Бир саволга ўн хил жавоб
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу хавориж тоифасидан бўлган ўн кишининг “Илм афзалми, мол-дунё афзалми?” деган саволига: “Илм афзал”, деб жавоб бердилар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида далил келтирдилар:
– биринчисига: “Илм пайғамбарларнинг меросидир, мол эса Қорун, Шаддод, Фиръавн ва бошқа шунга ўхшаганларнинг меросидир!”;
– иккинчисига: “Илм сени қўриқлайди, молни эса сен қўриқлайсан”;
– учинчисига: “Мол эгасининг душмани кўп бўлади, илм эгасининг дўсти кўп бўлади”;
– тўртинчисига: “Молни сарфлаганинг сари у камайиб боради, илмни сарфлаганинг сари у кўпайиб боради”;
– бешинчисига: “Мол эгасини бахил-қизғанчиқ деган ном билан маломат қилиб чақиришади, илм эгасини эса иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром билан чақиришади”;
– олтинчисига: “Мол ўғридан яширилади, илм эса ўғридан яширилмайди”;
– еттинчисига: “Молнинг эгаси қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинади, илм эгаси эса қиёмат куни шафоат қилинади”;
– саккизинчисига: “Мол узоқ вақт туриши ва замонлар ўтиши билан эскиради (ва қадри кетади), илм эса асло эскирмайди ва қадри кетмайди”;
– тўққизинчисига: “Мол қалбни қорайтиради, илм эса қалбни ёритади – ёруғ ва нурли қилади”;
– ўнинчисига: “Молнинг эгаси бора-бора худоликни даъво қилади, илм эгаси эса ҳамиша бандалик мақомида туради”, дедилар.
Сўнгра: “Агар мендан яна шу саволни сўрайверишса, то ўлгунимча шундай (“Илм молдан афзал”) деб жавоб беравераман!” деди. Кейин у (хавориж)лар келдилар ва ҳаммалари имон келтириб, мусулмон бўлдилар.
“Ҳадису арбаъийн” шарҳу Усфурий (Усфурий арбаъийн ҳадис шарҳи,
ҳижрий 1318 йил кўчирилган) китоби асосида
Рахшона МИРЗО қизи тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан