Энг улуғ ғоямиз: Жаҳолатга қарши — маърифат
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида сўнгги уч йил мобайнида мамлакатимизда эришилган салмоқли натижалар, жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи мавжуд муаммолар ва камчиликлар очилиб, истиқболли режалар белгилаб берилди.
Чунончи, Юртбошимиз Мурожаатномада диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, жумладан: “Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади.
Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади”, дея таъкидлади.
2020 йил мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланишида катта рамзий маъно бор. Чунончи, муқаддас динимизда илмга алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Жумладан, бир ўринда бундай марҳамат қилинади: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси, 9-оят). Ҳадисларда ҳам илмга ташвиқ этилиб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти).
Бадрда асир тушганларнинг саводлилари ўн нафар мусулмон болага ўқиш-ёзишни ўргатиш эвазига озод этилгани – тарихий ҳақиқат. Қуръони карим мусҳаф ҳолига келтирилишида катта хизмат қилган саҳоба Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ана шундай тарзда савод чиқарган ёшлардан эди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган янги илм ўрганмаган кунимда мен учун яхшилик йўқдир”, деб марҳамат қилганлар.
Ўрта асрларни Шарқ Ренессанси даври сифатида тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилишида буюк аждодларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар қайси йўналишда бўлмасин, илғор саналишган. Ҳадис илмида Имом Бухорийнинг олдига тушадигани бўлмаган. Фиҳқда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек… Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб бўла оляптими? Муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатномада навқирон авлод вакилларини ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш учун яна кўплаб шароитлар яратилишини бежиз таъкидламади.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада: «Имом Бухорий бобомиз ўз китобларида келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”», деб бежиз таъкидламадилар. Дарҳақиқат, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Бухорий” асаридаги биринчи ҳадис ҳам айнан шудир. Барча масъуллар Мурожаатномада белгаланган мақсадлар йўлида бирлашса, барча соҳалардаги ислоҳотлар, албатта, ўз ижобий натижасини беради, иншоаллоҳ.
Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан