Ўзинг яхши кўрганни бошқаларга ҳам раво кўр, чин мусулмон бўласан…
Мўмин киши ҳаёти давомида доим яхшиликни излайди. Яхшиликка етакловчи йўлларни ахтаради. Чунки яхшилик бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда жуда кўп бора таъкидланган. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар. Бу ҳадис шарҳида уламолар “мўмин бўла олмайди” жумласини “чинакам мўмин бўла олмайди”, деб шарҳлаганлар. Бундан киши имон келтиришининг ўзи етарли бўлмаслиги, балки имон кучли ва мустаҳкам бўлиши учун бир қанча сифатлар соҳиби бўлиши лозимлиги англашилади. Бу сифатларнинг барчаси яхши бўлганидан биз уларни яхшилик дейишга ўрганганмиз. Инсон ўзига раво кўрган нарсани ўзгага ҳам раво кўриши бу гўзал сифатлар орасида энг муҳимларидан дейилса, муболаға бўлмайди.
Инсоннинг гўзал ҳаёт кечириши фақат ўзигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки бунинг учун жамиятни ташкил қилувчи кишиларнинг бир-бирлари билан ўзаро алоқалари ва муносабатлари яхши ва мустаҳкам бўлиши керак. Ислом дини инсонларни дунё ва охиратда фаровон яшаши гарови бўлган нарсаларга чорлайди ва тарғиб қилади. Киши ушбу ҳикматни теран англаб етса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг нима учун киши ўзига раво кўрган нарсани ўзгага ҳам раво кўриши имонни мукаммал қилувчи хулқлардан санаганларини тушуниб етади. Ахир дўстига фақат бир яхшиликнигина эмас, балки ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўрмоқда. Зеро, киши ўзи яхши кўрган нарса одатда ўзи учун фойдали, ёқимли ва хайрли нарса бўлади. Бу нарсаларни ўзгага ҳам раво кўриш, ўзга шахснинг бу одамга нисбатан меҳри ва ҳурматини оширади. Ўзаро алоқалар яхшиланади. Бунинг натижасида жамият мустаҳкам ва фаровон бўлади. Бундан ташқари, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзгага ҳам илинган одам, у дўстига ёмонлик қилиши тугул, бу нарса унинг ақлига ҳам сиғмайди. Балки дўстини ёмонликлардан сақлаш, унга яхшилик қилишдан ҳам аввал туришини яхши тушуниб етган бўлади. Аслида ҳам ўзи ёмон кўрган нарсани биродарига раво кўрмаслик ҳам гўзал хулқлардан бири ҳисобланади. Қайси жамиятда бу каби хислатларга эга одамлар кўп бўлса, ана шу жамият кучли, қудратли ва обод бўлади.
Жамият бирдамлиги ва якдиллиги асосларидан бўлган ўзга одамга ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўриш ва бу хулқнинг мукаммаллигини таъминлайдиган бошқа гўзал хулқлар борасида яна бир қанча ҳадислар ривоят қилинган ва шу мазмунда Қуръони карим оятлари ҳам бор.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилдилар: “Мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақи олтитадир. Улар: киши биродарига йўлиқса, унга салом бериши, қачон уйига чақирса, чақириғига лаббай дейиши, қачон насиҳат сўраса, унга насиҳат қилиши, қачон акса уриб, сўнг Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тилаши, қачон бемор бўлса, уни бориб кўриши ва қачон вафот этса, жанозасида ҳозир бўлиши” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур ҳадисга назар солсак, унда зикр қилинган нарсалар айнан инсонни ўзга инсонга қилган одамгарчилиги, унга қилган яхшиликлари ва жамият мустаҳкамлигига асос бўлган нарсалар саналганлигини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, биродарига яхшилик қилган инсон унга кибрланмайди ва ўзини ундан катта олмайди. Зеро, бир ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоннинг биродарига қилган яхшиликларидан бири унга камтарона муносабатда бўлиб, кибр қилмаслик эканлигини айтганлар. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Одамлардан (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон, 18).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила фахрланишни кетказгандир. Тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлиши мумкин. Сизлар Одам (алайҳиссалом) болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар қавмлари билан фахрланишларини қўйсинлар. Улар жаҳаннам кўмиридан бир кўмир бўлишдан ўзга эмаслар. Бўлмаса, улар Аллоҳ учун тумшуғи ила гўнг титадиган сассиқ қўнғиздан ҳам пастроқ бўлурлар”.
Ота-боболар билан фахрланиш тавозега тўғри келмайдиган ишдир. Исломда кишини баҳолаш учун икки мезон бор. Биринчиси – тақводор мўмин. Иккинчиси – бадбахт фожир. Отаси у эди, бобоси бу эди, деган гаплар йўқ.
Одамлар фахрланиб нима қиладилар?! Агар Аллоҳ таоло истаса, уларни сассиқ қўнғиздан ҳам паст қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун бандалар тавозени ўзларига лозим тутишлари керак.
Иёз ибн Химор (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ менга: “Тавозели бўлинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин”, деди», дедилар.
Тавозе кишилар орасида, барча жамиятларда тажовуз қилиш ва фахрланиш орқали содир бўладиган барча нохушликларнинг олдини олади. Айни пайтда бу нарса кишининг биродарига қилган яхшилигининг намунасидир.
Ўзини бошқалардан юқори тутмаслик тавозе бўлади. Банданинг Аллоҳ таолога нисбатан тавозе қилиши унинг У Зотдан қўрқиши, бўйсуниши демакдир.
Бандалар орасидаги тавозе эса, бир-бирининг ҳақ гапини сўзсиз қабул қилиш, таклифларига кўниш билан бўлади. Тавозе ҳар бир банда учун улуғ неъмат ҳисобланади.
Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида: “Ким Аллоҳ учун тавозе қилса, албатта, Аллоҳ унинг мартабасини юқорилатмай қўймас”, дейилган.
Биз юқорида айтгандек, киши ўзига раво кўрган нарсани ўзгага ҳам раво кўриши фақатгина унга бирор-бир нарсани бериш ёки насиб қилишини хоҳлаши билангина эмас, балки ўзи ёмон кўрган нарсани унга ҳам раво кўрмаслик, айбларини беркитиш, ҳақ ўрнида ҳимоя қилиш, доим яхшилик билан эслаш ва бошқа сифатлар билан ҳам бўлади. Ҳадиси шарифларда ана шундай келган кўрсатмалар баён қилинган. Улардан бири мусулмон биродарининг айбини беркитишдир.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди.
Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дедилар».
Бу ҳадиси шарифда кишиларга зулм қилиш ҳаромлигини баён этиш билан бирга, бир қанча қилиниши зарур амаллар ва уларга бериладиган мукофотлар зикр қилинган.
Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса, ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро, мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ташлаб қўймаслиги лозим. У баъзи бир сабабларга кўра, зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилиши керак.
Мусулмон киши зулм бўлмаган чоғда ҳам бировларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ҳожатини чиқарган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқаради.
Мусулмон одам мусулмон биродаридан турли ғамларни аритиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритади.
Мусулмон одам мусулмон биродарининг турли айбларини беркитиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи беркитади.
Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади”, дедилар».
Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундай улуғ ишлардандир. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал. Шунинг учун ҳам ўз биродарининг айбини беркитган одам, уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.
Муоз ибн Анас Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб, унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. Ким бир мусулмонни шарманда қилиш учун айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунча ушлаб туради”, дедилар».
Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб, обрўсини тўкаётган бўлса, уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда унга катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам мўминлар бир-бирларини мунофиқларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан ҳимоя қилишлари зарурдир. Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмонни айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолади. Маҳшарга тўпланганлар ҳузурида қилган нобакорлиги жазоси ўлароқ, жаҳаннам кўпригидан ўта олмай тўхтаб қолади. Шу сабаб мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмаслиги керак.
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойида ҳимоясиз қолдиради. Қай бир одам бир мусулмон кишини беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойида ҳимоя қилади”, дедилар».
Бинобарин, мусулмон киши ўз биродарини ҳеч ҳам беобрў ва беҳурмат қилинишига йўл қўймаслиги лозим. Ана шундай ҳолат пайдо бўлса, дарҳол уни ҳимоя қилиши шарт. Ана шундагина у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан баҳраманд бўлиши мумкин.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади”, дедилар».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бир-бирларини ёмонларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан сақлашлари, ҳимоя қилишлари лозимдир. Агар бу иш қилинмаса, жамият иғво, бўҳтон билан тўлади. Бу билан жамият аъзолари орасида ўзаро адоват авж олади. Аста-секин бундай жамият таназзулга юз тутади.
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан бири: мусулмон биродарига меҳр-мурувватда бўлиш.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”».
Бундан ҳар бир мўмин ўзининг барча дўстлари учун дардкаш бўлиши лозимлиги тушунилади. Шунинг учун дарду аламда, турли қийинчиликда қолган мўминга раҳм-шафқат кўрсатиш, унинг дардини енгил қилиш учун чора излаш бошқа мўминларнинг бурчидир.
Бу маънони кейинги ҳадиси шариф ўзига хос равишда шарҳлайди. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминлар бир танага ўхшайдилар: унинг кўзи оғриса, борлиғи оғрийди, боши оғриса, борлиғи оғрийди”, дедилар».
Бир танада бирор аъзо хасталаниб қолса, тананинг барча аъзолари у билан қўшилиб азоб чекади. Мисол учун, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган кўзни олсак, кўзи оғриган одамнинг фақат кўзигина азоб чекмайди, балки бутун вужуди дард чекади. Шунингдек, бош оғриса ҳам, тиш оғриса ҳам, ҳаттоки тирноқ оғриса ҳам, шундай бўлади.
Жамият ҳам худди бир тана каби. Унинг бирор аъзосига салгина озор етса, қолган барча аъзолари у билан бирга дард чекиши лозим. Кишилар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳамдардлик ана шу савияда бўлиши чин мусулмонлик белгисидир.
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан яна бири: мусулмон кишига йўлиққанда салом бериш. Аллоҳ таоло айтади:
«Қачонки сизга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан кўра чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир» (Нисо, 86).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аввал салом, кейин калом”, дедилар».
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Ўртангизда муҳаббат уйғотадиган бир ишни кўрсатайми? Орангизда саломни кенг ёйинг!” дедилар».
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан яна бири: мусулмон кишининг айбини кўрса, тўғри йўл билан тушунтириб, насиҳат қилиш.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб ёки унинг тескарисини қилиб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.
Ойна ҳар бир кишининг айбини беркитишга хизмат қилади. У ўзи билан муомалада бўлган кишига индамаса-да, айбини кўрсатиб тураверади. Ойнага қараган киши бошқалар олдида уятга қолмаслик учун ҳам унинг ёрдамида ўзини ўнглаб олади.
Мўминлар ҳам бир-бирлари учун айбни тузатиш борасида худди ойна ўрнидадирлар. Мўмин одам ўз биродарида бирор айбни кўрса, дарҳол бошқалар кўрмай туриб, ўша айбни тузатишга ҳаракат қилади. Иккинчи мўмин ҳам бу гапни тўғри қабул қилади ва ўз айбини тузатишда ёрдам берган биродарига раҳмат айтиб, унинг ҳақига яхши дуолар қилади.
Дарҳақиқат, ҳадисда айтилганидек, мўмин мўминга худди шундай муносабатда бўлиши лозим. У ўз биродарига доимо яхшиликни раво кўради. Агар унинг бирор нарсаси йўқолиб қолса, ўша нарсани топиб беришга ҳаракат қилади. Агар ўз биродарининг йўқлигида бирор айби очилиб қолса ҳам, ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Албатта, сизнинг ҳар бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин”.
Агар биродарининг айбини кўриб туриб, уни айтмаса, яъни хатоларини тўғриламаса, унинг биродарлигидан ҳеч қандай асар қолмайди.
Ушбу ҳадисда мўмин банда учун жуда зарур насиҳатлар бор. Чунки ҳамма нарсани кўриб турадиган кўз ҳам, ҳатто ўзининг ичидаги доғини кўролмайди. Юзидаги бир доғни кўриши учун ойнанинг олдига бориш керак. Демак, ҳар бир киши доимо бир ойнага муҳтож бўлади. Яъни ҳар бир мўмин ўзига ўхшаган бир мўминнинг насиҳатига муҳтож бўлади. Бу ҳадисда ойна бўлиб турган мўминга ҳам, ойнанинг қаршисида турган мўмин учун ҳам насиҳат бор. Булар қуйидагилар:
- Ойна яхши шаклларни ҳам, ёмонликларни ҳам ўзидай кўрсатади, яъни мўминга яхшилигини ҳам, хунук ишларини ҳам ўша заҳоти айтади.
- Уни бўрттириб кўрсатмайди. Яхшилигини айтиб жуда мақтаб ҳам юбормайди, ёмонлигини кўриб, фожиага ҳам айлантириб юбормайди.
- Агар ойна сизнинг айбингизни кўрсатиб турса, ундан хафа бўлмайсиз, яъни уни синдириб ташламайсиз. Чунки у айб сизники, ойнаники эмас. Бир мўмин биродарингиз сизга бор айбингизни айтдими, энди ундан хафа бўлмайсиз.
- Айбингизни бировларга овоза бўлмасдан олдин сизга ойна кўрсатиб, уни огоҳлантирдими, албатта, хурсанд бўлиб, хайрият, шу ойнам бор экан, бўлмаса, ҳамманинг олдида шарманда бўларканман деб, ойнадан хурсанд бўласиз. Айбингизни биродарлик қилиб фақат ўзингизга айтиб берган мўминнинг ҳам кўнглини кўтариб рози қиласиз.
- Ойна айбингизни айтиб бўлгандан кейин бошқа биров ойнанинг олдига келса, олдинги кишининг аксини кўрсатиб, унинг айбини кўрсатиб турмайди. Мўмин ҳам бир мўминнинг айбини ўзига айтдими, энди бошқа бировга айтиб юрмайди.
- Ойнанинг олдида турсангиз, у айбингизни жим туриб кўрсатади. Мўмин киши бир мўминнинг айбини айтаётганда ҳам ёлғиз ўзига, ҳаммага овоза қилмасдан, ҳеч ким йўқ жойда секин айтиб қўяди.
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан яна бири: мусулмон кишига ваъда берса, унинг устидан чиқиш.
Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамса (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан у зот пайғамбар этиб юборилишларидан олдин бир савдо иши қилдим. Менда у зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мен уни турган жойларига келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унутиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у зот жойларида турибдилар. Мени кўриб: “Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу ерда интизор бўлиб турибман”, дедилар».
Ҳақиқий ваъдага вафо қилиш мана шундай бўлади. Бир кишини бир жойда уч кун кутиш ва куттирган одам келганда ҳам, уни ҳақоратламасдан ва шаънига нолойиқ сўзларни айтмасдан, фақат озгина эътироз билан чекланиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам ваъдага вафо қилишлари билан ном чиқарган эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам бу олий ахлоқ билан ном таратдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари ҳам бу ахлоққа содиқ қолдилар. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ахлоқни унутмасликлари, эгаллашлари зарур.
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан яна бири: мусулмон биродарининг юзига табассум қилишдир.
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир яхшилик садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг ҳам, ўз челагингдан биродарингнинг идишига сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдир”, дедилар».
Демак, бундан фақат ҳадиси шарифлар матнида зикр килинган нарсаларгина эмас, балки ҳар бир яхши иш ҳам катта савобларга етказиши маълум бўлади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган ерида одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиканни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг челагингдан биродарингнинг челагига қуйиб бермоғинг садақадир”, дедилар».
Садақа қилиш қанчалар улуғ иш эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Кишилар Аллоҳдан савоб умидида мол-дунё сарфлаб, садақа қиладилар.
“Садақа” сўзи тасдиқ маъносини билдиради. Яъни, садақа қилган одамнинг ҳақиқий имон соҳиби экани тасдиқланади.
Ушбу ҳадиси шарифдан молу дунё сарфламай ҳам, садақа қилган кишининг савобини ва у эришган даражаларга эришиш мумкинлигини тушунсак бўлади. Киши ўзининг ҳусни хулқи ила садақа қилганнинг савобини олиши ва ўша даражага етиши мумкин.
Очиқ юзли бўлиш ҳусни хулқнинг бир шохчасидир. Исломда кишилар орасидаги ўзаро муомалаларга бу даражада эътибор берилганлигидан садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам бошқа бировга табассум қилишининг ўзи ҳам етарли ҳисобланмоқда. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандай гўзал жамият бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.
Инсон биродарларини яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши жуда улуғ ишлардан. Ана шу иш гўзал иш бўлиб қолмай, яна садақа каби савобга эриштиради. Бир одамни бирор яхши ишга тарғиб қилиш ҳам катта савобга сазовор этади. Бир одамни бирор ёмон ишдан қайтариб қолиш ҳам ана шундай савобга ҳақли қилади.
Кишиларнинг йўлида тошми, тиканми, суякми ёки шуларга ўхшаш нарсалар сочилиб ётибди. Ўша нарсалар йўловчиларга халақит бермоқда, уларнинг кўнглини ғаш қилмоқда. Аммо негадир улардан бирортаси ўша озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Чунки улар бу ишнинг катта савоблигини билишмайди. Улар бунга ўхшаш ишларни қилиб, садақа қилганнинг савобини олиш руҳида тарбия топмаганлар. Шу аснода ҳусни хулқли бир одам пайдо бўлди-ю, йўлни тозалаб қўйди. Ўша йўлдан ўтувчи ҳар бир одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг.
Бир киши челагини ёки идишини кўтариб олиб, ўзига керак сув ёки бошқа бир нарсани излаб юрибди. Ўша онда у мазкур нарсага жуда ҳам муҳтож. Ўша орзу қилинган нарсадан озгина бўлса, унинг ҳожати раво бўлади. Аммо одамлар уни кўрмагандек, зорланишини сезмагандек, бепарво ўтиб кетмоқдалар. Баъзилари ўша арзимаган миқдордаги нарса учун пул сўрамоқдалар. Шу аснода ҳусни хулқли бир одам пайдо бўлди, ўзининг челагидан биродарининг челагига мазкур нарсадан қуйиб берди. Муҳтож одамнинг қанчалар хурсанд бўлишини ўйлаб кўринг.
Бу гаплардан кейин ҳусни хулқли бўлишнинг ўзи нима учун садақа қилишга тенглаштирилишини тушуниш қийин эмас.
Ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалардан яна бири: мусулмон биродарига ҳусни хулқ билан муомала қилиш.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўради”, дедилар».
Бу ҳадисдан қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб, жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши кераклиги, ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, чиркин сўзларни кўп айтадиган киши бўлиш эса, Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлиши уқтирилмоқда.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «У зот: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади”, деганларини эшитдим” дедилар».
Кундузларни рўза тутиб, кечаларни ухламай, тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундай бўлади. Худди шунингдек, ўзига фарзу вожиб амалларни бажариб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб топаман, деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришиши мумкин.
Умуман, ҳусни хулқ бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга, кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Ҳусни хулқли одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. Ҳусни хулқли киши ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўрашди. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ”, дедилар. У зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўрашди. У зот: “Оғиз ва фарж”, дедилар».
Аллоҳга тақво қилиш нима эканлигини ва у билан банда қандай олий даражаларга етишувини ҳаммамиз яхши биламиз. Банда ҳусни хулқи билан ҳам олий даражаларга эришиши мумкин.
Аллоҳга тақво қилишга ҳусни хулқ ҳам қўшилса, нақадар улуғ иш бўлади. Зеро, бу икки нарса бир-бири билан чамбарчас боғлангандир.
Банда оғзидан чиққан бир оғиз сўз орқали улкан саодатга эришгани каби, катта бадбахтликка йўлиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун тилга эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, банда фаржини ҳаромдан тиймаса, дўзах аҳлидан бўлиб қолиши мумкин. Бу борада ҳам ўта ҳушёр бўлмоқ зарур.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар».
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадиси шарифларида учта зарур ишни лозим тутишни насиҳат қилмоқдалар:
– Банда қайси жойда бўлса ҳам, қандай ҳолда бўлса ҳам, доимо Аллоҳга тақво қилишни тарк этмаслиги лозим.
– Банда билмасдан бирор ёмонлик қилиб қўйса, дарҳол ўша ёмонликнинг кетидан яхшилик қилиб, мазкур ёмонликни ўчириб юбориши зарур.
– Мўмин-мусулмон банда барча одамлар билан ҳусни хулқ ила муомалада бўлмоғи керак.
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшингиз ҳусни хулқли бўлганингиздир”, дедилар».
Шунинг учун энг яхши мусулмон бўлайин деган киши тақволи, ҳусни хулқли бўлишга ҳаракат қилиши лозим.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм