Тақво ҳар ишнинг бошидир
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Иброҳим ва Мусо (алайҳимассалом)нинг саҳифа ва китоблари ҳақида сўраганидан кейин яна қониқмасдан: “Ё Расулуллоҳ! Насиҳат қилинг”, деди. Расулуллоҳ унга: “Сенга Аллоҳга тақво қилишни васият қиламан, чунки бу ҳар бир ишнинг бошидир”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир”, деганлар.
Оқил киши қисқа, лекин кўп маънони ўзида мужассам этган бу сўз мазмунини яхшилаб тушуниши лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу муборак васиятлари билан: “Ибодатда тақво худди бадандаги бош кабидир, чунки инсон учун бошсиз ҳаёт бўлмагани каби тақвосиз ибодатнинг на лаззати бор ва на роҳати”, деганлар,
Али (розияллоҳу анҳу) тақво учун тўрт аркон (устун)ни зикр қилган. Қалбларда дунёга муҳаббат қўйишдан вужудга келган қоронғи-зулматни мана шу тўрт аркон билан мустаҳкамланган тақвогина тарқатиб юбора олади. У зот (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жалил Зот Аллоҳдан қўрқиш, танзил (Қуръон)га амал қилиш, озга қаноат қилиш ва фоний дунёдан охиратга кўчиш – ўлим кунига тайёргарлик кўриш”.
Мана шу тўрт иш тақвонинг арконларидир. Агар кишининг тақвосида мана шу тўрт арконнинг бирортаси кам бўлиб қолса, унинг қалбида дунё муҳаббатидан пайдо бўлган зулмат буткул кетмайди, яъни ундаги тақво бу қоронғи-зулматни бартараф этишга заифлик қилади.
Бу сўзлар замирида: “Шариат одобларига қатъий риоя қилиш, Аллоҳдан узоқлаштирадиган турли амаллардан сақланиш, ҳар қандай ишни қилганда, У Зот кузатиб турганини эсдан чиқармаслик, У Зот буюрган ишларни қилганда ҳеч нарса йўқотмасликка ишониш лозим”, деган маъно ётади.
Инсон Аллоҳ таолодан, Унинг ҳисоб-китобидан ва содир этилган гуноҳларга аввало, шу дунёнинг ўзидаёқ, кейин қабрида, сўнгра эса, охиратда берилажак жазо — азобдан қўрқадиган бўлса, бу қўрқув уни барча ҳаром ва шубҳали ишлардан, Аллоҳ таолога яқинлашувга монелик қиладиган ҳамда қимматли вақтларини беҳуда ўтказиб юборадиган барча ўйин-кулги, зеб-зийнатлардан ўзини узоқ тутадиган қилиб қўяди. Бу қўрқув уни Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ бўлишга ва оз нарсага қаноат қилишга ундайди. Бу қўрқув умрини чиркин мол-дунё ва бир неча кунлик мансаб йўлида сарфлаб юборишига йўл қўймайди. Инсон агар мана шу қўрқувга эга бўлса, Аллоҳ таоло талаб қилганидек ҳаёт кечиришга ҳаракат қилади. Ўлимдан кейин бошланажак ҳақиқий ҳаётга тайёргарлик кўра бошлайди. Бир сўз билан айтганда, у дунёга муҳаббат қўйиш сабабли вужудга келадиган коронғи-зулматни тарқатиб, йўқ қилиб юборадиган кучли тақвога эга бўлади.
Тақво тўрт аркон билан бирга, инсоннинг ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб (тергаб) туриши билан ҳам кучли бўлади. Чунки инсон нафси ёмонликка буюрувчидир. Инсон ўз нафсидан хабардор бўлиб турмаса, нафси уни албатта тўғри йўлдан четга буриб юборади. Тўғри йўлдан адашган киши зулматни ёритувчи тақвога асло эга бўла олмайди ва у бу дунёга муҳаббат қўйиш оқибатида вужудга келган қоронғи-зулмат аро йўл топа олмай, қолиб кетади.
Шунинг учун ҳам, улуғ тобеинлардан Маймун ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзини ҳисоб-китоб қилмаган, нафсидан бехабар шахсни тақволи кишилар сирасига қўшмаган. У зот (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Киши ўз нафсини тажоратдаги шеригини ҳисоб-китоб қилишидан кўра қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилмаса ҳамда еб-ичиши, уст-боши ҳаром ёки ҳалолдан келаётганини аниқ билмаса, тақволи кишилар қаторига асло кира олмайди” (“Сифатус сафво”, 4-жилд, 194-бет).
Демак, инсон ўз нафсидан хабардор бўлиб турса, кучли, собит тақвога эга бўлади. Унинг қалбига дунё муҳаббати зулмати соя солган пайтда мана шу тақво билан уни бартараф қилишга муваффақ бўлади.
Биз ўзимизча ҳадисларга қанчалик изоҳ бермайлик, яна уларсиз сўзимизни мукаммал қила олмаймиз, уларсиз дилимиздаги нарсаларни тўкис етказа олмаймиз. Шундай экан, сўзимиз исботи сифатида, юқоридаги гапларни маромига етказиш учун яна Содиқул Масдуқ Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мурожаат этайлик:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб турибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Тақводор кишиларнинг сифатлари Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Жумладан:
«Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл,128).
Абу Умома Судай ибн Ажлон Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида қуйидагича хутба қилганларини эшитдим: “Аллоҳдан тақво қилинглар. Беш вақт намозни адо қилинглар. Рўза ойи рўзасини тутинглар. Молларингиз закотини беринглар. Бошлиқларингизга итоат қилинглар. Шунда Раббингизнинг жаннатига кирасизлар”» (Имом Термизий).
Тақводорларнинг сифатларини Али (розияллоҳу анҳу) қуйидагича таърифлайди: “Улар фазилат соҳиблари, тўғри сўз, тежамкор, камтар, кўзларини ҳаромдан тийган, фойдали илм ва сўзларни эшитувчи, илмига амал қилувчи, кўп гапирмайдиган, нафсларини тергайдиган, қилган амалларидан Яратганнинг ризосини тилайдиган кишилардир. Уларнинг аломатлари — динида барқарор, олижаноб, имон ва иродаси мустаҳкам, илмга ташна, молу дунёсини тежаб ишлатадиган, хушу билан ибодат қиладиган, ораста, қийинчиликка сабр қиладиган, ҳалолдан топадиган, тиришқоқ, тамадан йироқ, эзгу амалларга чоғланган, ҳар қандай ҳолатда шукр қиладиган, илм ва ҳилм билан ҳазил қилувчи ва айтганига амал қилувчилардир”.
Ҳар бир мусулмон хушу нима эканини ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ўрганса, мақсадга мувофиқ бўлади. У кишининг ҳаётларида содир бўлган воқеага қулоқ тутайлик:
Жангларнинг бирида Али (розияллоҳу анҳу)нинг оёғига ўқ тегди. Ўқ оёқ суягига анча ботгани учун уни чиқара олишмади. Бир табиб чақиришди. Табиб Али (розияллоҳу анҳу)га: “Бу ўқни фақат ҳушдан кетказувчи дори билан олса бўлади. Йўқса, оғриққа чидаёлмайсиз”, деди. Али (розияллоҳу анҳу): “Ҳушдан кетказадиган дорига зарурат йўқ. Бир оз сабр қилинглар, намоз вақти кирсин. Мен намоз ўқий бошлаганимда олиб ташлайсиз”, деди.
Намоз вақти кирди. Али (розияллоҳу анҳу) намозга турди. Табиб Али (розияллоҳу анҳу)нинг оёғини ёриб, ўқни чиқарди. Ярани боғлаб қўйди. Али (розияллоҳу анҳу) намозини битириб, табибдан: “Ўқни чиқардингизми?” деб сўради. “Ҳа, чиқардим”, деди табиб. “Мен ҳеч нарса сезганим йўқ”, деди Али (розияллоҳу анҳу).
Намоздаги хушу-хузу ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)ни гўё бошқа оламга олиб кетгандек эди. Шунинг учун ҳам вужудидаги оғриқни асло сезмади.
Ҳақиқий тақводор зотлар учун Аллоҳ таоло қийинчилик пайтларида нажот ва ҳалол ризқни ваъда қилган, шунингдек, инсонлар орасида энг азизлари бойлар ёки амалдорлар эмас, балки Аллоҳдан қўрқадиган кишилар эканини айтган:
«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир–бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардордир» (Ҳужурот, 13).
Ер юзидаги барча дин, тузум ёки фалсафа инсонларни табақага ажратганида уларнинг бойликлари, насаб ва амалларига қараган. Ислом дини эса, кишиларнинг тақводорларигина азиз ва мукаррам эканини илоҳий Калом билан исботлади. Ислом дини келгунича инсонийлик даражасидан маҳрум бўлган қора-ҳабаш қул Билол имони ва тақвоси билан саҳобий, мўьтабар инсон даражасига етди. Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муаззини, деган шарафли унвонга сазовор бўлди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Кишиларнинг ҳурматлиси ким?” деб сўралганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уларнинг тақволиси”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаяпмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, Халилуллоҳ ўғли, пайғамбар ўғли, пайғамбар набираси, Аллоҳ пайғамбари Юсуфдир”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаяпмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, мендан араб қабилаларини сўраяпсизларми? Жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшиларидир. Агар (шариат аҳкомларини билиб) фақиҳ бўлса”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим).
Аллоҳ таоло мусулмон кишининг тақво туфайли улуғ мартабаларга эришиши ва жаннатга киришини ваъда қилади:
«Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз» (Оли Имрон, 133).
Муфассирлар оятдаги “жаннат сари шошилинглар” деган сўздан мурод, —“беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш, тоат, ихлос, тавба, жума намозини канда қилмаслик ва жамоатга эътибор бериш”, деган (“Тафсири Насафий”, 1-жилд. 182-бет).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ, Сендан ҳидоят, тақво, иффатни ва беҳожат бўлишни сўрайман”, деганлар» (Имом Муслим).
Яна бир ояти каримада бундай марҳамат қилинади:
«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр–садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари — Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!» (Оли Имрон, 134–136)
Юқоридаги оятларда “фаровонлик ва тангликда ҳам хайр-садақа қилувчилар” деб, тақводорларнинг сифатлари баён этилди. Ҳар доим эҳсон қилиш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Чунки эҳсон қилиш мардларнинг иши, ихлосли кишиларнинг амаллари бўлиб, баъзан кишига малол ҳам келади. Лекин ҳақиқий тақводорлар эҳсон қилишдан асло оғринмайди. Энг улуғ амал ҳисобланган эҳсон орқали жамиятда тенглик пайдо бўлади (“Тафсири Насафий”, 1-жилд, 182-бет).
Шунингдек, ғазаблари келганда уни билдирмасдан, ютиб юборадиган кишилар ҳам тақводорлардир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ғазаби келганда уни сўндира олса, Аллоҳ унинг қалбини имон ва ишончга тўлдиради”, деганлар (“Тафсири Насафий”, 1-жилд, 182-бет).
Мусулмон киши иложи борича юқоридаги сифатларни ўзида мужассам этишга ҳаракат қилади ва натижада, Аллоҳ ваъда қилган мукофотларни қўлга киритади.
Шоир айтганидек:
Ноинсоф, нокас-ла дўст бўлма ҳаргиз,
Тақводор, зокир-ла ҳаётинг тўкис.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм