Бировнинг ҳақи
Бир куни устачилик қиладиган дўстим уйимга келди. У қўшни қишлоқдаги ўзига тўқ оилага олти хонали уй қуриб берган экан. Уста ҳақидан бир оз қолганлигини, ҳалигача ундиролмаётганини айтди. Ўша хонадонга бирга бориб келишимни сўради. Чунки улар менга яхши таниш эди: эру хотин олий маълумотли, уч фарзанди Тошкентдаги олий таълим даргоҳларида ўқишарди.
Уй эгаларига телефон қилиб, кечки пайт уста билан ҳовлиларига бормоқчи эканимизни айтдим. “Бош устига. Сизларнинг ташрифингиздан жуда хурсанд бўламиз”, деган жавоб бўлди. Шомдан кейин бизни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Чой ичиб ўтириб хонадон соҳибига уста билан бир оз олди-бердилари борлигини айтгандим, у дарров тушунди.
– Хабарингиз бор, болаларни ўқитяпмиз. Контракт дегандай… Шунинг учун қарзимизни қайтариш бир оз чўзилди. Майли, нима десаларинг, шунга розимиз, лекин ҳозир нақд пулимиз йўқ, – дея уй эгаси бизни молхона томон бошлади.
Молхонада кавшаниб турган катта буқа (назаримда, 200–220 кг тош босарди)ни кўрсатиб, “Шуни берсам, рози бўласизми?” деди. Уста рози бўлдию, бироқ шу лаҳза қарама-қарши томондаги оғилхонага боғланган бўғоз она тарғилга кўзи тушиб, сўзидан қайтди: “Шу сигирни берсангиз, рози бўламан”.
Эр орқароқда турган хотинига қаради, кейин устага илтимос оҳангида сўзлади: “Устажон, бу сигир – рўзғоримизнинг ободлиги. Эрта-индин кўзи ёради, деб кутиб турибмиз. Невараларимизга сутқатиқ…” Уларнинг ҳолатини тушунганим учун: “Уста, буқани бозорга олиб чиқиб сотсангиз, бундан зўр сигир олишингиз мумкин. Сигирни қўйинг энди…” деганимни биламан, у аразлаб оғилхонадан шашт билан чиқиб кетди.
Ноқулай аҳволда қолган уй эгалари устани йўлдан қайтардилар. Сигирнинг арқонини ечдилар, хатти-ҳаракатларидан бу ишга рози эмасликлари кўриниб турарди. Лекин уста бунга эътибор бердими-бермадими… қувонч билан жониворни етаклаб чиқиб кетди. Сигирнинг эрта-индин болалашини айтиб, йўл-йўлакай шодлигини яширмади.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, кела-келгунча сигирнинг кўзларида ёш кўрдим, чамамда, у ҳам хос оғилхонасидан кетгиси келмасди… Биз йирик сигирни устанинг оғилхонасига бир илож қилиб жойлаштирдик.
Эрта тонгда бомдод намозини ўқиб ташқарига чиққанимни биламан, дарвоза олдида уста турганини кўрдим. Олдига бордим, не кўз билан кўрайки, унинг рангида ранг йўқ эди. Уста мени оғилхонасига бошлаб борди. У ерда кечаги соппа-соғ сигир чўзилиб ётганини кўрдим. Ёрдамга келган мол дўхтири ҳам бунинг сабабини билмас, қандай ташхис қўйишга ҳайрон эди. Уста мол дўхтирининг барча саволларига жавоб берди-ю, фақат… сигирни эгаларидан қандай ҳолат-вазиятда олиб келгани ҳақида лом-мим демади.
Ўшанда болалигимдан кўп эшитган, “Бировни норози қилиб олинган мол ҳеч қачон буюрмайди” деган гапнинг ҳақлигига яна бир карра иқрор бўлдим.
Юнус ХОЛМЎМИНОВ
Халқ таълими аълочиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби,
Сурхондарё вилояти Музработ тумани
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан