“Ҳиндистон хунрезликлар кенг тарқалган мамлакатга айланиб қолди”
Нью-Деҳлида мусулмонларнинг уйлари ва масжидларга бостириб кирилиши ҳамда ўттиздан ортиқ кишининг ўлдирилиши халқаро ҳамжамиятнинг танқидига сабаб бўлди.
Пайшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ҳиндистонда мусулмонларнинг ўлдирилишини қоралади. “Ҳиндистон энди хунрезликлар кенг тарқалган мамлакатга айланди. Бу хунрезлик нима? Мусулмонлар қирғини. Ким томонидан? Ҳиндлар томонидан”, – деди у Анқарадаги нутқида.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ҳиндистон ҳукуматини мусулмонларга қарши зўравонлик ва масжидларнинг хароб қилинишини чек қўйишга чақирди. Шунингдек, ИҲТ қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ҳиндистон расмийларининг мусулмонларга қарши ҳужумларни тўхтатишга хоҳиши йўқлигидан хавотир билдирди. Мишел Бачелетнинг таъкидлашича, ўтган йил декабр ойида қабул қилинган фуқаролик тўғрисидаги янги қонун мусулмонларда катта ташвиш уйғотмоқда. У турли гуруҳларнинг мусулмонларга қарши ҳужумларига полициянинг кескин қаршилик кўрсатмаганини таъкидлади.
АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси ҳам зўравонликлардан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда фуқаролик тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойишлари ҳиндлар ва мусулмонлар ўртасида тўқнашувларга айланиб кетди.