам шундай давом этган. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларига келиб, у зотнинг ташаббуслари билан саҳобалар жаноза такбири қатъий тўртта бўлиб қолишига ижмоъ қилганлар.
Биринчи такбир. Авваламбор, жаноза намозига ният қилинади. Жаноза намозининг нияти арабий, форсий ва туркий тилда қуйидагича:
«Ният қилдим жаноза намозини ўқишни, юзландим қибла тарафга, иқтидо қилдим ушбу имомга холисан лиллаҳи таоло, Аллоҳу акбар», деб, бош бармоқ қулоқнинг юмшоқ қисмига еткизилади ва шу заҳоти қўлни қорин устига, яъни киндикнинг пастига туширган ҳолда икки қўл боғланади. Имом жаҳрий такбир айтиб, қулоқ қоқади. Имомга эргашувчилар ҳам қўлларини кўтариб, такбирни махфий айтадилар. Солати жанозанинг қолган такбирлари имом тарафидан жаҳран, яъни овоз чиқариб айтилади. Сано-салавотлар ва дуо махфий, яъни овоз чиқармасдан ўқилади. Сўнг сано дуоси ўқилади. Сано дуоси бундай:
سبحانك اللهم وبحمدك وتبارك اسمك وتعالي جدُّك ولا إله غيرك
«Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарокасмука ва таъала жаддука ва ла илааҳа ғойрук». Яъни, «Ё Раббим, Сенга ҳамд айтиш билан Сени айбу нуқсонлардан поклайман. Сенинг исминг муборакдир. Азаматинг олийдир. Сендан бошқа илоҳ йўқдир»[1].
Фотиҳа сураси ўқилмайди. Бунга қуйидаги ҳадис далил:
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمْ يُوقِتِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَيْئًا مِنَ الْقُرْآنِ فِي صَلاَةِ الْجَنَازَةِ.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноза намозида Қуръондан бирор нарса ўқимаганлар»[2].
Биринчи такбирдан бошқа такбирларда қўл кўтарилмайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا صَلَّي عَلَي الْجَنَازَةِ رَفَعَ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ تَكْبِيرَةٍ، ثُمَّ وَضَعَ يَدَهُ الْيُمْنَي عَلَي الْيُسْرَي.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноза намозини ўқисалар, аввалги такбирда қўлларини кўтарардилар, сўнг ўнг қўлларини чап қўллари устига қўярдилар» (Имом Термизий ривояти).
Иккинчи такбир. Иккинчи такбир айтилгандан сўнг қуйидаги салавот ўқилади:
اللهم صلّ علي محمد وعلي آل محمد كما صلّيت علي إبراهيم وعلي آل إبراهيم إنك حميد مجيد. اللهم بارك علي محمد وعلي آل محمد كما باركت علي إبراهيم وعلي آل إبراهيم إنك حميد مجيد
«Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад, кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала али Иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад, кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала али Иброҳийма, иннака ҳамийдум мажийд». Яъни: «Ё Аллоҳ, Иброҳим (алайҳиссалом)ни ва у зотнинг оилаларини яхшилик ва раҳматда айлаганинг каби Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ва у зотнинг оилаларини ҳам яхшилик ва раҳматда қил. Албатта, Сен мақтовли улуғ Зотсан. Ё Аллоҳ, Иброҳим (алайҳиссалом)ни ва у зотнинг оилаларини барокатли айлаганингдек, Муҳаммадни (алайҳиссалом) ва у зотнинг оилаларини ҳам барокатли қил. Албатта, Сен мақтовли ва улуғ Зотсан»[3].
Учинчи такбир. Учинчи такбир айтилгач, жаноза дуоси ўқилади.
وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا صلى على الجنازة قال: “اللهم اغفر لحينا وميتنا وشاهدنا وغائبنا وصغيرنا وكبيرنا وذكرنا وأنثانا. اللهم من أحييته منا فأحيه على الإسلام ومن توفيته منا فتوفه على الإيمان”. رواه أحمد وأبو داود والترمذي وابن ماجه
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жаноза намозига қуйидаги дуони ўқидилар:
اللهم اغفر لحيِّنا وميّتنا وشاهدنا وغائبنا وصغيرنا وكبيرنا وذكرنا وأُنثانا، اللهم مَن أحييته منّا فأَحيِه علي الإسلام، ومن توفّيته منّا فتوفَّه علي الإيمان
«Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва соғирина ва кабирина ва закарина ва унсана ва шаҳидина ва ғоибина. Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман». Яъни: «Ё Раббим, тиригу ўлигимизни, кичигу каттамизни, эркагу аёлимизни, ҳозиру ғойибимизни мағфират қил. Ё Раббим, қайси биримизни ҳаётда қолдирадиган бўлсанг, уни Исломда қил, қайси биримизни ўлдирадиган бўлсанг, уни иймон билан вафот эттир» (Имомлар Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган)[4].
Агар маййит гўдак бўлиб, туғилгандан кейин йиғлаган бўлса, исм қўйиб, ювиб, унга жаноза намози ўқилади, у мерос олади, агар мол-мулки бўлса, моли меросхўрларга бўлиб берилади. Агар овоз чиқариб йиғламаган бўлса, юқоридаги ишлар унга қилинмайди. Чунки гўдакнинг йиғиси тириклигининг аломатидир.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي السِّقْطِ: لاَ يُصَلَّي عَلَيْهِ حَتَّي يَسْتَهِلَّ، فَإِذَا اسْتَهَلَّ صُلِّيَ عَلَيْهِ، وَعَقَلَ، وَوَرِثَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ والْحَاكِمُ وَصَحَّحَ بَعْضَ طُرُقِهِ.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чала тушган бола ҳақида бундай деганларини эшитганман: «Овоз чиқариб йиғламаган экан, унга (жаноза) намоз ўқилмайди. Агар овоз чиқариб йиғласа, намоз ўқилади, мерос олади» (Имом Термизий, Ҳоким ривоят қилишган)[5].
Гўдак ва мажнуннинг жанозасида учинчи такбирдан сўнг уларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо ўқилмайди, чунки улардан қалам кўтарилган. Балки қуйидаги дуо ўқилади:
اللهم اجعلْهُ لنا فرطاً واجْعلْه لنا اجراً وذُخراً واجْعلْه لنا شافعاً ومشفعًا
«Аллоҳуммажъалҳу лана фаротан важъалҳу лана ажран ва зухрон важъалҳу лана шафиъан ва мушаффаъан». Яъни: «Ё Аллоҳ, бу гўдакни бизлар учун ажр, фазл ва заҳира қил. Уни бизлар учун шафоатчи ва шафоати қабул бўладиган қилгин».
Агар маййит балоғат ёшига етмаган қиз бола бўлса, учинчи такбирдан сўнг ушбу дуо ўқилади:
اللهم اجعلها لنا فرطا و اجعلها لنا أجرا و ذخرا و اجعلها لنا شافعة ومشفعة
Аллоҳуммажъалҳа лана фарротав важъалҳа лана ажров ва зухров важъалҳа лана шафиъатан ва мушаффаъатан. Яъни: «Ё Аллоҳ, бу гўдак қизни бизлар учун ажр, фазл ва захира қил. Уни бизлар учун шафоатчи ва шафоати қабул бўлувчи қилгин».
Агар бола ўлик туғилса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳидан қилинган ривоятга кўра, ювинтирилади. Сабаби, у бир тарафдан жузга, иккинчи тарафдан эса, нафсга ўхшайди. Нафсга ўхшаганлиги эътиборидан ювинтирилади, жузга ўхшаганлиги эътиборидан эса намоз ўқилмайди. «Хулосатул-фатово»да айтиладики: «Муддатидан олдин туғилган боланинг аъзолари тўла ривожланмаган бўлса, унга намоз ўқилмайди, аммо ювиб, матога ўраб дафн этилади» (Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ривоятлари ихтиёр қилинган)[6].
Тўртинчи такбир. Тўртинчи такбир айтилгандан сўнг ўнг томонга қараб «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ» жумласи жаҳрий айтилади. Сўнгра чап тарафга қараб ҳам шу тарзда адо этилади. «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ» жумласини айтишни қавм махфий, яъни овоз чиқармасдан адо этади.
Агар имом адашиб беш маротаба такбир айтиб юборса, бешинчи такбирга эргашмасдан, салом бериши кутилади.
Жаноза намозидаги дуоларни билмаган киши ният қилгач, фақат тўрт такбирни айтса ҳам, жаноза адо этилган бўлаверади. Лекин жаноза намозида ўқиладиган дуоларни ёдлаб олиш зарур. Акс ҳолда, маййит шафоатчи бўлишдан маҳрум саналади ҳамда намоз суннатга мувофиқ адо этилмаган ҳисобланади.
Маййит ғусл қилдирилмасдан, жаноза намози ўқиб, дафн этиб қўйилган бўлса, истеҳсонга кўра, маййит қабрда турган ҳолида унга яна бир марта жаноза намози ўқилади.
Маййит қабрга қўйилгандан кейин жаноза намози ўқилмагани эсга тушиб қолса, чириб кетмаганига ишонч ҳосил қилинса, шу ҳолида унга жаноза намози ўқилади.
Кўпчилик олимлар уч кунгача ўқиса бўлади, деб ҳисоблайдилар[7]. Лекин маййит кўмилган ерга, кўмилган вақтга қараб бу муддат ўзгаради. Масалан: ёз вақтида ўлик 7 кунгача чиримайди, чунки ер ости ёз фаслида иссиқ бўлмайди. Совуқ пайтларида эса, бунинг аксидир. Яъни, қиш вақтида ер ости иссиқ бўлгани учун маййит 3 кундан кейин чириши мумкин.
«Абулмакорим» китобида айтилади: Маййит қабрга қўйилгандан кейин жаноза намози ўқилмагани эсга тушиб қолса, агар тупроқ тўкилмаган бўлса, гўрдан чиқариб ўқилади. Агар ўликнинг ювмай кўмилгани билинса, гўр оғзиға кесак терилмаган бўлса, чиқариб, ювиб жаноза ўқилади. Агар маҳкам қилинган (яъни кўмилган) бўлса, унга шу ҳолида жаноза намози ўқилади.
[1] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014, 61–бет.
[2] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 438-бет.
[3] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014, 79 – бет.
[4] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Маййитни ювиш ва кафанлаш” боби. Байрут. “Мактабатул исломий”. 3-босма. 1985, 1-жуз, 377-бет.
[5] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз, 439-бет.
[6] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Ўша манба, 431-бет.
[7] Абул-Лайс Зайлаъий. «Ҳадиятус-суълук шарҳу туҳфатул-мулук». Қозон: «Ал-матбаатул-каримийя». 1910, 114-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан