Ҳар бир тошу дарахт олдидан ўтганингда Аллоҳни зикр қил
Тафаккур қилишга ожиз қолдирадиган, беадад ажойиботларга тўла бу борлиққа диққат назари билан қарашингизнинг ўзи сизга кифоя қилади.
Шу ўринда шоир шайх Муҳаммад Асмарийнинг Аллоҳга муножотини келтирмоқчимиз:
“Халқни яратиб, ризқларини бериб қўйдинг, изнинг билан дон унар, чорва юрар. Ё Аллоҳ, мулкинг беқиёс, салтанатинг чегарасиздир. Еру осмон Сеники, пок фаришталар аскарларинг ва ерда тож кийган подшоҳлар Сенинг бандаларингдир. Ё Аллоҳ, улуғсан, буюксан. Барча нарсани ўта усталик, мукаммаллик, маҳорат билан яратмишдирсан ва уларга гўзал суратлар ато этмишсан. Инсу жинлар халқинг ва жисму жонлар амалингдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ, бизларга Сени инкор этмайдиган ақл-заковат, Сени кўра олмайдиган нигоҳ тортиқ қилдинг. Сени момақалдироқ мақтаб ҳамд айтар, қушлар улуғлаб тараннум этар. Денгизлар Сендан қўрққанидан бир жойда туролмас, тоғлар эса ҳайбатингдан тош қотиб турар. Майин шабада лутфинг ила эсади, махлуқотлар раҳматинг ичра сузади. Ё Аллоҳ, буюкдирсан. Сендан олдин бирор нарса бўлмаган, Сендан кейин бирор нарса йўқ. Қуёш ҳаракати Сенинг борлигингдан дарак бериб турса-ю, қандай қилиб Сени махфий дейиш мумкин. Қандай қилиб Сени тўлиқ англаб бўлади, руҳ эса сирларингдандир. Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Ўзингдирсан.
Ё Аллоҳ, энг олий ва буюксан! Мўмин Сенга имон келтирди, гарчи Сени кўрмаган бўлса ҳам.
Ё Аллоҳ, неъматларинг кўзимизни қамаштиради. Сув ва тошлар, Ер ва юлдузлар, паррандаю даррандалар, сайроқи қушлар, мунгли нолали оҳулар, биз учун Ердан ундирганинг хурмозорлар ва боғ-бўстонлар, гулзору мевазорлар нақадар ажибдир.
Раббим! Атиргулнинг муаттар ҳиди қаердан? Бутоқнинг шохчалари ва пўстлоқлари қаердан? Меваларнинг таъмлари турлича, шакллари бир-биридан фарқли, ранглари ҳам хилма-хил. Хўш, булар бу хусусиятларни қаердан олди? Раббим, қудратинг чексиздир! Шунча нарсаларнинг барчасини биргина тупроқ ва сувдан яратмишсан. Бир хил тупроқдан ҳар хил ўсимликларни, турли навли, ранг-баранг гулларни ва турли таъмли, бир-биридан тотли меваларни яратгандирсан.
Ё Парвардигор, улуғсан, буюкдирсан! Инсонларни тоғлардек катта нарсаларни ва чумолидек митти нарсаларни яратишинг билан ожиз қолдирдинг. Балки инсон зотини яратганингнинг ўзи инсонни лол қолдиргандир. Дарҳақиқат, инсоннинг аъзолари – суяклари, мушаклар, қон ва қон томирлари, туклар ва тирноқлар, кўз ва қулоқ – буларнинг ҳар бири мўъжизадир.
Тилнинг вазифасига бир назар солинг. Ўзи бир парча гўшт бўла туриб таъм билса, усиз сўзлаб бўлмаса. Ёки сувдан иборат кўз, оламдаги нигоҳ илғайдиган маълумотлардан ўз эгасини хабардор қилиши билан бир вақтнинг ўзида унга кўрк ҳам бағишлайди. Агар аъзолардан ҳар бирининг вазифаси ва хусусиятларини мукаммал ўрганишни ирода қилсак, инсоннинг умри озлик қилади.
Уриб турган юрак-чи? Ҳар урганида нима дейди? Юрак: “Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Машриқу мағрибнинг, юлдузу сайёраларнинг тарбиякунандаси Ўзингсан”, дейди.
Яратган нарсаларингнинг баъзиларини тўлиқ қамраб олишга ақлимиз ожиз-ку, қандай қилиб Сени ақлимиз қамраб олсин?!
Ё Аллоҳ, бу дунёинг шунча бўлса, охиратинг қандай экан-а?! Ё Аллоҳ, бу кўриниб турган олам қудратинг асари, изи шунча бўлса, қудратинг ўзи қай даражада экан?! Ё Аллоҳ, Ўзинг бутун оламни яратган ва уларнинг тарбиякунандаси бўлган, ибодат қилинишга ҳақиқий лойиқ Зот ёлғиз Ўзингсан”.
Биз ҳам, азизлар, мазкур муножот эгаси каби тафаккур қилишга ва Қуръони каримда мақталган ақл эгаларидан бўлишга интилайлик. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!” (Оли Имрон, 191).
Инсон ўзининг кичик танаси, заиф жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик бир заррадай бўлишига қарамай, Аллоҳ уни мукаррам зот қилиб яратди. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Демак, инсон шунчалик заиф ва у таркиби тупроқ каби арзимас моддадан яратилган экан, унинг қийматида не асрор бор? Бу сир-асрор Аллоҳ инсонни Ўзининг илоҳий қудрати билан яратиб, унга жон ато қилгани ва малоикаларни инсонга ҳурмат ва эҳтиром юзасидан сажда қилишга амр этганидадир.
Малоикалар инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилди. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этиш инсонни инсон қилди. У энди Аллоҳнинг ер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, деганида, (улар) айтди: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман”» (Бақара, 30).
Аллоҳ таоло инсонга осмонлар ва Ер юзидаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Унга ботиний ва зоҳирий неъматларнинг ҳаммасини берди. Қуёш инсонни нур ва иссиқлик билан таъминлайди, юлдузлар унга йўл кўрсатади, денгизу дарёлар, бутун коинот унинг хизматида.
Аммо инсоннинг ўзи кимга бўйсундирилган? Кимга хизмат қилиши лозим? У ўзини яратган Парвардигорига тоат ва ибодат қилиши учун яратилган. Коинотдаги барча нарса инсон учун яратилган, инсоннинг ўзи эса Парвардигор ибодати учун яратилгандир.
Агар коинотга ва Ер юзига ибрат назари билан қарасак, барча мавжудот ўзидан юқорисига хизмат қилишини кўрамиз. Жонсиз тупроқ-сув ўсимликлар оламига, ўсимликлар дунёси эса ҳайвонот оламига, уларнинг ҳар иккиси инсонга хизмат қилишини биламиз.
Тупроқ ўзидан ўсимликни ундириб чиқаради. Сув, қуёш каби мавжудотлар ўсимликларнинг ўсиши, гуллаши, мева бериши, ҳайвонларга озуқа бўлиши йўлида хизмат қилади. Ўсимликлар билан озиқланган ҳайвон инсон хизматида бўлиб, унга бўйсунгандир. У тириклигида инсон хизматида бўлса, сўйилганида ҳам инсон эҳтиёжига ярайди.
Аллоҳ таоло бизларни Уни таниб, Унгагина ибодат қилиш учун яратган. Ўзимизни англасак, Парвардигоримизни яхшироқ таниймиз. Аллоҳ яратган мавжудотларни танисак, уларнинг Яратувчисини таниймиз ва Унинг ҳақини тўла адо этган бўламиз.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм