Нидерландияда ноёб ханжар топилди
Нидерландияда Индонезия шаҳзодаси Дипонегорога тегишли қадимий ханжар топилди ва ҳақиқий эгаларига қайтарилди. Европадаги мазкур мўъжаз қироллик ҳукумати кўп йиллик саъй-ҳаракатлар, яъни 45 йиллик қидирувлардан сўнг, ниҳоят, ўз ваъдасини бажарди.
Ноёб топилмани тантанали суратда топширишга бағишлаб Гаагадаги Индонезия элчихонасида ўтказилган маросимда Нидерландия маданият вазири ва Индонезиянинг ушбу давлатдаги элчиси, шунингдек лолалар юртидаги Лейден этнология музейи директори иштирок этди. Маълум бўлишича, ханжарни айнан шу музей экспонатлари орасидан қарийб икки йил давомида қидиришган.
– Ушбу ханжар Индонезия учун жуда муҳим ва қадрли, – дея воқеага изоҳ берган элчи Фери Исванди. – Дипонегоро – бизнинг миллий қаҳрамонимиз. Шаҳзодамизга тегишли мазкур буюм унинг мавқеини белгилаган.
Тарихдан маълумки, Индонезия бир вақтлар Голландиянинг мустамлакаси ҳисобланган. “Қўзғолончи шаҳзода“ 1830 йил, Дипонегоро ва Голландия империяси ўртасида кечган 5 йиллик кескин қарама-қаршиликдан сўнг ушбу ханжарни босқинчиларга топширишга мажбур бўлган.
Нидерландлар 1949 йили Индонезиянинг мустақиллигини тан олди. 1975 йилда томонлар ўртасида “қаҳрамон”нинг шахсий буюмларини қайтариш мажбурияти тўғрисидаги битимни имзолашган. Шаҳзодага тегишли мулк рўйхатида ханжар ҳам бор эди. Ўша пайтда Жакартага фақат эгар, найза ва тантаналар, маросимлар чоғида шаҳзода фойдаланадиган соябон берилган.
Нидерландиялик мулозим Ван Берденнинг эътироф этишича, ханжарнинг йўқолиб қолишига ташкилий муаммолар билан бирга, қисман, қимматбаҳо ёдгорликни эгаларига қайтаришни хоҳламаслик ҳисси ҳам сабаб бўлган.
Энди ушбу ноёб буюмни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида жойлашган миллий музей кўргазмасига қўйилади.
ЎзА