Кўҳна Бухоронинг буюк имоми
Бухорода зиёрат қилинадиган масканлар жуда кўп. Шаҳарнинг қадимий Нов дарвозаси ёнидаги кўҳна тепаликда жойлашган Абу Ҳафс Кабир Бухорий қадамжоси шундай маконлардан. “Ҳазрати Имоми ҳожатбарор” номи билан шуҳрат қозонган ушбу алломанинг буюк хизматлари ва шарофатлари боис Бухоро IX асрдаёқ “Қуббат улислом”, яъни “Ислом динининг гумбази” деган унвонга сазовор бўлган.
Буюк фиқҳшунос олим Абу Ҳафс Кабир Бухорий 767 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Бухородан Бағдодга бориб, Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбонийга шогирд тушган. X аср тарихчиси Муҳаммад Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи” ва “Фаводил ал-бахия” номли асарларида мазкур буюк уламонинг ўз даврида кўзга кўринган, машҳур фақиҳлардан бири бўлганлиги айтиб ўтилган.
Абу Ҳафс Кабир ҳаёти ва фаолиятини ўрганган бухоролик тарихчи Нарзулла Йўлдошев ўз асарида у зот тўғрисида муҳим маълумотларни келтиради. Ривоятларга қараганда, ҳожилар карвони ҳаждан қайтиб Имом Ҳафс Кабирнинг ҳузурига бориб, ундан маслаҳат сўрар эканлар. Шунда Абу Ҳафс: “Ўзинг Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?”, деганида: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдик, жавоб беролмадилар. Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорийдан сўранглар, дедилар”, деб жавоб қайтарган экан.
Имом Абу Ҳафсда илм салобати кучлилигидан суҳбатдоши сўз айтолмай қолар экан. Бухоронинг ўша пайтдаги амири Муҳаммад Толут бунга ишонч ҳосил қилиш учун у зотнинг олдиларига боради. Имом унга савол билан мурожаат қилганида, амир бир сўз ҳам айта олмабди. Бухоро амири вазирига: “Мен бир неча марта Араб халифаси ҳузурига бориб, у билан сўзлашганман. Халифанинг ҳайбати мени сўзлашдан тўхтата олмаган эди, аммо Абу Ҳафснинг салобатидан сўз айта олмай қолдим” дебди.
Бу улуғ зот шаҳар аҳли билан маърифий суҳбатлар ўтказиб турган. Суҳбатда иштирок этганларнинг ҳожати барор бўлгани учун бухороликлар Имоми Ҳожатбарор (Ҳожат чиқарувчи имом) деб аташган.
Абу Ҳафс Кабир ҳақиқат йўлида курашувчи буюк инсон сифатида одамлар томонидан қадр,лангани учун бу мавзе “Ҳақраҳ” (Ҳақ йўл) деб номланган. Бухоро ҳукмдорлари ҳам Имом Абу Ҳафс фатвосини инобатга олишган. Олимдан бизгача фақатгина “Ал-аҳво вал-ихтилоф” (“Ҳавойи гаплар ва ихтилофлар”), “Ар-радду алал-лафзийя” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) номли китоблари етиб келган.
Абу Ҳафс Кабир 832 йилда Бухорода вафот этган. Собиқ Шўролар даврида Абу Ҳафс Кабир Бухорий зиёратгоҳи хароба ҳолга келиб қолган эди. Мустақиллик шарофати билан қадамжода кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Абу Ҳафс Кабир Бухорий мақбараси қайта бунёд этилди. Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг қабр тошида: “Мовароуннаҳр алломалари ва уламоларининг устози”, деган ёзув битилган.
Мазкур қадамжо нафақат бухороликлар, балки бутун мусулмон аҳлининг табаррук зиёратгоҳига айланган.
Шавкат БОБОЖОНОВ
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 2-сонидан