Олимлар умрни камида яна 10 йилга узайтириш сабабларини аниқлади
Гарвард университети ва Амстердам аниқ фанлар университети олимлари олиб борган тадқиқотлар шундай хулосани бермоқда, дейилади British Medical Journal хабарида.
Тадқиқот ишларида илмий иш бошланган дамларда соппа-соғ бўлган 50 ёшли қарийб юз мингдан зиёд киши иштирок этди. Олимлар уларнинг ҳолатини 20 йил давомида кузатиб боришди.
Якунда инсон саломатлиги учун бўладиган таҳдиднинг бешта асосий омили аниқланди. Булар: тамаки чекиш, спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, носоғлом овқатланиш, яъни таркибида ёғ ва шакар кўп бўлган таомларни истеъмол қилиш, жисмоний фаол ҳаёт кечирмаслик ҳамда семириб кетишдир.
Ушбу бешта омил бўйича олимлар 50 ёшдаги кишилар яна қанча “соғлом ёшни” яшаб ўтишини аниқлашди.
Фойдали одатларга эга, яъни ичмаган, чекмаган, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилган ва жисмоний фаол аёллар 84,4 ёшга кирган. Фойдали одатларга амал қилмаган аёллар эса 73,7 йил яшаган. Фойдали одатлари бор эркаклар 81,1 йил яшаган, унга амал қилмаган эркаклар 73,5 ёшга етган.
Кекса ёшдаги одамлар кунига тўрт-беш маҳал овқатланиш тартибига амал қилиши керак, дейди олимлар. Агар киши сурункали хасталикка учраган бўлса парҳез тутиш фойдалидир
Олимларнинг таъкидлашича, кекса ёшдаги одамнинг соғлиғи генетик омилларга ҳам, ташқи омилларга ҳам боғлиқ. Шу боис, ҳайвон ёғи қўшилган юқори калорияли овқат емаслиги, шакар ва туз истеъмолини камайтириши керак. Витаминлар, минераллар ва аминокислоталарга бой таомларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.