Ҳар бир гуноҳ учун: яширинига яширин, ошкорасига ошкора тавба қил
Инсон гуноҳ қилиши табиий. Лекин зудлик билан тавба келтириш, қилган гуноҳига Аллоҳдан истиғфор сўраш ва савобли ишларни амалга ошириш имконияти бор. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: «Банда гуноҳга қўл уриб қўйиб: “Ё Раббим! Гуноҳ қилиб қўйдим, мени кечиргин, мағфират этгин”, деса, унга Рабби: “Бандам Мен гуноҳларни кечирувчи Рабб эканимни билди”, дейди-да, унинг гуноҳларидан ўтади. Бир оз муддатдан кейин банда бошқа бир гуноҳ содир этиб қўяди ва яна Раббига тавба қилади. Рабби унинг гуноҳини кечиради. Бир муддат ўтгач, у банда тағин бир гуноҳга қўл уриб қўяди ва яна тавба сари юзланиб: “Ё Раббим! Гуноҳ қилиб қўйдим, мени кечиргин, мағфират қилгин”, дейди. Унга Рабби: “Бандам Мен гуноҳларни кечирувчи Рабб эканимни англади” деб, унинг гуноҳларидан ўтади” ва яна: “Нима қилса қилсин, Мен бандамнинг гуноҳларини кечирдим”, дейди» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Тавба – гуноҳ ва маъсиятлардан қайтиш. Агар гуноҳ банда билан Рабби ўртасида бўлса, тавба учта шарт билан амалга ошади:
- Гуноҳ ва маъсиятдан тўхташ. Бунинг аломати уни тарк этишдир.
- Қилмишига пушаймон бўлиш. Бунинг аломати ўтган ишга қаттиқ афсус-надомат чекиш. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Тавба афсус-надоматдир”.
- Гуноҳ ва маъсиятга яна қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Бунинг белгиси эса хато ишларни ўнглаш ва келажакдагиларни ислоҳ этиш. Агар аввалги хато иш ибодатдаги камчилик бўлса, қазосини адо этади, бировнинг ҳақи бўлса, эгасига қайтаради. Агар жаримасиз хатодан иборат бўлса, у ишга пушаймон бўлади.
Мазкур шартлар бажарилса, тавба мукаммал бўлади.
Агар гуноҳ банда билан банда ўртасида бўлса, тавбанинг шартларига яна бир шарт қўшилади.
- Бировнинг мол-мулкига зиён етказган ҳолда, у билан орани очиқ қилиши лозим бўлади. Тортиб олинган молнинг айнан ўзи турган бўлса, уни қайтаради. Агар талафот етказган ёки истеъмол қилиб юборган бўлса, унинг эвазини беради. Бироқ ушбу ҳақ бирор инсоннинг ор-номусини топташ, ҳақорат қилиш кабилардан иборат бўлса, ундан кечирим сўрайди ёки рози қилади. Бордию, хато иш ғийбат бўлиб, мазкур шахс тўғри қабул қиладиган оқил одамлар сирасига кирса, ундан ошкора кечирим сўрайди. Аксинча бўлса, унинг ҳақига ортидан истиғфор айтади. Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ғийбатнинг каффорати ғийбат қилинган кимса ҳақига истиғфор айтиб, ё Аллоҳ, бизнинг ва унинг гуноҳларини мағфират эт, деб ёлворишдир”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қайси бирингизда биродарининг ҳақи бўлса, на дирҳам ва на динор ёрдам берадиган ҳисоб-китоб кунидан олдин ундан қутулиб олсин. У кунда агар солиҳ амали бўлса, ундан зулми миқдоричаси олинади. Агар яхшиликлари бўлмаса, мазлум биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади”.
Аллоҳ таоло тавба қилувчиларга кўрсатиладиган марҳаматларни баён қилади:
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинг, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!..” (Таҳрим, 8).
Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига ҳеч биримиз шубҳа қилмаймиз. Шундай экан, чин маънода тавба қилувчилардан бўлайлик.
Юқоридаги ҳадисда ўз хато ва гуноҳларини тан олиб, астойдил пушаймон бўлган кишилар назарда тутилган. Гуноҳга муккасидан кетиб, қилаётган жиноятларини гуноҳ ҳисобламайдиган кимсалар бундан мустасно. Чунки бу кабиларнинг тавбаси ёлғон тавбадир. Ҳадисдаги “нима қилса қилсин” сўзларидан мақсад гуноҳ қилса бўлаверар экан, деган хулоса чиқмайди. Балки, Аллоҳ бу каби инсонлар, аввало, гуноҳга қўл урмасликка ҳаракат қилишини, қачонки билиб-билмай хато ва камчиликларга йўл қўйса, дарров Аллоҳ таолога тавба-тазарру билан истиғфор айтишини билгани учун шундай демоқда.
Абул Аббос (раҳматуллоҳи алайҳ) “Мубҳам” номли китобида бундай деган: “Бу ҳадис истиғфорнинг фойдаси нақадар улуғ, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати буюк, раҳмати чексиз ва ҳилму карами беқиёс эканига далолат қилади. Ҳақиқий истиғфор гуноҳда давом этмаслик ва чин дилдан пушаймонлик ҳисси билан йўғрилган бўлмоғи лозим. Тили билан истиғфор айтиб, қалби ўша гуноҳларга мойил бўлиб туришдек ҳолатдан Яратганнинг Ўзи асрасин!”

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм