Мақолалар

Тилни гуноҳлардан тийиш

Чоп этилди Fevral 25, 2020 Тилни гуноҳлардан тийишda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз муборак васиятларининг бу қисмида инсон ҳаёти ва охирати учун энг муҳим аъзо­лардан бири бўлган тилдан келадиган хатарлар ҳақида хабар беряптилар.

Барчамизга маълумки, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларини ато этган. Улар ичида тану жоннинг саломат бўлиши энг улуғ неъматлардан бўлиб, бу биз бандаларга Аллоҳ таоло берган омонат ҳамдир. Бу неъматни хайрли ишларга ишлатиш ва ёмон ишлардан сақлашга буюрилганмиз. Жисми­мизнинг асосий бир бўлаги бўлган тилни ножўя сўз­лардан сақлаш ҳақида сўз юритамиз. Тил инсонларнинг ўзаро муомалаларида фикрларини баён этишлари, ички кечинмаларини ифодалашлари учун, айниқса, Аллоҳни зикр этиш ва Қуръон тиловат қилиш, одамларни ҳидоят йўлига чақириш каби Аллоҳ рози бўладиган ўринлар­да ишлатиш учун берилгандир. Тил инсоннинг ақл-идроки ва маънавиятини намоён этувчи асосий аъзодир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Ахир Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!» (Балад, 8–9).

Бошқа оятда эса, нутқ инсонга берилган улкан фазл ва марҳа­мат экани зикр қилинади:

 «Ар-Раҳмон (меҳрибон зот) Қуръонни таълим берди. (У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди» (Ар-Раҳмон, 14).

Шундай экан, тил билан фақат хайрли, яхши сўз­ларни га­пириш, уни ғийбат, туҳмат, ёлғон, ҳақорат, чақимчилик ка­билардан сақлаш лозим. Тил­дан келадиган офатлар кўп бў­либ, улар қалбни тош қилиб қўяди. Мана шу офатлардан қутулишнинг энг осон йўли сукут сақлашдир.

Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим юрсин”, деганлар.

Умри давомида вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, ботил, бемаъни гаплар билан машғул бўлиш мумкин эмаслигини билади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай мар­ҳамат қиладилар: “Менга энг ёмон кўри­надиганингиз ва қиё­мат куни мендан энг узоқ бўла­диганингиз, оғзини тўлдириб кўп гапирадиганингиз ва мутакаббирлик қиладиганингиздир”.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди”, деганлар. Ҳакимлардан биридан: “Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?” деб сўралганида, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жа­воб берган.

Тил инсон аъзолари ичидаги энг кичиги бўлишига қара­май, у бошқа аъзолар қила олмайдиган ишларни қилишга қо­дирдир. Тилнинг тўғри бўлиши бош­қа аъзоларнинг иши яхши бўлишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг имони мукаммал бўлмайди, токи қалби тўғри бўлмагунча. Қалби тўғри бўлмайди, токи тили тўғри бўлмагунча”, деб марҳамат қилганлар.

Мўмин-мусулмон бандалар икки дунёнинг олий мақо­ми­га эришмоқчи бўлсалар, улкан гуноҳлар, фаҳш ва қабиҳ, уят иш ва ёмон сўзлардан узоқ бўлишлари лозим.

Бинобарин, айрим бекорчи, дангаса маҳалла-кўй­ларда, кўча ва гузарларда ўтириб олиб, ғийбат гап­лар­дан гапириб, ўтган-кетганларга баҳо берувчи ёмон кимсалар ҳам мазкур оят ва ҳа­дисларда зикр этил­ган­лар ҳукмида эканлигини унутмас­ликлари керак.

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

 «Айтинг: “Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, но­ҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳуж­жат туширмаган нарса(лар)ни Ун­га шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзи­н­­гиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳа­ром қилди» (Аъроф, 33).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари­да бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло уятсизликни ва беҳаё гаплар гапирилишини хуш кўрмайди”.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларни сифатлаганда улар­нинг фаҳш, қабиҳ ва уятсиз сўз ва ишлардан четда бўлишларини таъ­кидлаган.

Аллоҳ таоло марҳа­мат қилади:

 «Улар катта гуноҳлардан ва бузуқлик­лардан четла­на­ди­ган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборади­ган зотлар­дир» (Шўро, 37).

Инсон аъзолари ичида энг хатарлиси бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло уни лаблар ортидаги тишли икки жағ орасига яшир­ган. Шу сабабли ҳам Расу­луллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмон­ларнинг энг афзали ҳақида: “Ҳақиқий мусулмон бошқалар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган ки­шидир”, деб марҳамат қилганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Тилига эга бўлган, уйи уни сиғдирган ва хатоларига йиғлайдиган кишига қандай ҳам яхши”, деганлар. Муоз ибн Жабал (ро­зияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Мен: “Ё Расуллуллоҳ, мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ­лаш­тирадиган амал ҳақида хабар беринг”, дедим. Расуллуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жуда катта нарса ҳақида сўрадинг, лекин у Аллоҳ таоло осон қилган­лар учун енгилдир. Аллоҳга ибодат қилиб, Унга шерик келтирмайсан, намозни қоим қиласан, закотни адо қиласан, Рамазон (рўзасини) тутасан ва байт (Каъба)ни ҳаж қиласан”, дедилар. Сўнг: “Сенга яхши­ликлар эшигига далолат қилмайинми? Рўза қўрғондир, садақа хатони сув оловни ўчиргани каби ўчирур, кишининг зим-зиё кечадаги намози…”, дедилар. Сўнг «Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилур­лар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қи­лур­лар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яши­риб қўйилган кўз­лар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас» (Сажда, 16–17), деган оятни тиловат қилдилар. Сўнг: “Ишларнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар бера­йинми?” дедилар. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. “Ишнинг боши Ислом, унинг устунлари намоз, чўққиси эса нафсга қарши жиҳоддир”, дедилар. Сўнг: “Мен сенга буларнинг барчаси… ҳақида хабар берайинми?” де­дилар. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. Тилларини ушладилар ва: “Ўзингни мана бундан сақла”, деди­лар. Мен: “Ё Аллоҳнинг Набийи, гапирган нарсаларимиздан ҳам сўраламизми?” дедим. Шун­да: “Онанг сени йўқотиб қўй­гур, одам­ларни тилининг ҳоси­ли­дан бошқа нарса дўзахга юзту­бан қилиб ташлайд­ими?” дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) динимизга оид кўп нарсалар ҳа­қида хабар бериб, улар ичида тилга алоҳида эътибор ва урғу бераётганлари бежиз эмас. Чунки тил орқали киши кўплаб гуноҳларни орттириб олганини билмай қолади.

Гапиришнинг бир неча шартлари бўлиб, уларга риоя қи­линма­са, хатодан қутулиш имконсиз бўлади.

Биринчи шарт, бирор фойда келтирадиган ёки зарарни қай­тарадиган бўлиши.

Иккинчи шарт, ўз ўрни ва фурсатида бўлиши.

Учинчи шарт, эҳтиёж миқдорида қисқа бўлиши.

Тўртинчи шарт, гаплардаги лафзларни танлаб, энг афзал деб билганини гапириш.

Агар гапириш учун тўғри нарсани топа олмаса, жим туриши керак. Чунки нотўғри нарсани гапирмасликнинг ўзи ҳам яхши­ликдир. Бу борада уламолар бундай дейдилар: “Фойдаси бўлмаган ҳар қан­дай гапдан сақланиш керак. Агар гапириш ва жим туриш тенг бўлиб қолса, жим туриш афзалдир. Чунки мубоҳ бўлган гап бориб-бориб ҳаром ёки макруҳ гапга ай­ла­ниб кетиши мумкин”. Дарҳақиқат, эътибор берилса, кўп ҳол­лар­да шундай бўлади.

Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: “Агар инсон гапиришни хоҳласа, гапиришдан олдин фикрлаб кўрсин. Агар фойда кўринса, гапирсин, акс ҳолда, то фойдали бўлишига ишонгунга қадар жим турсин”.

Демак, мусулмон одам ёмон гаплардан сақлани­ши дар­кор. Чунки хунук гаплар эгасининг ҳурма­тини кетказиб қўяди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бу ҳақда: “Киши тили остига беркитилгандир. Агар у гапирса, унинг қандайлиги кўрина бошлайди”, деганлар.

Бирор танимаган одам билан кўришганда, у киши билан суҳбатлашмагунча, қандай эканини билиб бўлмайди. Суҳбат давомида унинг гап-сўзлари ким эканини яхшироқ кўрсатиб беради. Яна ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бу борада: “Оқилнинг тили қалбининг ортидадир, аҳмоқнинг қалби тилининг ортидадир”, деганлар. Яъни, оқил одам гапиришдан ав­вал фикрлаб кўради. Агар қал­би таскин топса, гапиради. Аҳ­моқ эса аввал ўйламасдан гапиради. Кейин қалби билан хижолат ва надомат чекади.

Тил воситасида ғийбат, чақимчилик, туҳмат, ёлғон каби кўплаб гуноҳ содир қилинади.

Ғийбат бошқа бир одам ҳақида унга ёқмайди­ган нарса­ларни гапиришдир. Бировни ғийбат қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четла­нингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўз­галар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейиш­ни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўр­қингиз! Албатта, Аллоҳ тав­баларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужу­рот, 12).

Бу ўринда Аллоҳ таоло ғийбат қилиш жуда катта гуноҳ бўл­ганлиги сабабли уни ғийбат қилинган одамнинг гўштини ейиш билан тенглаштиряпти. Ғийбат қилишнинг ёмонлиги ҳақи­да бир қанча ҳа­диси шарифлар мавжуд.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳурай­ра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда ғийбат ҳақи­да бундай дедилар: “Ғийбат ни­ма эканини биласизларми?” дея сў­ра­дилар. Са­ҳоба­лар: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирода­ринг эшитса, хафа бўладиган нарсани зикр қилишингдир”, деди­лар. Бир киши: “Агар бирода­римда мен айтган нарса (айб) бўлса-чи?” деди. Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар унда сен айтаёт­ган нарса бўлса, сен уни ғийбат қи­либсан, агар бўлмаса, сен унга туҳ­мат қилибсан”, дея жавоб бердилар.

Мазкур ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ғийбат бировда мавжуд бўлган айбни бошқаларга ай­тишдир. Баъзилар ўзини оқлаш мақсадида, мен йўқ нарсани айтмаяпман, унда ўша айблар бор, деб даъво қилади. Демак, айнан мана шу даъво ғийбат бўлар экан. Агар у одамда айтилаётган айблар бўл­маса, бу ғийбат эмас, балки у одамга нисбатан туҳ­мат ва бўҳ­тон бўлиб қолар экан.

Ғийбат қилишнинг бир қанча ёмон тарафлари бор. Ғий­бат қи­лиш натижасида одамнинг обрўси тў­килади, ҳурмати ке­та­ди, жамиятда унга ишонч йў­қо­лади, низо ва адоватлар ке­либ чиқади. Биров­нинг айби ва гуноҳидан ҳамма хабар топа­ди. Ваҳо­лан­ки, Ислом динида бировнинг айбини кўриб қол­са, уни яшириш, бош­қаларга айтмаслик буюрилган.

Ҳозирги даврда кўплаб оилаларнинг бузи­либ кети­шига, ака-уканинг юзкўрмас бўлиб қолиши­га айнан ғийбат сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум.

Ғийбат қилишга бир неча омиллар сабаб бўлади. Кимдир ғий­бат қилинаётган одамга нисбатан нафрати ва адовати боис, кимдир бировнинг айби­ни айтиш билан ўзида шу нуқсоннинг йўқли­гини кўрсатиш учун, яна кимдир ғийбатчи ҳамсуҳбати­нинг гапларига қўшилиш учун, яна кимдир, ғий­бат қилинаётган одамнинг устидан кулиш учун, яна кимлардир жўяли гап топа олмагани учун ғийбат қилади.

Ғийбат фақат тирик одамлар ҳақида бўлмай, балки ўликлар, яъни вафот этиб кетган одам ҳақида ҳам бўлади. Ўтиб кетган одам­ларни ғийбат қилишнинг гуноҳи тирикларни ғийбат қилишдан кўра оғирроқ­дир. Чунки ти­рик одамдан кейинчалик узр сўралса, у кечири­ши мумкин, лекин ўлган одам борасида ундай имко­ният йўқ. Шу билан бирга, ҳадиси шарифларда: “Ўтганларингизнинг яхши та­рафларини зикр қилинглар, уларнинг ёмон тарафларидан тийилинг­лар”, дея марҳа­мат қилинган.

Бирор гуноҳ қилиб қўйилса, тезда тавба қилиш зарур. Ғийбатнинг тавба­си ғийбат қилинган одам­дан айтган гапи учун ке­чи­рим сў­раш­дир. Агар бу нарса янада каттароқ ёмон­лик­ларга, жанжалнинг кўпайишига олиб бориш эҳти­моли кўп бўл­са, у одамни ёмонлаб ғийбат қил­ган жойларда унинг яхши тарафлари ва фазилатларини зикр қи­лиш ҳам­да у одам ҳақида бошқалар тарафидан қили­нади­ган ғийбатлар­ни имкон қадар тўхтатиш билан кифоя­ла­нади. Бунда, бирин­чи навбатда, Аллоҳдан қилган ишини мағфират этишини сў­раб, илтижо қилади.

Тил ёрдамида қилинадиган катта гуноҳлардан яна бири чақимчиликдир. Чақимчилик бировнинг бошқалар билишини хоҳ­лама­ган гапи ёки бирор ишини бошқаларга ет­ка­зишдир. Яъни, одамлар ораси­да уларнинг ўрта­сини бузиш учун бирининг гапи­ни бошқасига ет­казишдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «(Эй Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қа­самхўрга (Ва­лид ибн Муғирага) итоат этманг! (У) ғий­бат­чи, гап ташув­чи, яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳ­кор, қўпол ва булардан таш­қари бенасаб (ҳароми)дир…» (Қалам, 10–13), дея Ислом душмани Валид ибн Муғиранинг бир қанча ёмон сифатлари баробарида “гап ташувчи”, яъни чақимчилик сифатини келтириши бу ишни Аллоҳ таоло суймаслигини билдиради.

Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси ша­рифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Чақимчи жаннатга кирмайди”, де­ган­лар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади: «Пай­ғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина ёки Макка қаб­ристонларининг бири ёнидан ўтиб кетаётган эдилар. Тўсатдан иккита қабр­дан азобланаётган кишиларнинг инг­раган товуши­ни эши­тиб қолдилар. “Азобланаяптилар, аммо кабира гуноҳ учун азобланмаяптилар”, дедилар. Бир оздан сўнг: “Йўқ, (кабира гуноҳ сабабли азобланаяптилар), бири бавлидан, яъни пешобидан сақланмас, иккинчиси эса чақимчи­лик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра, хурмонинг кўкариб турган шохидан олиб келишни буюрдилар. Шох олиб келингач, уни иккига бўлиб, ҳар бир қабрга биттадан бўлакни санчиб қўйдилар. Саҳоба­лар: “Ё Расулуллоҳ, нега бундай қилдингиз?” деб сў­рашди. Шунда у зот: “Шояд, бу шохлар қуригунча азоб­лари енгиллашиб турса”, деб жавоб бердилар».

Ушбу ҳадисда айтилган воқеа Мадинада ёки Маккада бўл­га­ни устида ровий шубҳа қилаётган бўлса-да, энг муҳими, бу воқеа бў­либ ўтган. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварада “Бақиъул ғарқад” қабристонини тез-тез зиёрат қилиб турар эдилар.

Ана шундай одатий зиёратлардан бирида, Аллоҳ таоло Ра­су­луллоҳ (алайҳиссалом)га мўъжиза тариқасида иккита қабрда азобланиб ётган кишининг товушини эшиттирди. Бу товушни ўша ерда турганлар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бошқа ҳеч ким эшитмади. Аввалига, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни: “Кабира гуноҳ учун азобланмаяптилар”, дедилар. Яъни, уларнинг азобланишларига сабаб бўлган гуноҳ уларнинг наздида катта гуноҳ эмас, дедилар. Бир зум ўтмай: “Бири бавлидан, яъни пешо­­би­дан сақланмас, иккинчиси эса чақимчилик қилиб юрар эди”, деб қил­ган гуноҳларини айтдилар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, мазкур гуноҳлар қабр азобига сабаб бўли­ши мумкин экан.

Бавлдан сақланмаслик деганда, унинг кийимларга те­гиб кетишига бепарво бўлиш ёки бавл қилаётганда одамларнинг назари тушишидан сақланмаслик деган маъноларни тушу­ниш мумкин. Ҳар иккиси ҳам мусулмончиликка тўғри кел­майдиган ҳолат бўлиб, биринчиси, нопоклик бўлса, иккинчиси, ҳаёсизлик саналади. Кийим нопок бўлгандан кейин, у билан ўқилган намоз ҳам мақбул бўлмайди. Ҳаёсиз кишида эса имон бўлмайди. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар бундан жуда эҳтиёт бўлмоқлари лозим.

Бир одамнинг гапини бошқага етказадиган, одамлар ора­сида гап ташиб юрадиган кишилар чақим­чи дейилади. Ча­қимчи кимсадан кўра ёлғончироқ одам бўлмайди. Чунки у бир гапни эшитса, унинг моҳиятига тушунса, тушунмаса, бошқа одамга олиб бориб гапираверади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”, деганлар. Энг муҳими, чақимчи би­ринчи галда бу қилмиши орқали одамларга панд бериш, бошига ташвиш келтириш, оғир аҳволга солиб қўйишни мақ­сад қи­лади. Демак, чақимчининг иши, шунчаки гап ташиш эмас, балки ёмон ниятни амалга оширишдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чақимчиликни катта гуноҳлар қа­торига қўшганлар.

Аллоҳ таоло бизга неъмат қилиб берган тилимизни фақат яхши ва савоб ишларни қилишга восита қилайлик, у бошқалар­га зарар ва азият етказмайлик.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм