Мақолалар

Мисоллар кўнгил ойнасидир

Чоп этилди Fevral 14, 2020 Мисоллар кўнгил ойнасидирda fikr bildirishni o'chirish

Мисоллар – кўнгил ойнаси. Сифатларнинг нурлари эса қалбнинг кўзгусидир. Аллоҳ таоло дилга қулоқлар ва кўзлар берди. Бошга ҳам қулоқ ва кўз ато этган. Бошдаги кўз-қулоқ англаган нарсалари билан қалб ишонч ҳосил этди. Нафс хотиржам бўлди, бу илмни билиш учун кенгайди, кўкси бу билан кенг очилди. Кўз кўр­маган ва қулоқ эшитмаган нарсаларнинг хабари Аллоҳдан етиб келди. Бу нарсалар яширинган, қалб уларни идрок этди. Аммо нафс ҳайратланиб, иккиланди.

Нафснинг қароргоҳи қоринда, қалбнинг жойи эса нафснинг тепасида – кўкракда. Қалб худди кўкракка томир ва ичидаги бошқа яширин нарсалари билан осиб қўйилган челакка ўхшайди. Унинг остида эса нафс жойлашган, унда эса шаҳватлар. Ҳою-ҳаво олов тафтидан эсган шамол бўлиб, олов эшиги олдидаги шаҳватлар жойлашган жойга чиқади. Бу шамол шаҳват шабадаларию кўнгилхушликларини кўтариб нафсга элтади. Агар ҳою-ҳаво шамоли эсиб, нафсга шаҳват шабадалари ва лаззатларини келтирса, нафс ҳаракатга келади ва ўт олади. Бир лаҳзадан тезроқ фурсат ичида томирларда унинг оромбахш лаззати оқа бошлайди. Агар нафс жунбушга келиб, кўкракда пайдо бўлган тасаввур ва хаёл томон оға бошласа, қалб ҳам шу каби ҳаракатга келиб, бу лаззатнинг унга етиши баробарида ўша томонга оға бошлайди. Агар қалбни вазмин қиладиган, тинчлантирадиган нарсалар бўлмаса, у нафс томон оға бошлайди. Натижада у иккови биргаликда шаҳватларга мойил бўлади, қайтарилган бўлса ҳам натижада бу ишни бажариш тана аъзоларига кўрсатилади ва бу маъсият ҳамда гуноҳ бўлади. Қалб Аллоҳни билиш билан оғир ва вазмин бўлади. Зеро, илму биллаҳ Аллоҳдан қўрқувни келтириб чиқаради. Агар бу қўрқув нафсга етса, у сўлади, иккиланишни тўхтатади, шунда қалб тинчланади.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна –

Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 18000 сўм